Секьюритизация – юқори даражада сиёсийлашган ва субъектлараро жараён бўлиб, унда муайян масала (яъни исталган масала) секьюритизацияни амалга оширувчи субъект томонидан «нутқий актлар» орқали тегишли аудитория олдида референт объект (масалан, давлат, мавжудлик, цивилизация ва ҳоказо) учун экзистенциал таҳдид даражасига кўтарилади. Бундан мақсад сиёсатнинг одатий қоидаларидан четга чиқиш ва зарур деб ҳисобланган ҳар қандай воситалардан, яъни фавқулодда чоралардан фойдаланиш имкониятини яратишдир.

Нега «Ислом ва мусулмонлар» Исроил давлати томонидан шиддатли секьюритизация объектига айлангани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу саволга жавоб бериш учун яҳудийлик, сионизм ва Исломнинг асосий тамойилларини таҳлил қилиш лозим, чунки Исроилнинг Исломни секьюритизация қилиши сабаби фундаментал хусусиятга эга.

Яҳудийликнинг икки шакли мавжуд – умумий қадимги яҳудийлик ва раввиний яҳудийлик. Биринчиси Худо билан Исроил авлодлари ўртасидаги аҳдга асосланган кенг қамровли эътиқод бўлса, иккинчиси Милодий 70 йилда Иккинчи Маъбад вайрон қилинганидан кейин шаклланган ушбу эътиқоднинг меъёрий ва асосий кўринишидир.

Умумий яҳудийлик Иброний Библиясини – Танахни қамраб олади. Раввиний яҳудийлик эса Худонинг амрларини тушуниш ва амалга ошириш учун муҳим деб ҳисобланган оғзаки қонунни ҳам қўшади; бу қонун кейинчалик Мишна ва Талмудда жамланган.

Қадимги библиявий амалиётда диний ҳаёт руҳонийлар ва подшоҳлар томонидан бошқарилган. Раввиний яҳудийликда эса диний нуфуз қонунни мунозара ва ҳуқуқий прецедентлар орқали талқин қилувчи олимлар, донишмандлар ва раввинларга ўтган. Бугунги кунда деярли барча асосий йўналишлар – ортодоксал, консерватив ва ислоҳотчи яҳудийлик – раввиний анъанани қабул қилгани ёки у билан мулоқотда бўлгани учун раввиний яҳудийликнинг ифодаси ҳисобланади. Бу жиҳатдан улар тарихий норааввиний гуруҳлар, масалан, караимлардан фарқ қилади.

Сионизм – XIX аср охирида Европада вужудга келган миллатчилик ҳаракати бўлиб, унинг мақсади яҳудийларнинг аждодий ва тарихий юрти ҳисобланган Фаластинда яҳудий ватани ва давлатини барпо этиш эди. Унинг асосчилари атеистлар бўлган. Бироқ улар сионизмни тарғиб қилиш учун умумий ва раввиний яҳудийликнинг асосий тамойилидан фойдаланган – «фақат этник яҳудийлар танланган халқ бўлиб, уларга Фаластинда ер ваъда қилинган».

Христианлик каби Ислом ҳам, унинг муқаддас китоби Қуръон ҳам умумий яҳудийлик, раввиний яҳудийлик ва сионизмнинг этноцентрик ҳамда этник устунликка асосланган марказий тамойилини мутлақо рад этади. Муқаддас Қуръонга кўра, «Аллоҳ наздида танланганлар – мўмин ва тақводор кишилардир».

Ана шу рад этиш Исроилнинг Ислом ва мусулмонларни шиддат билан секьюритизация қилишининг асосий сабабидир. Шу ўринда айтиш жоизки, **«танланганлик»**ни яҳудий этник мансублиги билан чеклаш умумий ва раввиний яҳудийлик ҳамда сионизмнинг таянч устунларидан бирини ташкил этади; усиз уларнинг диний, сиёсий ва ижтимоий даъволари ўз кучини йўқотган бўлар эди.

Элтузар таҳлилчиси нуқтаи назарига кўра, айнан шу сабабдан Носиралик Исо ва унинг янги таълимоти рад этилган, унинг издошлари эса таъқиб қилинган ва жазоланган, чунки улар яҳудийликнинг этноцентрик ва этник устунликка асосланган таълимотини бутунлай инкор этган.

Исроилнинг Ислом ва мусулмонларни шиддатли секьюритизация қилишининг илдиз сабабларини аниқлаб олгач, энди унинг мусулмон давлатлари билан муносабатларига назар ташлайлик.

Эрон шоҳи даврида Исроил ва Эрон муносабатлари деярли стратегик иттифоқчилик даражасида бўлган. Ўз табиатига кўра, шоҳ режими репрессив, зулмкор ва шахсга боғланган режим эди. Шоҳ ҳукумати унинг сиёсатига қўшилмаган минглаб фуқароларни мунтазам равишда таъқиб қилган, қамоққа ташлаган ва қийноққа солган.

Эрондаги миллионлаб оддий мусулмонлар шоҳ сиёсатига мос келмайдиган шаклда Исломга амал қилиш имкониятидан маҳрум қилинган. Юз минглаб одамлар ҳибсга олинган, қаттиқ муомалага дучор қилинган ва шоҳнинг машъум қамоқхоналарида ўлдирилган. Исроиллик инструкторлар шоҳ полицияси ва махфий хизмат ходимларига оддий эронликларни қандай самарали таъқиб қилиш ва ўлдириш усулларини ўргатган.

Моссад Покистоннинг оммавий қирув қуролларини ва уларни етказиб бериш воситаларини ишлаб чиқиш ҳамда қўлга киритишга қаратилган ҳаракатларига қарши бутун дунё миқёсида операция ташкил қилган. Ҳатто Исроил Ҳиндистонни Покистоннинг ядровий объектларини бомбардимон қилиш учун ўз қирувчи самолётларига ҳаво йўлаги беришга чақирган.

Ислом Каримов даврида Ўзбекистон Исроил билан жуда яқин алоқаларга эга эди. Исроил Каримов режимига **«исломий фундаментализм ва экстремизм»**га қарши курашишда фаол ёрдам кўрсатиб, унга илғор телефон ва бошқа алоқаларни тинглаш технологияларини тақдим этган.

«Ўзбекистонда Ислом ва ўзбек мусулмонларини мўътадиллаштириш» ғояси дастлаб 1999 йилги Тошкент портлашларидан кейин ўша пайтдаги МХХ билан ҳамкорлик қилиш учун Ўзбекистонга келган исроиллик инструкторларга тегишли бўлган. «Исроиллик инструкторлар» томонидан ишлаб чиқилган бу ғоя аллақачон давлат сиёсатига айланган ва ҳозир ҳам Ўзбекистон расмийлари томонидан фаол амалга оширилмоқда.

АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича собиқ миллий разведка ходими Пол Пиллар Ироққа босқин масаласига бағишланган машҳур асари – «Разведка ва АҚШ ташқи сиёсати: Ироқ, 11 сентябрь ва нотўғри ислоҳотлар» (Intelligence and U.S. Foreign Policy: Iraq, 9/11, and Misguided Reform) китобида Буш маъмуриятининг Ироққа бостириб кириш ҳақидаги ноқонуний қарори ортида бешта сабаб бўлганини таъкидлайди. Унинг фикрича, улар орасидаги асосий сабаб Исроил ва Биньямин Нетаньяху бўлган.

Унинг таъкидлашича, АҚШ ва Британиянинг Ироққа бостириб киришидан олдин Моссад Оқ уй ва ЦРУ қароргоҳига шу қадар кучли таъсир ўтказганки, уларни амалда Тель-Авивга – Моссад қароргоҳига айлантириб қўйган ва Буш сиёсатига жиддий таъсир кўрсатган. Муаллифнинг даъвосига кўра, ушбу маълумотларни ошкор қилгани учун Пол Пиллар Буш томонидан лавозимидан четлатилган.

Юқорида келтирилган далилларни ҳисобга олган ҳолда, шундай хулоса қилиш мумкинки, Исроил бош вазири ким бўлишидан – у ўнг қанот партияси вакили бўладими ёки йўқми – қатъи назар, Исроил учун мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи давлатлар билан ҳақиқий тинчликка йўналтирилган муносабатларни ўрнатиш жуда қийин бўлади.

Мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи давлатлар билан бундай даражадаги муносабатларга эришиш учун ё Исроил ўзининг этник устунликка асосланган, квази-диний сиёсий даъвосидан воз кечиши, ёки мусулмонлар Исломнинг асосий тамойилидан воз кечиши керак…