49 ЙИЛ АВВАЛ ФАЗОГА УЧИРИЛГАН КЕМА ЕРДАН БИР ЁРУҒЛИК КУНИ МАСОФАСИГА УЗОҚЛАШМОҚДА
1977 йили учирилган «Вояджер-1» зонди бугун Ердан тахминан 26 миллиард км, яъни бир ёруғлик куни масофасига яқинлашди. У инсоният яратган энг узоқка учиб борган аппарат бўлиб, юлдузлараро фазодан ҳамон ноёб маълумот юбормоқда.
1977 йилда фазога учирилган Американинг «Вояджер-1» зонди Ердан тахминан 26 миллиард километр масофага узоқлашди. Бу масофани қуёш ёруғлиги қарийб 24 соатда босиб ўтади.
NASA маълумотларига кўра, «Вояджер-1» инсоният томонидан яратилган энг узоққа учиб борган космик аппарат ҳисобланади.
Зонд 1977 йил 5 сентябрда учирилган ва 2012 йилда юлдузлараро фазога кирган. Ҳозир у секундига тахминан 17 километр тезликда ҳаракатланмоқда. Аппарат бортидаги иккита илмий асбоб ҳануз фаолиятда давом этяпти.
«Вояджер-2» 1977 йил 20 августда, яъни биринчи зонддан 16 кун аввал учирилган. Унинг ҳаракат тезлиги секундига 15,4 километрни ташкил этади. Ҳисоб-китобларга кўра, аппарат 2035 йил ноябрида бир ёруғлик куни масофасига етиши мумкин.
Олимлар учун «Вояджер» аппаратлари юлдузлараро муҳитни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Қарийб ярим асрдан буён парвоз қилаётган ушбу зондлар Қуёш тизимидан ташқаридаги фазо ҳақида ноёб илмий маълумотларни Ерга узатишда давом этяпти.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг