СИРОЖИДДИН ИШИ ЎЗБЕКИСТОН СУД ТИЗИМИ УЧУН БУРИЛИШ НУҚТАСИ БЎЛАДИМИ?
Тошкентда кўрилаётган Сирожиддин Одилов иши судьялар мустақиллиги ва профессионализми учун муҳим синов сифатида баҳоланмоқда. Муаллиф бу жараён Ўзбекистон суд тизимида ҳақиқий бурилиш нуқтаси бўлиши мумкинлигини ёритади.
Суд ҳукмини ўқишга шошилмаслик – эскича ёндашув эмас. Аксинча, бу ҳақиқий адолат сари ташланган жиддий қадам бўлиши мумкин.
Йиллар давомида суд тизимида шаклланган “шошма-шошарлик”, тайёр айбловларни деярли ўзгаришсиз тасдиқлаш каби амалиётлардан воз кечиш – жамоатчилик кутган энг муҳим ўзгаришлардан биридир.
Судьянинг ҳукм чиқаришга шошилмасдан, ишдаги ҳар бир далил, важ ва зиддиятни синчиклаб ўрганиш учун вақт ажратиши заифлик эмас. Аксинча, бу профессионализм ва масъулият белгисидир.
Бугун Тошкент шаҳар судларида кўрилаётган айрим ишлар оддий навбатдаги суд жараёни эмас. Улар судьяларнинг профессионализми, холислиги ва энг муҳими – мустақиллиги учун жиддий амалий синовга айланмоқда.
Президент томонидан қайта-қайта таъкидланаётган “адолатли суд”, “қонун устуворлиги” ва одамлар амалда “адолат ҳиди”ни ҳис қилиши кераклиги ҳақидаги чақириқлар айнан шундай мураккаб ишлар пайтида ўз исботини топиши лозим.
Чунки адолатли суд ҳақида гапириш осон. Лекин айблов томонининг ҳар бир важини танқидий текшириш, ҳимоя томонининг далилларини тинглаш, ишдаги қарама-қаршиликларга холис баҳо бериш ва ташқи таъсирлардан холи қарор чиқариш – ҳақиқий суд мустақиллигининг ўлчовидир.
Янги Олий суд раҳбарияти фаолияти фонида тизимда кузатилаётган айрим ижобий ўзгаришлар жамоатчиликда эҳтиёткор умид уйғотмоқда. Аммо бу умид шиорлар билан эмас, конкрет суд ишларида чиқариладиган адолатли қарорлар билан мустаҳкамланиши керак.
Агар Тошкент шаҳар судьялари бу каби мураккаб ишларга фақат қонун, далил ва виждон асосида ёндашса, бу битта шахснинг тақдирига оид қарор бўлиб қолмайди. Бу бутун суд тизими учун муҳим сигналга айланиши мумкин.
Сирожиддин иши эса ана шу ўзгаришнинг биринчи жиддий синовларидан бири бўлиши мумкин.
Агар бу ишда ҳақиқий мустақиллик ва холислик намоён бўлса, у жамоатчиликнинг судга бўлган сўнаётган ишончини қайта тиклашга хизмат қиладиган илк учқунга айланади.
Биз ана шу учқун катта адолат оловига айланишини, қонун устуворлиги истисно эмас, Ўзбекистон суд тизимининг доимий қоидаси бўлиб қолишини истаймиз.
Йўлчибой Исмоилов,
жамоатчилик назорати фаоли,
Фарғона вилояти, Учкўприк тумани
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг