Элтузарга тиббиёт соҳаси вакилидан Соғлиқни сақлаш тизимида юқори қийматли тиббий буюмлар, хусусан, коронар стентлар хариди билан боғлиқ шаффофлик, нарх фарқи ва эҳтимолий коррупция аломатлари юзасидан мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифи ўз шахсини ошкор қилмасликни сўраган.

Мурожаатда айтилишича, айрим тиббиёт муассасаларида коронар стентлар ва бошқа юқори қийматли тиббий буюмлар хариди жараёни жамоатчилик учун етарли даражада очиқ эмас. Муаллиф бу ҳолат тадбиркорлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, шифокорлар ва беморлар манфаатига бевосита таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлайди.

Унинг сўзларига кўра, бугун Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида ва Тошкент шаҳрида коронар стентлаш амалиёти йўлга қўйилган. Аммо айнан шу соҳада харидлар шаффоф бўлмаса, тиббиётда энг зарур маҳсулотлар ҳам айрим манфаатдор гуруҳлар учун ноқонуний даромад манбаига айланиб қолиши мумкин.

Мурожаатда маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан SINOTECH+ бренди остида ишлаб чиқарилаётган коронар стент нархи тахминан 2 миллион 700 минг сўм экани, айрим импорт стентлар эса 4 миллион 500 минг сўм атрофида таклиф қилинаётгани маълум қилинган. Муаллифга кўра, битта стентдаги фарқ тахминан 1 миллион 800 минг сўмни ташкил этади.

“Бу фарқнинг иқтисодий асоси борми ёки бу ерда яширин манфаат, «откат» ва коррупцион келишувлар мавжудми – бу масала очиқ ва холис текширилиши керак”, – дейилади мурожаатда.

Мурожаатчининг таъкидлашича, айрим шифокорлар ва тиббиёт соҳаси иштирокчилари фарм компаниялардан “откат” олишга мажбур бўлаётгани ҳақида гапирмоқда.

Мурожаат муаллифи “маҳаллий ишлаб чиқарувчи бор бўла туриб, нега айрим тиббиёт муассасалари қимматроқ импорт маҳсулотларни танлашда давом этмоқда?” деган саволни қўяди. Унинг фикрича, агар маҳаллий маҳсулот арзонроқ ва талабларга жавоб берадиган бўлса, харидларда унинг четга сурилиши давлат иқтисодиёти, беморлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун зарарли бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, мурожаатда барча шифокорларни айблаш мақсади йўқлиги алоҳида таъкидланган. Муаллифга кўра, тизимда ҳалол ва фидойи ишлаётган кўплаб шифокорлар бор, аммо айрим раҳбарлар, фарм компаниялар ёки манфаатдор гуруҳлар оддий шифокорларни босим остида ноқонуний схемаларга жалб қилаётган бўлса, бу ҳолат алоҳида ўрганилиши керак.

Мурожаат муаллифи республика бўйича коронар стентлар ва бошқа юқори қийматли тиббий буюмлар хариди бўйича сўнгги йилларда тузилган шартномалар очиқ эълон қилиниши, маҳаллий ва импорт маҳсулотлар нархи, техник кўрсаткичлари ҳамда харид асослари солиштирма тарзда ўрганилишини талаб қилмоқда.

Шунингдек, унда тиббиёт муассасаларида фарм компаниялар билан яширин келишувлар, “откат” ва шифокорларга босим ўтказиш ҳолатлари юзасидан ДХХ, Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан текширув ўтказилиши сўралган.

Мурожаатда Давлат тиббий суғуртаси тизими фаолияти бўйича ҳам жиддий саволлар борлиги айтилган. Муаллифнинг иддао қилишича, айрим тиббиёт муассасаларида беморларга кўрсатилган хизматлар учун суғурта маблағларини олиш жараёнида раҳбариятга 5–10 фоиз миқдорида “улуш” бериш амалиёти ҳақида гап-сўзлар мавжуд.

Айтилишича, агар тиббиёт муассасаси бундай ноқонуний талабларга қўшилмаса ёки маблағлар қонуний ва шаффоф тўланишини талаб қилса, суғурта тўловлари турли баҳоналар билан кечиктирилиши ёки тўхтатиб қўйилиши мумкин. Мурожаатда айрим ҳолларда тўловлар икки ойдан бери тўхтатиб қўйилгани ҳақида ҳам маълумот борлиги келтирилган.

“Агар бу ҳолат холис текширувда тасдиқланса, тиббиёт соҳасидаги коррупция фақат дори-дармон ёки тиббий буюмлар хариди билан чекланмаётганини, балки бемор учун қилинган харажатларни қоплаш жараёнигача кириб борганини кўрсатади”, – дейилади мурожаатда.

Муаллиф Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари кимнинг назоратида экани, уларнинг тақсимланиши қанчалик шаффофлиги, нима учун айрим муассасаларда тўловлар ойлаб кечикаётгани ва 5–10 фоиз “улуш” ҳақидаги иддаолар нима асосда пайдо бўлаётганига жамоатчиликка очиқ жавоб берилиши кераклигини таъкидлайди.

Элтузар ушбу мурожаатда келтирилган иддаоларни мустақил равишда тасдиқлагани йўқ. Таҳририят Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси, Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа масъул идоралардан ушбу масала юзасидан муносабат билдиришни сўрайди.