САВДО СОҲАСИНИ РАҚАМЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ЯНГИ ҚАРОР ИШЛАБ ЧИҚИЛМОҚДА
Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини рақамлаштиришга оид ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида. Рецептли дорилар, ҚҚСни тезкор қоплаш ва рақамли маркировка бўйича янги талаблар ҳамда уларнинг хавф‑фойдалари таҳлил қилинди.
Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада рақамлаштиришга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Энди, тўғрисини айтган маъқул – аксарият ўзгаришлар халқ учун деб номланади ва энг аввало халққа зарар беради. Бу масала ҳам шундай тус олмасмикан?
Ҳужжатда назорат-касса тизими, рецептли дорилар савдоси, ҚҚСни қоплаш тартиби ҳамда рақамли маркировкага оид бир қатор ўзгаришлар таклиф қилинмоқда. Ҳозирча бу меъёрлар муҳокама қилинаётган лойиҳа ҳисобланади.
Лойиҳадаги энг диққатга сазовор таклифлардан бири рецепт билан бериладиган дорилар сотилганда касса чекида электрон рецепт рақамини кўрсатиш мажбуриятини жорий этишдир. Расмий мантиқ оддий: қайси дори қайси рецепт асосида сотилганини кузатиш осонлашади, антибиотиклар ва кучли таъсир қилувчи препаратларнинг назоратсиз тарқалиши чекланади. Давлат нуқтаи назаридан бу шаффофликни оширади.
Бироқ ҳар қандай рақамлаштиришнинг ортида амалиёт туради. Агар электрон рецепт базаси узилишлар билан ишласа, интернет тезлиги паст бўлса ёки дорихона дастурлари давлат тизимлари билан тўлиқ уйғунлаштирилмаган бўлса, бу навбатларни узайтириши мумкин. Назорат кучайгани билан дорихона ходимлари ва мижозлар учун янги қийинчиликлар ҳам пайдо бўлади. Давлат янги талаб қўйишдан олдин техник инфратузилмани ҳам тайёрлаб бериши лозим.
Яна бир муҳим ўзгариш ҚҚСнинг салбий фарқ суммасини тезлаштирилган тарзда қоплаш тартибига тегишли. Таклифга кўра, бундай имконият Президент қарори билан тасдиқланган йирик солиқ тўловчиларга берилиши мумкин. Бу давлат учун хавфларни камайтиради. Чунки айнан ҚҚСни қайтариш жараёнида сохта ҳисоб-фактуралар ва сунъий операциялар орқали бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари учраб туради. Шунда ҳалол ишлаётган ўрта бизнес нима қилади? Экспорт қилувчи ёки катта сармоя киритаётган, лекин “йирик солиқ тўловчи” мақомига эга бўлмаган корхоналар тезлаштирилган қоплаш имкониятидан маҳрум қолиши мумкин. Бу эса уларнинг айланма маблағларига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас. Солиқ интизоми, шаффоф ҳисобот ва хавф даражаси каби мезонлар ҳам ҳисобга олинса, адолатлироқ тизим шаклланиши мумкин эди.
Рақамли маркировка ва контрафакт маҳсулотлар ҳақидаги банд ҳам мужмал. Ҳужжатда қалбаки маркировка ёки контрафакт маҳсулотлар бўйича айрим жиноий жавобгарлик нормаларини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Баъзи тадбиркорлар буни бизнес муҳитини юмшатиш сифатида баҳолаши мумкин. Чунки айрим ҳолларда маркировкадаги хатолар қасддан эмас, техник муаммолар туфайли юзага келади.
Лекин контрафакт маҳсулот масаласи оддий расмий хатодан кўра жиддийроқ. Бу истеъмолчилар хавфсизлиги, солиқ тушумлари ва ҳалол ишлаётган тадбиркорларнинг манфаатлари билан боғлиқ соҳадир. Айниқса дори воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва маиший кимё товарларида қалбаки маҳсулотлар инсон саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун жиноий жавобгарлик юмшатилса ҳам, унинг ўрнини босувчи кучли маъмурий санкциялар сақланиб қолиши керак.
Умуман олганда, муҳокамага қўйилган лойиҳа давлатнинг рақамлаштириш ва назоратни кучайтириш сиёсати давом этаётганини кўрсатмоқда.
Рецептли дорилар савдосини тартибга солиш ва ҚҚС қайтариш тизимини хавфсизлаштиришга қаратилган таклифлар бир қарашда тушунарли. Бироқ контрафакт маҳсулотлар бўйича жавобгарликни қайта кўриб чиқиш масаласи жамоатчилик муҳокамасини талаб қилади.
Ҳозир ҳужжат муҳокама босқичида. Демак, унинг айрим бандлари ўзгариши, тўлдирилиши ёки умуман қабул қилинмаслиги ҳам мумкин. Кузатишда давом этамиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг