Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекси 165-моддасининг иккинчи-тўртинчи қисмлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунининг 52-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисига асосан лицензиясиз, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ва ваколатли органни хабардор этмасдан шуғулланиш, шунингдек, ушбу ҳужжатларнинг амал қилиши тўхтатиб турилганда бундай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва жарима қўлланилишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 466-сон қарори билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрсида Низом” тасдиқланди.

Ушбу Низом жисмоний ва юридик шахслар томонидан аниқланган лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида ваколатли органларга хабар бериш, уларни кўриб чиқиш ҳамда хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш тартибини белгилайди.

Низомнинг 4-бандига мувофиқ хабардор қилувчи ҳуқуқбузарлик ҳақида ваколатли органларга махсус электрон тизим ёки Адлия вазирлигининг мобил иловаси орқали хабар беради.

Низомнинг 14-бандига мувофиқ хабардор қилувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ўз тасдиғини топган ҳамда берилган хабарга асосан ваколатли орган ёки суднинг жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори асосида айбдор шахсдан жарима ундирилган тақдирда, хабардор қилуви ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти шаклида рағбатлантирилади.

Бундай тартиб ўрнатилиши кераклигини постларимизда бир неча бор кўтариб чиққанмиз.

Низомнинг 1- ва 2-бандларида белгиланганидек, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида ваколатли органларга хабар бериш жисмоний ва юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Юридик шахсларга нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам киради.

Энди нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларининг қонунчилик ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш тадбирлари давомида бундай ҳолатларни (масалан, лицензиясиз ёки лицензияси муддати тугаган ёки тўхтатиб қўйилган бўлсада фаолият кўрсатаётган хусусий дорихоналар ва тиббиёт ташкилотларини) аниқлаб, хабар бериш орқали қўшимча пул топишлари мумкин бўлади.

Бу нодавлат нотижорат ташкилотлари (ёки уларнинг ходимлари)га қўшимча моддий имкониятдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги ва Рақобат қўмитасидан турли соҳаларда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилаётганлигига оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида ваколатли органларга хабар бериш, уларни кўриб чиқиш ҳамда хабар берган жисмоний ва юридик шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқланишини ташкил этиш таклифини киритамиз.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров