Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ишловчи айрим ҳамширалар меҳнат шароитлари ва раҳбарият муносабатидан норозилик билдиришмоқда

Марказнинг бош, етакчи ва катта ҳамширалари оддий ҳамширалар ҳамда кичик тиббиёт ходимларига иш вақтида мобил телефондан фойдаланишни тақиқлаб келади. Ҳатто айрим ҳолатларда ходимларнинг чўнтаклари текширилиб, телефон олиб кирмаганини назорат қилиш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Ходимлар бу амалиётни инсонийлик тамойилларига зид деб ҳисобламоқда. Ахир ҳар қандай ходимнинг фарзанди касал бўлиши, оиласида фавқулодда ҳолат юз бериши мумкин. Бундай вазиятда яқинлари билан боғланиш имконияти чекланиши қанчалик тўғри?

Шунингдек, ҳамширалар айтишича, айрим масъул шахслар муолажа хоналарига кириб, даволаш жараёнидан кўра тозаликни текшириш билан кўпроқ шуғулланади.. Ҳамшира беморга тиббий хизмат кўрсатиши керакми ёки доимий равишда тозалик билан шуғулланиши керакми? Ҳамшира билан санитар ходимнинг фарқи нимада?

Ходимларнинг таъкидлашича, таътил беришда ҳисоб-китоб ва кадрлар бўлими турли тўсиқлар қўяди. Масалан, ходим ишга қайси ойда қабул қилинган бўлса, кейинги йилларда ҳам фақат шу даврда таътилга чиқиши талаб қилинади. Бундан ташқари, таътил учун бир ой олдин ариза бериш мажбурияти ҳам норозиликка сабаб бўлмоқда. Албатта, тиббиёт муассасаларида ички тартиб-қоидалар бўлиши табиий. Аммо ушбу қоидалар меҳнат қонунчилиги ва ходимларнинг ҳуқуқларига зид келмаслиги керак.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази раҳбарияти, шунингдек, тегишли назорат органлари расмий муносабат билдириши ва СВВ комиссияси мурожаатда келтирилган ҳолатларга аниқлик киритиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.