ШОВОТДА ОЧИҚ ТРАНСФОРМАТОР: БОЛАЛАР ХАВФСИЗЛИГИГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ?
Шовот туманида электр таъминоти корхонасига қарашли трансформатор очиқ ҳолда қолдирилгани, бу esa атрофдаги, айниқса, болаларнинг ҳаётига хавф туғдираётгани иддао қилинмоқда. Мурожаатчилар масъуллардан зудлик билан чора кўришни сўрамоқда.
Хоразм вилояти Шовот тумани Туркистон маҳалласида трансформатор очиқ ҳолатда қолдирилгани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди. Унда электр қурилмасига болалар яқинлашиб қолиши мумкинлигидан хавотир билдирилган.
Мурожаатда айтилишича, трансформатор электр таъминоти корхонасига қарашли. Унинг очиқ тургани атрофдагилар, айниқса, хавфни англамасдан қурилмага яқинлашиши мумкин бўлган ёш болалар ҳаётига таҳдид солаётгани таъкидланган.
«Фожиа юз бергандан кейин эмас, ҳозир чора кўриш керак!» – дейилади мурожаатда.
Мурожаатда электр таъминоти корхонаси ва тегишли назорат органларидан ҳолатни зудлик билан ўрганиш, трансформаторни хавфсиз ҳолатга келтириш ҳамда бунга йўл қўйилгани сабабларини аниқлаш сўралган.
Ҳолат қачондан буён давом этаётгани ва масъулларга аввал мурожаат қилинган-қилинмагани ҳақида маълумот берилмаган. Мурожаатдаги маълумотлар мустақил равишда тасдиқланган эмас. Элтузар масъул ташкилотларнинг изоҳини эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг