Инсон энди сунъий интеллектдан эътиқод ва илоҳиётга оид масалаларда ҳам маслаҳат сўрай бошлади.

Бир қарашда бунда хавф йўқ. Ахир одам интернет пайдо бўлгандан бери диний саволларга жавобни тармоқдан қидиради. Аммо генератив сунъий интеллект билан боғлиқ вазият мутлақо бошқача. Google сизга манбаларни кўрсатади. Китоб муаллифнинг фикрини беради. Диний уламодан эса кимнинг фикрини эшитаётганингизни биласиз. Сунъий интеллект минглаб манбалардаги маълумотни қайта ишлаб, сизга ягона ва равон жавоб беради. Муаммо айнан шу ердан бошланади.

АХБОРОТ ВА ЭЪТИҚОД ОРАСИДАГИ ЧЕГАРА

Сунъий интеллект дин ҳақида жуда кўп нарсани “билиши” мумкин. У муқаддас матнларни топади, диний атамаларни тушунтиради, турли конфессиялар қарашларини таққослайди, матнларни таржима қилади. Аммо диний билим фақат маълумотлар йиғиндисидан иборат эмас.

Масалан, “Исломда бу иш мумкинми?” деган саволнинг жавоби баъзан бир жумлага сиғмайди. Қайси мазҳаб? Қандай вазият? Қандай шартлар? Қайси манба ва қайси уламолар талқини?

СИ фойдаланувчи кутганидек аниқ жавоб беришга мойил. Шундай экан, асли баҳсли бўлган масала қатъий ҳукмдек, бир диний мактабга хос қараш умумий позициядек кўриниши мумкин.

Бундан ҳам муҳимроғи — генератив моделнинг ишончли оҳангда гапириши унинг жавоби тўғри эканини англатмайди. СИ диний билимни демократлаштириши билан бир вақтда янги муаммони ҳам туғдиради: ахборотга кириш осонлашади, аммо унинг манбасини аниқлаш қийинлашади.

ЭНГ КАТТА ЎЗГАРИШ — ДИНИЙ БИЛИМНИ КИМ ЕТКАЗАЁТГАНИДА

Асрлар давомида диний билим инсондан инсонга ўтган. Устоз — шогирдга, уламо — жамоатга, руҳоний — ибодат қилувчига, ота-она — фарзандга ўргатган.

Кейин китоб, радио, телевидение ва интернет пайдо бўлди. Лекин буларнинг барчаси восита эди. Улар инсон томонидан яратилган диний мазмунни бошқа инсонга етказарди.

Генератив СИ эса маълумотни танлайди, қисқартиради, бирлаштиради, талқин қилади ва янги матн шаклида қайта тузади. Бу жуда катта фарқ.

Масалан, инсон диний китобдан жавоб излаганда манба олдида туради. Интернетда мақола ўқиганда муаллифини кўриши мумкин. СИ билан мулоқотда эса манбалар кўпинча кўринмайди. Хўш, СИ диний билимни кимнинг талқини асосида қайта ишлаяпти?

“РАҚАМЛИ УЛАМО” ПАЙДО БЎЛАДИМИ?

Инсон баъзи саволларни бошқа инсонга беришдан уялиши мумкин. Айниқса гуноҳ, шахсий муносабатлар, оила, виждон, шубҳа ёки эътиқод инқирози билан боғлиқ саволларни. Машина олдида бундай ижтимоий тўсиқ йўқ. СИ сизни айбламайди. Саволингизни ўн марта такрорласангиз ҳам жаҳли чиқмайди. Тунги соат учда ҳам жавоб беради. Мулоқотни сиз хоҳлаган тилда давом эттиради. Бу қулайлик инсонни аста-секин СИга ишонишга ўргатиши мумкин.

Аввалига: “Бу оятнинг маъноси нима?”; Кейин: “Бу иш динимда мумкинми?”; Ундан кейин: “Мен қандай йўл тутишим керак?” деб сўраймиз. Биринчиси — ахборот сўрови. Иккинчиси — диний талқин. Учинчиси инсон ҳаётига таъсир қилувчи маслаҳат.

СИ биринчи вазифани жуда яхши бажариши мумкин. Аммо кейинги икки босқичда масала алгоритм имкониятидан кўра ваколат ва масъулият масаласига айланади. Чатбот нотўғри маслаҳат берса, унинг маънавий масъулияти йўқ. Жараённинг иккинчи томони янада қизиқ. СИ дин соҳасига кириб келаётган бўлса, диний жамоалар ҳам сунъий интеллект қандай ривожланиши ҳақидаги баҳсдан четда қолишни истамайди. Технология бирданига диний ақидаларни ўзгартириб юбораётгани йўқ. Лекин у инсоннинг дин билан муносабатга кириш усулини ўзгартирмоқда. Бу тарихда биринчи марта содир бўлаётган ҳодиса эмас.

Босмахона муқаддас матнларни кенг оммага етказди. Радио диний нутқни масофадан эшитиш имконини берди. Телевидение диний маросимларни уйга олиб кирди. Интернет ҳар қандай диний маълумотни бир неча сонияда топиш имконини яратди.

Интернетда барча тиллар ва маданиятлар бир хил даражада ифодаланмаган. Инглиз тилидаги диний ресурслар миқдори билан кичик тиллардаги ресурсларни солиштириб бўлмайди. Айрим диний мактаблар ҳақида миллионлаб саҳифалар мавжуд, бошқалари эса рақамли маконда кам акс этган.

СИ катта ҳажмдаги рақамли материал асосида ўрганса, рақамли маконда кўпроқ мавжуд бўлган қарашлар унинг жавобларида ҳам кўпроқ акс этади.

ЭЪТИҚОДНИ ШАХСГА МОСЛАШ ХАВФИ

Ижтимоий тармоқ алгоритмлари инсонга у ёқтирадиган контентни кўрсатади. Генератив СИ бундан ҳам олдинга ўтиши мумкин: у жавобни айнан сизга мослаб беради. Бу таълим ёки иш жараёнида катта афзаллик. Агар ҳар бир инсон ўз қарашлари ва хоҳишларига мос диний тушунтириш ола бошласа, умумий диний авторитетнинг ўрни қандай бўлади?

Шундай шароитда инсон ҳақиқатни излаяптими ёки ўз фикрини тасдиқлайдиган алгоритмик жавобни излаяптими — буни ажратиш тобора қийинлашади.

Бир вақтлар интернет диний билимни рақамлаштирган бўлса, сунъий интеллект энди уни мулоқотга айлантирмоқда. Бу мулоқотнинг охири қаерга боришини ундан қандай фойдаланишни танлаган инсон белгилайди.