“САМАРҚАНД-2028” СУНЪИЙ ЙЎЛДОШИ ОРБИТАГА ЧИҚАРИЛДИ
Хитой денгиз старт платформасидан «Самарқанд-2028» гиперспектрал сунъий йўлдоши муваффақиятли учирилди. Лойиҳа Ўзбекистоннинг космик дастури ва сунъий интеллект технологиялари ривожида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда.
Бугун 5 август куни STAR.VISION компанияси томонидан Хитойнинг Шаньдун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз старт платформасидан Самарқанд-2028 ва Lampung-1 гиперспектрал сунъий йўлдоши учирилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон тарихидаги энг йирик халқаро космик лойиҳалардан бири бўлиб, миллий космик дастур ривожида янги босқични бошлаб берди. Шунингдек, у Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида “Ўзбеккосмос” агентлиги мутахассислари томонидан сунъий йўлдош борти учун махсус сунъий интеллект модули ишлаб чиқилди. Ушбу технология гиперспектрал маълумотларни бевосита орбитада қайта ишлаш имконини бериб, маълумотларни узатиш ва таҳлил қилиш самарадорлигини оширади.
“Самарқанд-2028” миссияси қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурсларни мониторинг қилиш, сув ресурсларини бошқариш, фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишларда космик технологиялардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Сунъий йўлдошга “Самарқанд-2028” номи берилиши рамзий аҳамиятга эга. Ушбу ном 2025 йилда Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгрессида (IAC) қабул қилинган қарор билан 2028 йилги конгресс Самарқанд шаҳрида ўтказилиши белгиланганига ишора қилади.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг жаҳон космик ҳамжамиятидаги иштирокини кенгайтириш, миллий муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект ва космик технологиялар йўналишида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг