САККИЗ ЙИЛЛИК ПАРВОЗДАН СЎНГ КОСМИК АППАРАТ МЕРКУРИЙГА ЕТИБ БОРДИ
ESA ва JAXA ҳамкорлигида яратилган BepiColombo аппарати саккиз йиллик парвоздан сўнг Меркурий орбитасига муваффақиятли кирди. Миссия сайёранинг сирти, ядроси ва магнит майдонини ўрганиб, Қуёш тизими тарихи ҳақида янги маълумот бериши кутилмоқда.
Европа космик агентлиги (ESA) ва Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (JAXA) ҳамкорлигида яратилган BepiColombo космик аппарати саккиз йиллик саёҳатдан сўнг Меркурий орбитасига муваффақиятли кирди.
2018 йил 20 октябрда учирилган аппарат 2026 йил 21 ноябрда Қуёшга энг яқин сайёрага етиб борди. Бу инсониятнинг Меркурийни орбитадан ўрганишга қаратилган иккинчи космик миссиясидир. Бунгача NASAнинг MESSENGER аппарати 2011–2015 йилларда сайёра атрофида тадқиқот олиб борган.
Меркурий Ерга нисбатан яқин бўлса-да, унга етиб бориш Марсга учишдан ҳам мураккаброқ. Сабаби, Қуёшнинг кучли тортишиш майдони космик аппарат тезлигини бошқаришни қийинлаштиради. Шунинг учун BepiColombo саккиз йил давомида Ер, Венера ва Меркурий атрофидан бир неча бор айланиб ўтиб, тезлигини босқичма-босқич пасайтирган.
Миссия иккита илмий аппаратдан иборат. Европага тегишли MPO Меркурийнинг сирти, ички тузилиши ва геологик тарихини ўрганади. Япониянинг Mio аппарати эса сайёранинг магнит майдони ва Қуёш шамоли билан ўзаро таъсирини тадқиқ этади.
Аппаратлар декабрь ойида ажратилади. Асосий илмий кузатувлар 2027 йил апрелида бошланиши режалаштирилган.
Олимларни бир савол қизиқтирмоқда: нима учун Меркурийнинг улкан металл ядроси бор ва у қандай шаклланган? Янги тадқиқотлар бу саволга жавоб топиш, шунингдек, Қуёш тизимидаги сайёраларнинг пайдо бўлиш тарихини яхшироқ тушуниш имконини бериши мумкин.
Миссиянинг умумий қиймати қарийб 2 миллиард долларга тенг. Инсоният саккиз йил давомида миллиардлаб километр масофани босиб ўтиб, Қуёш тизимидаги энг кам ўрганилган сайёралардан бирининг сирларини очишга яна бир қадам яқинлашди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг