Педагогика соҳасидаги диссертациялар танқидлар марказида қолмоқда. Айрим илмий мавзулар мисол қилиб кўрсатилиб, бутун соҳа самарасиз ёки аҳамиятсиз деган фикр шакллантирилди. Бироқ рақамлар бу тасаввурни тасдиқламайди.

Таҳлил қилинган диссертация мавзулари базасига кўра, «Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси» йўналишида 19 466 та, «Педагогика назарияси» бўйича эса 6 529 та илмий тадқиқот тугалланган.

Республика миқёсида шу ихтисосликлар мос равишда 58 та ва 43 та ташкилотда ривожлантирилмоқда.

Бу кўрсаткичлар педагогика «кўпайиб кетганини» эмас,  таълим сифати, малакали ўқитувчилар тайёрлаш ва инсон капиталига қаратган эътиборни акс эттиради. Таълим тизими қанча катта бўлса, уни илмий асосда такомиллаштиришга бўлган эҳтиёж ҳам шунча юқори демак.

Бугунги кунда педагогика фақат дарс ўтиш усулларини ўрганадиган соҳа эмас. Ҳозир педагогика таълим жараёнини ташкил этиш, компетенцияларни шакллантириш, синфни бошқариш, мотивация бериш, рақамли технологиялардан фойдаланиш ва ҳар бир ўқувчи учун самарали таълим муҳитини яратиш билан ҳам шуғулланади. Соҳада компетенция билан боғлиқ тадқиқотлар сони 2022 йилдаги 69 тадан 2025 йилда 524 тага, инклюзив таълим бўйича мавзулар эса 2022 йилдаги 3 тадан 2026 йилда 98 тага етди. Бу эса педагогика назариётда замонавий эҳтиёжларга мос равишда трансформацияланаётганини кўрсатади.

Лекин нега бу тадқиқотлар натижалари мактаблар, олий таълим муассасалари ва малака ошириш тизимига тўлиқ жорий этилмаяпти? Муаммо тадқиқотлар сонида эмас, уларни амалиётга татбиқ этиш механизмларининг етарли даражада ишламаётганида. Бор юкни диссертант бўйнига илиш – хато. Таълим вазирлиги мавжуд тадқиқотларни мониторинг қилиб,  энг долзарбларини амадиётга тадбиқ қилишни йўлга қўйсин.

Бу таклифдан сўнг ОАК йўқ каллага салла қўндиришга уриниб тугалланмаган диссетацияларни жорийлантиришга зўр бермасин. Аксинча тугалланган тадқиқотларни дарслик, дастурларга сингдириш илмий иш ҳимоясидан мустақил равишда амалга оширилиши шарт. Ана шунда гуманитар соҳа бўлган педагогикадан ҳирш индекс талаб қилишга ҳам ҳожат қолмайди. Кимнинг тадқиқоти амалда кўпроқ қўлланган бўлса, демак, самараси ҳам, миллий рейтинги ҳам юқори бўлади.

Бугунги ўқитувчига кечаги ёндашувлар эмас, эртанги кун талабларига жавоб берадиган технологиялар ва методикалар зарур. Бугунги ўқувчига мустақил фикрлашни ўргатадиган таълим керак. Педагогикани танқид қилиш осон. Аммо унинг илмий натижаларини таълим тизимига самарали жорий этиш фақат саводли раҳбариятнинг қўлидан келадиган ҳақиқий ислоҳотдир.