БОЙЛАРНИ ЯНАДА БОЙИТИШ, ХАЛҚДАН ҚОҚИШТИРИБ ОЛИШ СИЁСАТИ
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров жисмоний шахслар даромад солиғини прогрессив шкалага ўтказиш, банк омонатлари фоизларига солиқ жорий этиш ва аксинча, акция-дивиденд даромадлари учун имтиёзларни 2038 йилгача узайтириш ташаббусларини Конституциядаги ижтимоий адолат тамойилига зид, «бойларни янада бойитиш» сиёсати деб баҳолайди.
Янги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги белгиланган. Конституциянинг 63-моддасида солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган.
Одамлар турмуш ташфишлари ва байрам кайфияти билан юрган бир пайтда Ўзбекистонда бир нечта антиижтимоий таклифлар илгари сурилганлигини сезмай ҳам қолишди. Бу таклифларни эса ҳукуматнинг ақл марказлари бўлган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Фискал институт каби антиижтимоий ташкилотлар илгари сурмоқда. Мазкур таклифлар бойларни янада бойитиш, халқдан қоқиштириб олиш сиёсати давом этишини билдиради. Бу сиёсат эса ижтимоий сиёсатни кучайтириш билан дастакланади, аслида эса, 48,3 миллиард долларга етган давлат қарзини қоплашни халқнинг бўйнига илишдан бошқа нарса эмас.
Маълумки, ишга яроқли аҳоли яшаб қолиши учун ишлайди. Яхши ва ёмон кунларида ишлатиш, болаларини ўқитиш ва уй қилиш учун топган пулидан орттириб, банкка омонатга қўяди. Буни ўлмай қолиш учун кураш деса ҳам бўлади.
Шуларни била туриб жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича амалдаги 12 фоизли ставкадан ошиб борувчи табақалашган шкалага ўтиш, банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларига 5 фоизлик даромад солиғини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Буни халқдан қоқиштириб олиш бўйича антиижтимоий сиёсат деб баҳолаймиз. Кўпчиликники, кўп бўлади. Таланганни тала.
Бир қисм юқори даромад эгалари бўлган бойлар эса корпоратив фаолиятдан ёки дивиденд олиш орқали катта бойлик орттирмоқда. Ўтган саккиз ўн йил ичида доллардаги миллирадерга айланганлар бор. Амалдорлар учун декларация топшириш мажбуриятини юкловчи қонун қабул қилинмаётганлигига сабаб шу, халқ бу даврда ким бойиганлигини билиб қолади.
Энди бойларни янада бойитиш учун берилган таклифларни кўриб чиқамиз. Ўзбекистонда акция ва облигациялардан олинадиган даромадлар бўйича инвесторлар учун солиқ имтиёзларини 2038 йилгача узайтириш таклиф қилинмоқда. Бу солиқ имтиёзлари 2028 йилда тугайди, яна 10 йилга узайтириш таклиф қилинмоқда. Хусусан, 2038 йилгача жисмоний ва юридик шахсларни хўжалик жамиятларининг облигациялари бўйича фоизли даромадлар ва ижобий курс фарқидан олинадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғидан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари жисмоний шахслар, резидент ва норезидентларни акциялар бўйича дивидендлардан олинадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш бўйича амалдаги имтиёзларни ҳам 2038 йил охиригача узайтириш таклиф этилмоқда. Ҳозирда ушбу имтиёз 2028 йил 31 декабргача амал қилади.
Конституцияда белгиланган ижтимоий адолат ҳақида гап кетар экан, булар дивиденд солиғини оширишни илгари суриши керак эмасми? Оддий халқ ҳалол меҳнати билан топган даромадидан 12 фоиз, бир қисм бойлар ётган жойида олган дивидендидан 5 фоиз даромад солиғи тўлаши инсофданми? Облигациялари бўйича фоизли даромадлар ва ижобий курс фарқидан олинадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғидан озод қилишчи? Шуми ижтимоий адолат?
Бу таклифлар иккинчи ва ундан кейинги туғилган фарзандлар учун бериб келинган суюнчи пули тўланишининг тўхтатилиб қўйилганлиги, минимал истеъмол харажатлари кулгили 715 000 сўм этиб белгилангани шароитида илгари сурилмоқда.
Ваколатлилардан инсоф сўраймиз. Депутатлардан жасорат сўраб қоламиз. Халқимизга сабр тилаймиз.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг