Қозоғистонда ўзбекистонлик профессор Иқболжон Қорабоев жосусликда айбланиб ҳибсга олинган. 46 ёшли Қорабоев Остонадаги Мақсут Нарикбаев университетида халқаро алоқалар фанидан дарс бериб келган. У Ўзбекистон фуқароси бўлиб, Қозоғистон пойтахтида рафиқаси ва вояга етмаган уч фарзанди билан яшаган.

Қорабоев яқинларининг Би-би-си Ўзбек хизматига айтишича, 3 июль куни фуқаролик кийимидаги бир неча шахс унинг Остонадаги уйига келиб, олиб кетган. Яқинлари ва адвокатига кўра, у Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддаси (“жосуслик”) билан айбланмоқда.

Бу модда давлат сирларини хорижий давлат ёки ташкилот манфаати учун бериш, тўплаш, ўғирлаш ёки сақлашни, шунингдек хорижликларнинг Қозоғистон миллий хавфсизлигига қарши бошқа маълумотлар билан боғлиқ шунга ўхшаш ҳаракатларини жосуслик сифатида белгилайди.

Ҳозирча Қорабоев айнан қайси маълумотни, кимнинг манфаати учун ва кимга етказганликда гумон қилинаётгани очиқ эмас. Бу жуда муҳим тафсилот. Чунки Ўзбекистон фуқаросининг Қозоғистонда жосусликда айбланиши автоматик равишда унинг Ўзбекистон махсус хизматлари учун ишлаганини англатмайди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги консуллиги бу иш бўйича саволларга жавоб бермаган. Қорабоев ишлаган университет ҳам изоҳ бермаган. Қорабоев ҳамкорлик қилган Бельгиядаги БМТ Университетининг Қиёсий минтақавий интеграция тадқиқотлари институти – UNU-CRIS эса вазиятдан хавотир билдирган, аммо расмий баёнот бермаган.

НЕГА АЙНАН ҲОЗИР?

Ўзбекистон ва Қозоғистон нафақат қўшни ва дўст, балки муносабатларини иттифоқчилик даражасига кўтарган мамлакатлар.

Қорабоев 3 июлда ушланган бўлса-да, унинг ҳибси ҳақидаги хабар қарийб икки ой ўтиб жамоатчиликка маълум бўлди. Шунинг ўзи ишнинг нақадар ёпиқ олиб борилаётганини кўрсатади.

Жосуслик ишлари деярли барча давлатларда махфийлик шароитида тергов қилинади. Қозоғистон хавфсизлик органлари тергов манфаатидан келиб чиқиб, маълумотни очиқламаган бўлиши мумкин.

Агар иш ҳақиқатан давлатлараро разведка фаолияти билан боғлиқ бўлса, нега у дипломатик каналлар орқали ҳал қилинмади?

Одатда дўст ёки иттифоқчи мамлакатлар ўртасида разведка билан боғлиқ муаммо аниқланганда, уни дарҳол оммавий можарога айлантириш шарт эмас. Махсус хизматлар ўзаро ёпиқ мулоқот қилиши, шахс мамлакатдан чиқарилиши ёки муайян фаолиятни тўхтатиш талаб қилиниши мумкин.

Қорабоев эса оддий дипломат эмас, университет профессори. Агар унга нисбатан жиноий иш очилган бўлса, Қозоғистон томони вазиятни жиддий ҳуқуқий масала деб кўраётган бўлиши мумкин.

ДЎСТ ДАВЛАТЛАР БИР-БИРИГА ЖОСУСЛИК ҚИЛАДИМИ?

Қисқа жавоб – қилади.

Халқаро муносабатларда дўстлик разведка фаолияти йўқлигини англатмайди. Ҳатто энг яқин ҳарбий ва сиёсий иттифоқчилар ҳам бир-бирининг ички қарорлари, музокара позициялари, мудофаа режалари, элита ичидаги кайфият ва ташқи сиёсатдаги ҳақиқий мақсадларини билишга ҳаракат қилади.

Чунки давлат учун рақибининг ниятини билиш қанчалик муҳим бўлса, иттифоқчисининг эртага қандай қарор қабул қилишини олдиндан билиш ҳам шунчалик қимматли бўлиши мумкин.

Шунинг учун разведка дунёсида машҳур мантиқ бор: давлатларнинг абадий дўстлари эмас, абадий манфаатлари бўлади.

Аммо дўст давлатлар ўртасидаги жосусликнинг энг нозик нуқтаси унинг фош бўлишидир.

Яширин разведка фаолияти икки томонга ҳам маълум бўлиши мумкин ва муносабатлар давом этаверади. Лекин бир томон уни расман “жосуслик” деб атаб, жиноий иш очса, масала ҳуқуқий майдондан сиёсий майдонга чиқиши мумкин.

НИМА УЧУН ҚОЗОҒИСТОН ЎЗБЕКИСТОН РАЗВЕДКАСИ УЧУН ҚИЗИҚ БЎЛИШИ МУМКИН?

Агар, ҳозирча исботланмаган ҳолда, бу иш Ўзбекистон манфаатлари билан боғлиқ деб фараз қилинса ҳам, Қозоғистонга разведка қизиқиши бўлиши учун икки давлатнинг душман бўлиши шарт эмас.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиётларидан бири. У Россия ва Хитой билан чегарадош, катта нефть, газ ва уран захираларига эга. Россия бошчилигидаги КХШТ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо, айни пайтда Хитой, Европа, АҚШ ва Туркия билан ҳам мувозанатли сиёсат олиб боришга ҳаракат қилади.

Ўзбекистон эса аҳолиси бўйича Марказий Осиёнинг энг йирик давлати ва минтақада сиёсий ҳамда иқтисодий таъсирини кучайтириб бормоқда.

Тошкент ва Остона бугун рақобатдан кўра ҳамкорликка кўпроқ урғу бермоқда. Аммо уларнинг манфаатлари сув, энергетика, транспорт коридорлари, Россия ва Хитой билан муносабатлар, Афғонистон, минтақавий хавфсизлик ва ташқи инвестициялар каби кўплаб стратегик соҳаларда кесишади.

Демак, икки давлат бир-бири ҳақида имкони борича кўпроқ маълумотга эга бўлишдан объектив равишда манфаатдор.

НЕГА АЙНАН ПРОФЕССОР?

Қорабоевнинг касби бу ишда алоҳида қизиқиш уйғотади.

У ҳарбий, хавфсизлик идораси ходими ёки дипломат эмас. У халқаро муносабатлар бўйича олим. Бундай мутахассислар давлат идоралари, дипломатлар, сиёсатшунослар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан профессионал алоқаларга эга бўлиши табиий.

Уларнинг конференциялар, ёпиқ эксперт учрашувлари ва илмий тадқиқотлар орқали сиёсий элитага яқин одамлар билан мулоқот қилиши ҳам ғайриоддий эмас.

Шу боис айнан қандай маълумот Қорабоевга қўйилган айбловга асос бўлгани ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Чунки экспертнинг маълумот тўплаши унинг касбининг бир қисми ҳам бўлиши мумкин. Уни жосусликдан ажратиб турадиган асосий чизиқ, бу – маълумотнинг хусусияти, уни олиш усули, кимнинг топшириғи билан тўплангани ва кимга етказилганидир.

ТАРИХДА БУНДАЙ ҲОЛАТЛАР БЎЛГАНМИ?

Марказий Осиёда бир давлат фуқаросининг қўшни мамлакат фойдасига жосусликда айбланиши янги ҳодиса эмас.

Айниқса Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида шундай ишлар бир неча марта кузатилган. Тожикистонда Ўзбекистон манфаатига, Ўзбекистонда эса Тожикистон манфаатига жосуслик қилганликда айбланган одамлар узоқ муддатларга қамалган.

Лекин ўша даврда Тошкент–Душанбе муносабатлари кескин эди. Роғун ГЭСи, сув, чегаралар, транспорт ва хавфсизлик бўйича жиддий келишмовчиликлар мавжуд бўлган.

Қорабоев ишининг фарқи ҳам шунда.

Бугун Тошкент ва Остона муносабатлари тарихан энг юқори даражалардан бирида. Президентлар мунтазам учрашади, савдо ва инвестициялар ўсмоқда, қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда ва икки мамлакат ўзини минтақадаги энг яқин шериклар сифатида кўрсатиб келади.

Шунинг учун жосуслик айблови сиёсий жиҳатдан сезгирроқ.

ҚОРАБОЕВ КИМ УЧУН “ЖОСУСЛИК” ҚИЛГАН?

Ҳозирги босқичда энг муҳим ва жавобсиз савол шу.

Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддаси хорижий давлат ёки ташкилот манфаати учун жосусликни қамраб олади. Демак, Қорабоевнинг Ўзбекистон фуқароси экани унинг айнан Ўзбекистон учун ишлаганини ўз-ўзидан исботламайди.

У Ўзбекистон давлат идораси ёки махсус хизмати топшириғи билан ҳаракат қилгани ҳақида ҳозирча очиқ далил йўқ.

Назарий жиҳатдан шахс бошқа давлат, ташкилот ёки ҳатто нодавлат субъект манфаати учун ҳам маълумот тўплаган бўлиши мумкин.

Шунинг учун Қозоғистон расмийлари айблов тафсилотларини очиқламас экан, бу ишни “Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги жосуси ушланди” деб талқин қилишга асос йўқ.

ДИПЛОМАТИК ОҚИБАТЛАР ҚАНДАЙ БЎЛИШИ МУМКИН?

Энг юмшоқ сценарийда иш Қорабоевга нисбатан жиноий тергов доирасида қолади. Тошкент ва Остона масалани ёпиқ дипломатик ва махсус хизматлар каналлари орқали муҳокама қилиши мумкин.

Бундай ҳолда икки давлат ўртасидаги стратегик муносабатларга жиддий таъсир бўлмаслиги эҳтимол.

Иккинчи сценарий – Ўзбекистон Қорабоевга консуллик ёрдами талаб қилиши, иш бўйича расмий тушунтириш сўраши мумкин. Бу одатий дипломатик амалиёт ҳисобланади ва ўзи можаро дегани эмас.

Вазият Қозоғистон томони Қорабоевни Ўзбекистон давлат органлари ёки махсус хизматлари билан очиқ боғлаган тақдирдагина жиддий тус олади.

Бунда элчини Ташқи ишлар вазирлигига чақириш, дипломатик нота топшириш ёки разведкага алоқадор деб ҳисобланган дипломатларни мамлакатдан чиқариш каби чоралар қўлланиши мумкин.

Ўзбекистон ҳам жавоб чораларини кўрса, воқеа ҳақиқий дипломатик можарога айланади.

Ҳозирча эса бундай белгилар йўқ.

СУКУТНИНГ ЎЗИ ҲАМ МУҲИМ

Қорабоев 3 июлда ҳибсга олинган. Орадан қарийб икки ой ўтган бўлса-да, Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари бу иш атрофида катта сиёсий баёнотлар бермаяпти.

Бу икки хил маънога эга бўлиши мумкин.

Бир томондан, тергов махфийлиги туфайли маълумот берилмаётган бўлиши табиий.

Иккинчи томондан, Тошкент ва Остона ишни давлатлараро сиёсий можарога айлантирмасликка ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.

Агар кейинги босқичда ҳам юқори даражадаги ташрифлар, иқтисодий лойиҳалар ва сиёсий мулоқот одатдагидек давом этса, бу масала локаллаштирилганини кўрсатади.

Агар дипломатик ноталар, элчиларни чақириш, дипломатларни чиқариб юбориш ёки расмий айбловлар бошланса, вазият бутунлай бошқа босқичга ўтади.

Шунинг учун Иқболжон Қорабоев ишида ҳозирча “Ўзбекистон Қозоғистонга жосус юборган” деган хулосадан кўра, жавобсиз саволлар кўпроқ.

У қандай маълумот тўплаган? Бу маълумот давлат сири бўлганми? Ким учун тўпланган? Қозоғистон хавфсизлик идоралари уни қайси далиллар асосида жосусликда гумон қилмоқда? Ва энг муҳими, бу шахсий жиноий ишми ёки унинг ортида давлатлараро разведка операцияси борми?

Ана шу саволларга жавоб пайдо бўлмагунча, Қорабоев ишини Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларидаги очиқ жосуслик можароси деб аташга эрта.