Стратегик маданиятга “хўрак” сифатида муносабатда бўлиш деганда муайян миллат ёки гуруҳнинг олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган одатлари, тарихий хотираси ва асосий қадриятларидан уни тузоққа илинтириш учун фойдаланиш тушунилади. Рақиблар жамият онгига чуқур сингиб кетган ана шу қарашларни қуролга айлантириб, қарши томонни ўзларининг яширин мақсадларига хизмат қиладиган қатъий ёки ҳиссий реакцияга мажбур қилиши мумкин.

Бошқача айтганда, муайян миллат учун муқаддас ва дахлсиз деб ҳисобланган нарса унинг ўзига қарши ишлатилиши мумкин. Ёки рақиб бошқаларга яхши маълум бўлган ўз стратегик маданиятидан уларни чалғитиш ва алдаш учун фойдаланиши мумкин.

Масалан, турклар Константинополни забт этишидан олдин улар асосан қуруқликда ҳаракат қилувчи ҳарбий куч экани кенг тарқалган қараш эди. Бу тушунча туркларнинг ўша даврдаги стратегик маданияти билан бевосита боғлиқ эди. Шунинг учун Византия императори турклар Константинополни қамал қилиб, уни эгаллай олмайди, деган қатъий ишончда бўлган.

Меҳмет II Фотиҳ эса айнан Византия империясида турклар ҳақида шаклланган – “улар фақат қуруқликда жанг қила олади” деган қарашни Византиянинг ўзига қарши ишлатишга қарор қилди.

1453 йилда 21 ёшли Усмоний султони Меҳмет II 53 кунлик қамалдан сўнг Константинополни забт этди. У шаҳарни қуруқлик ва денгиздан қамал қилди, қадимий Феодосий деворларини бузиш учун ўша давр учун улкан ва янги тўплардан фойдаланди, кемаларни қуруқлик орқали судраб Олтин Шох кўрфазига туширди ва 29 май куни уч босқичли ҳал қилувчи ҳужумни бошлади. Усмонийлар бу жангда ғалаба қозонди ва шу тариқа империя нафақат қуруқликдаги, балки денгиздаги қудратга ҳам айланди.

“Кембриж бешлиги” ва Британия стратегик маданияти

Британия давлат хизматчилари ҳамда разведка ва контрразведка тузилмалари ходимларининг катта қисми анъанавий равишда Оксфорд ва Кембриж университетлари битирувчиларидан шаклланган. Бу Британия давлатчилиги ва давлат бошқарувида мустаҳкам ўрнашган анъана эди.

Россия – аниқроғи, Совет разведка хизматлари – Британиянинг айнан шу стратегик маданиятини нишонга олди ва ўзининг энг самарали агентларини шу муҳитдан жалб қилишга муваффақ бўлди. Кейинчалик “Кембриж бешлиги” номи билан машҳур бўлган бу агентлар Британия ҳокимиятининг энг юқори қатламларига, жумладан Ташқи ишлар вазирлиги, MI6, MI5 ва бошқа муҳим тузилмаларга кириб борди.

“Кембриж бешлиги” билан боғлиқ жосуслик можаросидан кейин Британия ҳукумати давлат хизматчилари ва махсус хизматлар ходимларини танлаш манбаларини диверсификация қилишга қарор қилди.

Афғонистонга бостириб кириш ва СССР таназзули

СССР ва унинг стратегик маданиятини диққат билан ўрганган АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ директори Уильям Кейси Совет Иттифоқи ўз чегараларига яқин давлатларда Ғарбга мойил ҳукумат пайдо бўлишига қаратилган ҳар қандай уринишга ўта кескин муносабат билдиришини англаб етган, деган қараш мавжуд.

Совет ҳарбий ва сиёсий доктринасини шакллантирган ана шу стратегик маданиятни ҳисобга олган ҳолда, Кейси бошчилигидаги ЦРУ Афғонистонда яқин орада давлат тўнтариши бўлиши ва АҚШга мойил режим ҳокимиятга келиши ҳақида ёлғон ахборот тарқатгани ҳақидаги талқинлар бор.

Ушбу талқинга кўра, СССР бу “хўрак”ни ютиб, 1979 йилда Афғонистонга қўшин киритди. Бу уруш Совет Иттифоқи ресурсларининг катта қисмини еб битирди ва 1980-йиллар охиридаги иқтисодий инқирознинг чуқурлашувида муҳим омиллардан бири бўлди.

Ўзбекистон қандай хулоса чиқариши керак?

Юқоридаги тарихий мисоллар Ўзбекистон каби нисбатан ёш ва катта геосиёсий тажрибага ҳали тўлиқ эга бўлмаган давлатлар томонидан жиддий ўрганилиши ва улардан зарур хулосалар чиқарилиши лозим.

Чунки халқаро тизим анархик хусусиятга эга: давлатлар ўз яшаб қолиши, таъсирини сақлаб қолиши ва устунликка эришиши учун турли воситалардан, жумладан бошқалар ҳисобига манфаат кўриш имконини берадиган ахлоқан мақбул бўлмаган усуллардан ҳам фойдаланади.

Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ҳозирги муносабатларига назар ташланса, мамлакатнинг хатти-ҳаракатлари кўп ҳолларда унинг сиёсий ва стратегик маданиятидан келиб чиқиб осон тахмин қилиниши мумкинлигини кўриш қийин эмас.

Халқаро майдонда Ўзбекистон ҳақида шундай қараш мавжуд бўлса, мамлакат раҳбарияти бу тасаввурни ҳам ўз манфаатига ишлата олиши керак. Яъни Ўзбекистон олдиндан осон башорат қилинадиган давлат эмас, балки зарур пайтда рақиблар кутмаган, стратегик жиҳатдан пухта ўйланган ва айёр сиёсатни ишлаб чиқиб, амалга ошира оладиган субъектга айланиши лозим.

Бунинг учун энг аввало сиёсий ирода ва зарур интеллектуал, институционал ҳамда моддий ресурсларга сармоя киритиш истаги талаб этилади.

Марказий Осиёнинг заиф стратегик маданияти

Ғарбда кенг тарқалган қарашлардан бирига кўра, Марказий Осиё давлатларининг ярим доимий хусусиятларидан бири – шахсий ва тор сиёсий манфаатларни бир четга суриб, бутун Марказий Осиё минтақасининг умумий манфаатлари йўлида бирлаша олмасликдир.

Ушбу қарашга кўра, минтақадаги авторитар раҳбарлар кўп ҳолларда умумий минтақавий келажакдан кўра ўз режимларининг сақланиб қолиши ҳақида кўпроқ қайғуради.

Россия, АҚШ, Хитой ва бошқа йирик давлатлар узоқ йиллар давомида Марказий Осиёдаги ана шу стратегик маданият ва тарқоқликдан ўз стратегик мақсадларига эришиш учун фойдаланиб келган.

Бу стратегик маданиятдан воз кечиб, келажак ҳақида биргаликда ўйлаш вақти келди.

Бугунги нотинч ва тез ўзгараётган халқаро муҳит шуни кўрсатмоқдаки, бирлик ва жамоавий ҳаракатга таянган миллатлар нафақат яшаб қолади, балки тараққий ҳам этади.

Масалан, Ғарб ўзининг индивидуализмга асосланган стратегик маданиятининг айрим жиҳатларини четга суриб, умумий Европа ғояси атрофида бирлашишга муваффақ бўлди.

Натижада Ғарб марказидаги цивилизацион макон ҳали ҳам глобал тизимда катта таъсир ва устунликни сақлаб қолмоқда: у сиёсий, хавфсизлик ва иқтисодий ўйиннинг кўплаб қоидаларини белгилашда етакчи роль ўйнайди ва бошқа давлатлар ҳам кўп ҳолларда ана шу қоидалар доирасида ҳаракат қилишга мажбур бўлади.