СЎХДА ҲОМИЙЛИК ҲИСОБИДАН АСФАЛЬТЛАНГАН КЎЧАГА ДАВЛАТ БЮДЖЕТИДАН 51 МИЛЛИОН СЎМ АЖРАТИЛДИ
Сўх туманида ҳомий ҳисобига асфальтланган кўча ишлари гўёки давлат бюджети маблағига бажарилгандек расмийлаштирилгани айтилмоқда. 51 миллион сўм қаерга сарфлангани ва ҳужжатлар қанчалик ҳаққоний экани савол остида қолмоқда.
Сўх туманида ҳомийлик асосида бажарилган иш давлат маблағи ҳисобидан амалга оширилган деб расмийлаштирилди. Аслида Сўх тумани «Офтобрў» МФЙ Янги Қабристон кўчаси ҳомий ҳисобидан таъмирланган.
2026 йил апрель ойида Сўх туман автомобиль йўллари ташкилоти раҳбари Ҳабиб Мирзоев ташаббуси билан ҳомийлик асосида маҳалладаги Янги қабристон кўчасининг 146 метр қисми асфальтланган. Маҳалла аҳолиси ушбу хайрли иш учун миннатдорчилик билдирмоқда.
Бироқ орадан 2–3 ой ўтгач, аҳоли кутилмаган маълумотдан хабар топди. Яъни Сўх тумани ҳокими Саидбаҳром Саидмусоев томонидан тасдиқланган режа асосида айнан шу кўчани асфальтлаш учун давлат бюджетидан қарийб 51 миллион сўм ажратилиб, маблағ туман ободонлаштириш бошқармасига ўтказилган.
Демак ҳомийлик ҳисобидан аллақачон бажарилган ишлар туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан бажарилгандек расмийлаштирилди. Бу жараёнга туман ҳокими ўринбосари Содиқ Мирзоевнинг алоқадорми?
Элтузарга тақдим этилган суратларда асфальтлаш ишларида автомобиль йўллари ташкилоти ходимлари иштирок этаётгандек кўриниш саҳналаштирилгани иддао қилинмоқда.
Давлат бюджетидан ажратилган 51 миллион сўм кимнинг чўнтагида қўним топди? Бажарилган ишлар далолатномасини кимлар имзолаган? Ажратилган маблағнинг сарфланишини ким назорат қилган?
Маҳалла аҳлининг эътирози ҳам айнан шу масалага қаратилган:
«Наҳотки қабристонга олиб борувчи йўл учун ажратилган пул ҳам талон-торож қилинган бўлса?»
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа масъул ташкилотлардан 51 миллион сўм маблағнинг ажратилиши, бажарилган ишлар ҳужжатлари ҳамда маблағнинг амалдаги сарфини ўрганиш сўралади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг