ПУТИН ЎЗБЕКИСТОН БИЛАН ҲАРБИЙ БИТИМНИ ЎЗГАРТИРМОҚЧИ
Владимир Путин Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги амалдаги шартномаларини ўзгартириш бўйича музокаралар бошлашга рухсат берди. Қайси бандлар янгиланиши ҳозирча очиқланмаган.
Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасидаги амалдаги шартномаларга ўзгартириш киритиш бўйича музокаралар бошлашни маъқуллади.
Россиянинг расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган фармойишларга кўра, Москва Тошкент ва Остона билан алоҳида протоколлар тузишни режалаштирмоқда. Мазкур протоколлар амалдаги шартномаларнинг айрим қоидаларини янгилаши керак. Бироқ ҳужжатларда қайси бандлар ва ҳамкорликнинг қандай йўналишлари ўзгартирилиши кўрсатилмаган.
Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартнома 2016 йил 29 ноябрда Москвада имзоланган. Ўзбекистон Олий Мажлиси уни 2017 йил март ойида ратификация қилган, шартнома эса ўша йил май ойида кучга кирган.
Россиянинг Қозоғистон билан шу мазмундаги шартномаси 2013 йил 24 декабрда тузилган. Россия ОАВларининг ёзишича, ҳар икки ҳужжат шу пайтгача жиддий қайта кўриб чиқилмаган.
Амалдаги келишувлар қурол-яроғ ва бошқа ҳарбий маҳсулотларни етказиб бериш, техникани таъмирлаш ва модернизация қилиш, қўшма илмий ишланмалар ва ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда тажриба алмашиш каби йўналишларни қамраб олади.
Очиқ манбаларга кўра, Қозоғистон Россиядан Су-30СМ қирувчи самолётлари, Ми-171Ш ва Ми-35М вертолётлари, «Бук-М2Э» ҳамда С-300ПС ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, шунингдек, БТР-80 ва БТР-82А зирҳли транспортёрларини олган. Ўзбекистонга эса Ми-35М вертолётлари етказилгани ва МиГ-29 самолётларини модернизация қилиш ишлари бажарилгани хабар қилинган.
Ҳозирча гап янги ҳарбий иттифоқ тузиш, Россия қўшинларини жойлаштириш ёки янги қурол етказиб бериш бўйича қарор қабул қилингани ҳақида эмас. Эълон қилинган ҳужжатлар фақат амалдаги ҳарбий-техник шартномаларга ўзгартириш киритиш юзасидан музокаралар бошлашга рухсат беради.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг