Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизимида янги ўзгаришлар кутилмоқда. Асосий мақсад газ таъминотидаги узилишларни камайтириш, нарх белгилашни иқтисодий асослаш ва эҳтиёжманд аҳолига давлат ёрдамини манзилли етказиш. Аммо янги тизим қачон ишлай бошлайди ва бу оддий истеъмолчи муаммосини қачон ҳал қилади?

Айни пайтда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласи кўп жойларда долзарблигича қолмоқда. Айниқса, табиий газ тармоғи етиб бормаган хонадонлар учун баллондаги суюлтирилган газ кундалик эҳтиёжнинг муҳим қисми ҳисобланади. Шу сабабли газни ўз вақтида етказиб бериш, унинг нархи ва тақсимотидаги шаффофлик аҳоли учун бевосита аҳамиятга эга.

Янги таклифга кўра, аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизимини қайта ташкил этиш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» таъсисчилигида «LPG-Trade» МЧЖ ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Янги тузилма суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, белгиланган тартибда аҳолига етказиб бериши кўзда тутилган. Энг муҳим ўзгаришлардан бири суюлтирилган газнинг чакана нархини белгилашда иқтисодий асосланган механизмларга ўтиш.

Яъни газ нархи бозордаги харид қиймати ва бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилиши мумкин. Бироқ бу аҳоли учун газ нархи автоматик равишда кескин ошади, дегани эмас. Аксинча, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига харид қилинган ҳар бир килограмм суюлтирилган газ учун компенсация тўлаш механизми жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Бу ерда муҳим жиҳат бор: давлат маблағи аввалгидек умумий субсидия шаклида эмас, балки аниқ истеъмолчига манзилли ёрдам сифатида йўналтирилади.

Бундай ёндашув эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашни аниқроқ ташкил этиш имконини беради. Яъни кўпроқ ёрдамга муҳтож оила кўпроқ давлат кўмагини олиши мумкин. Энг кўп берилаётган савол ҳам шу: бу ўзгаришлар газ баллонларидаги танқисликни қачон бартараф этади. Ҳозирги хабарда тизимни ташкил этиш таклиф қилинаётгани айтилган. Демак, бунинг ўзи аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш муаммоси шу заҳоти ҳал бўлади, дегани эмас.

Аввало янги корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий фаолияти йўлга қўйилиши, газни биржа орқали харид қилиш ва уни ҳудудларга тақсимлаш механизмлари ишлаб чиқилиши керак. Шундан кейин тизим амалда тўлиқ ишлаши мумкин.

Шунинг учун ҳозирча «фалон санадан бошлаб аҳолида газ муаммоси тўлиқ ҳал бўлади», деб аниқ сана айтишга асос йўқ. Агар газ биржа орқали харид қилинса, унинг қиймати бозордаги нархларга яқинлашиши мумкин. Бу эса чакана нархга таъсир қилиши эҳтимолини оширади.

Шу билан бирга, давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун компенсация механизмини қўллаши режалаштирилмоқда. Демак, янги тизимнинг асосий ғояси газ нархини сунъий равишда бир хил даражада ушлаб туриш эмас, балки эҳтиёжманд аҳолига манзилли компенсация бериш.

Бу механизм тўғри ишласа, давлат бюджети маблағларидан самаралироқ фойдаланиш имкони пайдо бўлади. Янги тартиб фақат хонадонларга эмас, ижтимоий соҳа объектларига ҳам тааллуқли. Мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари каби объектларга суюлтирилган газни биржа нархларида етказиб бериш, аҳолига белгиланган нархда сотиш натижасида юзага келадиган тафовутни эса республика бюджети ҳисобидан қоплаш механизми таклиф қилинмоқда.

Бу, бир томондан, ижтимоий объектларнинг газ билан барқарор таъминланишига хизмат қилиши мумкин. Иккинчи томондан эса бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг аниқ йўналишда сарфланишини талаб этади.

Янги «LPG-Trade» тизими биржа орқали газни харид қилиш, уни ҳудудларга тақсимлаш ва истеъмолчига етказиб бериш занжирини яхшилаши керак.

«LPG-Trade» МЧЖни ташкил этиш ташаббуси суюлтирилган газ таъминотини бозор механизмлари асосида қайта ташкил этишга қаратилган. Янги тизимда асосий эътибор учта йўналишга қаратилади: газни барқарор етказиб бериш, иқтисодий асосланган нарх шакллантириш ва эҳтиёжманд аҳолига манзилли компенсация бериш.

Бироқ бу ташаббуснинг ҳақиқий самараси унинг қоғоздаги механизмларидан кўра, амалда қандай ишлашига боғлиқ. Аҳоли учун энг муҳим натижа эса битта газ баллонини кутиб қолиш, танқислик ва таъминотдаги узилишлар камайиши.

Шу сабабли жамоатчилик энди «LPG-Trade» тизими қачон ишга тушиши, газ нархи қанча бўлиши ва компенсация кимларга ҳамда қандай тартибда тўланиши ҳақидаги аниқ қарорларни кутади.