МАРКАЗИЙ ОСИЁ ШИДДАТЛИ РАҚОБАТ МАРКАЗИДА
Марказий Осиё яна йирик ва ўрта кучлар геосиёсий рақобати марказига айланмоқда. Муаллиф тарихий “Катта ўйин” сабоқлари, Россия ва Хитойнинг узоқ муддатли мақсадлари ва минтақавий ҳамжиҳатлик заруриятини таҳлил қилади.
«Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир», – Абдулла Қодирий.
Тадқиқотларимиз натижалари ва таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Марказий Осиё аста-секин Евроосиёдаги стратегик диверсификациянинг ўзига хос синов майдонига айланмоқда. Россиядан ёқилғи етказиб беришдаги узилишлар фонида Тожикистон Эрон ёқилғисига қизиқиш билдирмоқда. Қозоғистонда янги парламент сайловига старт берилди. Жанубий Корея Марказий Осиё давлатлари билан стратегик аҳамиятга эга минераллар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Россия эса айни пайтда минтақа билан ҳарбий ва иқтисодий алоқаларини янада чуқурлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Шаклланаётган манзара аниқ: Марказий Осиё давлатлари бирор ташқи кучни танлаб, қолганларидан воз кечаётгани йўқ – аксинча, улар ўз имкониятлари ва ҳамкорлар доирасини кенгайтиришга интилмоқда.
Бир қарашда, турли соҳаларни қамраб олган муносабатларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш Марказий Осиё давлатлари учун мантиқий йўлдек кўринади. Чунки бу буюк давлатларнинг кучайиб бораётган босими шароитида уларга ўз мустақиллигини сақлаб қолиш имконини бериши мумкин.
Бироқ Марказий Осиё давлатлари буюк кучлар билан муносабат ўрнатар ва улар ўртасидаги кескин рақобат марказида қолар экан, яқин тарих сабоқларига жиддийроқ эътибор қаратиши мақсадга мувофиқ.
Марказий Осиё XVIII аср ва XIX аср бошларида ҳам геосиёсий рақобат марказида бўлган ва бу минтақа учун оғир оқибатлар билан якунланган. Охир-оқибат Марказий Осиё Россия томонидан босиб олинди. Бу жараён, жумладан, Россиянинг Британия билан геосиёсий рақобати – кейинчалик «Катта ўйин» деб аталган кураш билан ҳам боғлиқ эди.
Россия ва Британия каби ташқи кучлар ўзларининг илғор технологиялари ва дипломатик имкониятларидан фойдаланиб, Қўқон ва Хива хонликлари ҳамда Бухоро амирлиги ўртасидаги ўзаро низолардан унумли фойдаланди. Улар бу давлатлар билан алоҳида икки томонлама дипломатик муносабатлар ўрнатиб, бир-бирига қарши гумон ва рақобатни кучайтириб борди.
Бугун технология, геосиёсат, ҳарбий соҳа ва хавфсизлик тизимидаги туб ўзгаришлар туфайли Марказий Осиё яна мураккаб рақобат майдонига айланмоқда. Энди бу ерда фақат буюк давлатлар эмас, балки ўрта кучлар ҳам ўз таъсир доираси ва улушини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Бу кескин рақобатдан хавфсиз чиқишнинг энг муҳим йўли – ҳамжиҳатлик ва минтақавий ҳамкорликни устувор қўйишдир.
Биз – Марказий Осиё халқлари, ўзбеклар, қирғизлар, тожиклар, қозоқлар, ва туркманлар – асрлар давомида ёнма-ён яшаб келганмиз. Қачонки бу ҳамжиҳатликдан воз кечган бўлсак, босиб олинганмиз, қарам қилинганмиз ва мустақиллигимизни йўқотганмиз.
Шунинг учун минтақада нималар бўлаётганини фақат Путин ёки Си Цзиньпин эмас, балки Марказий Осиёдаги беш давлатнинг ҳар бир президенти яхши билиши керак. Бир давлатда юз бераётган стратегик ўзгариш қолган тўрт давлат учун ҳам бегона масала эмас.
Марказий Осиё мамлакатлари, аввало, Россия ва Хитойнинг узоқ муддатли мақсадларига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Чунки бу икки давлатнинг минтақа ҳудудлари, тарихий чегаралари ва таъсир доирасига оид қарашлари Марказий Осиё хавфсизлиги учун бевосита аҳамиятга эга.
BBC Uzbek маълумотларига кўра, Россия Марказий Осиё давлатлари билан ҳарбий, стратегик ва хавфсизлик соҳасидаги муносабатларини ҳар бир давлат билан алоҳида тарзда янгилаш ва кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Бу жараёнга эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур. Чунки Россия ҳарбий, стратегик ва хавфсизлик соҳаларида кўзлаган мақсадларига эриша олса, бу бутун минтақа учун бир неча авлод давомида сезиладиган оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳар қандай давлат давлатчилигининг энг муҳим устунларидан учтаси – ҳарбий салоҳият, стратегик қарор қабул қилиш ва хавфсизлик тизимидир. Кимки шу соҳаларга таъсир ўтказа олса, келажакда ўша давлатнинг давлатчилик тизими ва сиёсий йўналишини ҳам шакллантириш имкониятига эга бўлади.
Хитой ҳам Марказий Осиёда ҳарбий, стратегик ва хавфсизлик йўналишларига сармоя киритишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, минтақа давлатларининг ҳарбий ва хавфсизлик тузилмалари вакилларини Хитойда ўқитиш, малакасини ошириш ва тажриба алмашиш дастурларига жалб этмоқда.
Мана шундай кўп қатламли, нозик ва мураккаб жараёнлар, шунингдек, халқаро муносабатлардаги ноаниқликлар шароитида Марказий Осиё давлатлари ташқи кучларга қарамликни оширишдан кўра, бир-бирига кўпроқ таяниши керак. Минтақанинг энг ишончли стратегик кафолати ташқи ҳомий эмас, балки Марказий Осиёнинг ўз ичидаги ҳамжиҳатлик, ўзаро ишонч ва минтақавий бирдамлик бўлиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг