Элтузарга келиб тушган мурожаатда Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг Тошкент шаҳар филиалида ишга келмайдиган ходимлар номига маош ёзилиши ва бу маблағлар бошқа шахслар томонидан ўзлаштирилиши иддао қилинмоқда. Мурожаатда ушбу ҳолатлар юзасидан текширув ўтказиш сўралган.

Мурожаатда айтилишича, филиалда боғбон, электрик, сантехник ва бошқа лавозимларда расман ишга қабул қилинган, аммо амалда ишга келмайдиган 20 нафардан ортиқ ходим бор. Уларнинг номига ҳисобланаётган иш ҳақи эса ўзга шахслар қўлига ўтаётгани даъво қилинган.

Энг жиддий иддаолардан бири – мазкур ходимларнинг маош тушадиган банк карталари муассасадаги айрим масъуллар, жумладан, бухгалтерия ва кадрлар бўлимига алоқадор шахслар қўлида сақланиши ҳақида. Мурожаатда бу карталардаги пуллар нақдлаштириб олиниши айтилган.

Шунингдек, бир ходимнинг бир вақтнинг ўзида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиалларида штатда туриб маош олиши, унинг амалда ишга келиши эса назорат қилинмаслиги иддао қилинмоқда.

Мурожаатда айрим экспертларнинг бошқа ҳудудлардаги фаолиятини ҳам ўрганиш сўралган. Бу ҳолатлар бўйича ҳуқуқий хулоса чиқариш учун тегишли ҳужжатлар ва ишлаш асосларини текшириш зарур.

Мурожаатда тилга олинган ходимларнинг ишга келиб-кетиш табеллари, Face ID қайдлари, кузатув камералари ёзувлари ва маош карталаридаги операцияларни ўзаро солиштириш таклиф этилган. Айнан шу маълумотлар ким амалда ишлагани, кимга қанча маош ҳисоблангани ва маблағлар қандай ечиб олинганига аниқлик киритиши мумкин.

Мурожаатда баён этилган ҳолатлар тасдиқланса, давлат маблағларининг эҳтимолий талон-торож қилинишига ҳуқуқий баҳо бериш масаласи туғилади.

Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва тегишли назорат органларининг мазкур иддаолар бўйича изоҳи муҳим: филиалда қанча ходим амалда ишлаяпти, давомат қандай текшириляпти ва маош тўловлари устидан назорат қай тартибда олиб бориляпти?