Сунъий интеллект аста-секин илмий тадқиқотларни текшириш жараёнига ҳам кириб келмоқда. Энди махсус SI-агентлар тадқиқотлардаги хатолар, зиддиятлар ва шубҳали маълумотларни ҳам излаши мумкин.
Бундай тизимлар математик ҳисоб-китоблар, статистик маълумотлар, библиографик манбалар ва илмий хулосаларни автоматик таҳлил қилади. Улар муаллифларнинг даъволарини аввалги тадқиқотлар билан солиштириб, бир-бирига мос келмайдиган натижалар ёки қўшимча текширишни талаб қиладиган жойларни аниқлашга ёрдам беради.

Бу йўналишдаги қизиқарли мисоллардан бири 2024 йилда қора пластик ошхона буюмларидаги кимёвий моддалар ҳақида чоп этилган тадқиқотни текширишда кузатилди. Кейинчалик олимлар ушбу ишда математик хатолик бўлганини аниқлашди: хавфсизлик даражаси билан боғлиқ ҳисоб-китоблар модда таъсирини амалдаги кўрсаткичдан тахминан ўн баравар юқори баҳолаган. Тадқиқотчилар замонавий SI модели бундай хатони жуда тез аниқлаши мумкинлигини кўрсатди.

SI илмий мақолаларнинг бошқа жиҳатларини ҳам текшириши мумкин. Масалан, махсус воситалар шубҳали тасвирларни, маълумотларни сохталаштириш эҳтимолини, иқтибослардаги муаммоларни ва бошқа камчиликларни аниқлашга ёрдам беради.

2026 йилда бу технология янада ривожланди. Олимлар бир нечта SI-агентдан иборат тизимларни ишлаб чиқмоқда. Улар илмий адабиётларни қидиради, гипотезаларни шакллантиради, уларни танқидий баҳолайди, маълумотларни таҳлил қилади ва тадқиқотнинг кейинги босқичларини таклиф этади.

Масалан, Nature журналида эълон қилинган Robin тизими биологияда гипотеза яратиш ва экспериментал маълумотларни таҳлил қилиш жараёнларини автоматлаштиришга мўлжалланган.

Бироқ мутахассислар SI ҳозирча олимнинг ўрнини тўлиқ боса олмаслигини таъкидламоқда. Сунъий интеллектнинг ўзи ҳам хато қилиши, маълумотларни нотўғри талқин қилиши ёки ишонч билан нотўғри хулоса бериши мумкин. Шунинг учун ҳозирги босқичда энг мақбул ёндашув — инсон ва сунъий интеллект ҳамкорлиги: AI катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор текширади, якуний илмий баҳони эса мутахассис беради.

Шу тариқа, сунъий интеллект оддий матн ёзиш воситасидан «рақамли тақризчи» вазифасини бажара оладиган технологияга айланади. Унинг энг катта устунлиги — инсонга бир неча кун ёки ҳафта керак бўладиган улкан ҳажмдаги илмий маълумотларни қисқа вақт ичида таҳлил қила олишидир