ЎЗБЕКИСТОН ИЛМ-ФАНГА ҚАНЧА ПУЛ АЖРАТИШИ КЕРАК?
Ўзбекистон ЯИМидан илм-фанга ажратилаётган маблағ ҳозирча 0,1 фоиз атрофида, етакчи давлатларда эса бу кўрсаткич 3–5 фоиз. Мақолада маблағни неча баробар ошириш кераклиги ва тизимни қандай ислоҳ этмасак, сарфланган пул самара бермаслиги таҳлил қилинади.
Ўзбекистон илм-фанига қанча маблағ ажратиш керак? Мамлакатда ҳар йили юзлаб диссертациялар ҳимоя қилиниб, минглаб илмий мақолалар чоп этилса-да, уларнинг иқтисодиётга таъсири йўқ.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистоннинг илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфлаган маблағи ялпи ички маҳсулотнинг атиги 0,1 фоизини ташкил этган. Таққослаш учун, Жанубий Кореяда бу кўрсаткич қарийб 5 фоиз, Германия ва Японияда эса 3 фоиздан юқори.
Ўзбекистоннинг 2026 йилги ЯИМи 2 183 триллион сўм атрофида прогноз қилинган. Агар илм-фанга ЯИМнинг 1 фоизи ажратилса, бу йилига 21,8 триллион сўм, 2 фоизи ажратилса, 43,7 триллион сўм дегани.
Демак, мамлакат илмий салоҳиятини жиддий ривожлантириш учун тадқиқот харажатларини босқичма-босқич ЯИМнинг камида 1 фоизига етказиш мақсадга мувофиқ. Бироқ муаммо фақат маблағ етишмаслигида эмас.
Бугун олимлар фаолияти мақолалар, индекслар, диссертациялар, конференциялар ва ҳисоботлар сони билан баҳоланади. Янги технология, патент, дастурий маҳсулот ёки ишлаб чиқаришга жорий этилган илмий ишланмалар эса мисқолчалик рағбатлантирилмайди.
Университетларда профессор-ўқитувчиларнинг катта ўқув юкламаси, ортиқча ҳужжатбозлик ва ташкилий вазифалар жиддий илмий тадқиқотларга вақт ажратишни қийинлаштиради. Замонавий лабораториялар, барқарор грантлар ва хусусий сектор буюртмаларининг чекланганлиги вазиятни янада мураккаблаштиради.
Қарийб 50 йил аввал учирилган Американинг «Вояджер-1» космик аппарати бугун ҳам фазода ҳаракатланмоқда. Бу узоқ муддатли илмий инвестициялар, кучли муҳандислик мактаблари ва тадқиқотларни изчил қўллаб-қувватлаш қандай натижа бериши мумкинлигининг ёрқин мисолидир.
Ўзбекистонда ҳам илм-фанни иқтисодий тараққиётнинг ҳақиқий кучига айлантириш учун молиялаштиришни ошириш билан бирга, уни бошқариш тизимини ўзгартириш зарур. Давлат маблағлари очиқ рақобат асосида тақсимланиши, университетлар саноат корхоналари билан ҳамкорлик қилиши, олимлар илмий натижаларига қараб рағбатлантирилиши керак.
Илм-фаннинг ривожланиши ҳимоя қилинган диссертациялар ва чоп этилган мақолалар сони билангина эмас, яратилган технологиялар, ҳал этилган муаммолар ва иқтисодиётга қўшилган ҳисса билан ҳам баҳоланиши лозим. Акс ҳолда, илм-фанга қанча маблағ ажратилмасин, унинг катта қисми ҳисоботларда акс этиб, реал иқтисодиётда кутилган натижани бермаслиги аниқ.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг