«Содир бўлаётган воқеалар тасодифий ёки расмий баён қилингани каби эмас, уларни кимдир атайлаб режалаштирган ва ҳақиқатни яширмоқда» – фитна назариясининг моҳияти шу.

Фитна назариялари инсоният тарихи давомида мавжуд бўлиб келган. Бироқ интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожланган сари уларнинг тарқалиш тезлиги ҳам, таъсир доираси ҳам кескин ошди. Бугунги кунда миллионлаб одамлар мавжуд воқеликнинг конспирологик талқинига жон деб ишонишади. Йўқ, одамлар содда ёки билимсиз эмас. Конспирологияга мойиллик инсон психологиясидаги «олабўжи» (bug).

Миямиз тартибсизликни ёқтирмайди. Катта фожиа ёки кутилмаган воқеа юз берса, одам “Нега бундай бўлди?” деган саволга жавоб излайди. Расмий жавоблар баъзан “тасодиф”, “хатолик” ёки “кутилмаган омил” билан изоҳланади. Лекин инсон онги катта оқибат катта сабабга эга бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

Масалан, поп мусиқа ихлосмандлари Майкл Жексон тириклигига ишонишади. Миллиардерлар чақалоқ истеъмол қилишини таъкидлайдиганлар бор. Ер шарсимон эмас, текис, NASA ва бошқа космик агентликлар эса буни яширмоқда. Машҳур сиёсатчилар, банклар ва корпорациялардан иборат яширин элита бутун дунё сиёсатини ва иқтисодиётини бошқариб туради.  Ўзга сайёраликлар аллақачон Ерга келган, ҳукуматлар эса бу ҳақиқатни халқдан яширмоқда.  Мана шулар энг оммабоп конспирологияларга мисол бўлади.

Инсон тасодифларни бир-бирига боғлашга мойил.  Психологияда бу апофения деб аталади. Яъни одам ҳақиқатда мавжуд бўлмаган боғлиқликларни ҳам кўра бошлайди. Пандемия бошланган пайтда айрим давлатларда 5G мобил алоқаси жорий этилаётган эди. Шунинг учун айримлар коронавирусни айнан 5G тарқатаяпти, деган хулосага келишди. Илмий жиҳатдан бу икки ҳодиса ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ, лекин вақт жиҳатидан бир пайтга тўғри келгани одамларда сохта боғланиш ҳиссини уйғотди.

Инсон ўз фикрини тасдиқлайдиган маълумотни кўпроқ қабул қилади Бу мойиллик confirmation bias деб аталади. Агар одам ҳукуматга ишонмаса, у интернетдан айнан ҳукумат ёлғон гапиряпти деган видеоларни қидиради. Унинг аксини кўрсатувчи далиллар эса “сохта” деб қабул қилинади. Масалан, вакцинага ишонмайдиган одам юз миллионлаб одамлар эмланганини эмас, балки вакцинадан кейин асорат олган битта одам ҳақидаги видеони эслаб қолади.

Ижтимоий тармоқ алгоритмлари эса ишончни кучайтиради.  YouTube, Facebook, Telegram ёки TikTok сизга қизиқ бўлган мавзуларни яна ва яна тавсия қилади. Бир хил фикрдагилар ичида қолиб кетасиз. Бир марта “Ойга қўниш сохта” деган видеони кўрган одамга кейин яна ўнлаб шунга ўхшаш видеолар чиқади. Вақт ўтиши билан одамда “ҳамма шу фикрда экан” деган тасаввур пайдо бўлади, алгоритм яратган ахборот муҳитида яшай бошлайди.

Фитна назариялари оммалашишининг яна бир сабаби — тарихда ҳақиқий яширин операциялар бўлганидир.

Масалан. 1972 йилги Уотергейт можароси АҚШ президенти Ричард Никсон маъмуриятининг ноқонуний ҳаракатларини фош қилди. MKUltra дастури доирасида АҚШ Марказий разведка бошқармаси инсон психологияси устида махфий тажрибалар ўтказгани кейинчалик расман тан олинди.
Шу сабабли баъзи одамлар “бир марта яширган бўлса, яна ҳам яшириши мумкин”, деган хулосага келишади. Бироқ бу мантиқ ҳар қандай даъвони автоматик равишда ҳақиқатга айлантирмайди.

Фитна назариялари одатда жуда содда сюжетга эга. Конспиролог одам шундай ўйлайди: дунёдаги ҳамма муаммонинг сабабчиси битта махфий гуруҳ – масонлар, сионистлар,  сиёсатчи ва бойлар. Оммавий ахборот воситалари ҳақиқатни яширади. Ҳақиқатни фақат “уйғоқ” одамлар билади.
Бундай хаёллар одамга ўзига хослик ва муҳимлик ҳиссини беради. У ўзини “ҳамма билмайдиган сирни билувчи инсон” сифатида ҳис қила бошлайди.

Фитна назариялари кўпинча қизиқарли ва ишонарли ҳикоя сифатида тақдим этилади. Бироқ ҳиссиёт ёки шубҳа ҳақиқатнинг ўрнини боса олмайди. Шунинг учун ҳар қандай конспирологияни ишончли манбалар, мустақил текширувлар ва аниқ далиллар асосида баҳолаш муҳим. Танқидий фикрлаш қобилияти барчамизга насиб қилсин.