ГАЗ ҚАНИ? МИЛЛИАРДЛАР ҚАЕРГА КЕТДИ?
Saneg’ning қатор нефть конлари бўйича лицензиялари бекор қилиниши ва Фарғона НҚИЗнинг давлат ихтиёрига қайтарилиши хусусийлаштириш сиёсатининг қанчалик ошкора ва самарали бўлгани ҳақида жиддий саволлар туғдирмоқда.
Ўзбекистонда стратегик бойликларни хусусий қўлларга топшириш сиёсати навбатдаги жиддий инқирозга учради. Мамлакат нефть ва газ саноатининг катта қисмини назорат қилиб келган Sanoat Energetika Guruhi (Saneg) компаниясининг қатор нефть конларидан фойдаланиш лицензиялари бекор қилинди. Бундан аввал компанияга сотилиши эълон қилинган Фарғона нефтьни қайта ишлаш заводи ҳам давлат ихтиёрига қайтарилган эди.
Бир қарашда буни давлат манфаатларининг тикланиши, стратегик ресурслар устидан назоратнинг кучайтирилиши сифатида баҳолаш мумкин. Аммо воқеанинг иккинчи, анча жиддий томони бор: мамлакатнинг энг муҳим табиий бойликлари қандай қилиб бир хусусий компания қўлида тўпланди? Бу қарорларни ким қабул қилди? Давлат ва жамият бундан қанча фойда кўрди ёки қанча зарар кўрди? Энг муҳими, бу жараён учун ким жавоб беради?
103 ТА КОН: ДАВЛАТ БОЙЛИГИ ҚАНДАЙ ТАҚСИМЛАНГАН?
2022 йилдаги маълумотларга кўра, Saneg Ўзбекистондаги нефть қазиб чиқариш ҳажмининг қарийб 80 фоизини таъминлаган ва 103 та нефть-газ конини ўзлаштириш ҳуқуқига эга бўлган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродовнинг тушунтиришича, аввалги тартибга кўра, кондан фойдаланиш учун биринчи бўлиб ариза топширган компания белгиланган тўловларни амалга ошириб лицензия олиши мумкин эди. Нефть-газ конлари бўйича аукцион тизими фақат 2023–2024 йилларда жорий этилган.
Демак, стратегик аҳамиятга эга конлар очиқ рақобатсиз тақсимланишига имкон берган тизим мавжуд бўлган.
Бироқ қонунан мумкин бўлган ҳар қандай қарор иқтисодий жиҳатдан оқилона ёки жамоат манфаатларига мос дегани эмас.
Нима учун ўнлаб конларни ўзлаштириш ҳуқуқи битта компания қўлида жамланган? Унинг молиявий ва технологик имкониятлари қандай баҳоланган? Давлат бундай концентрациянинг иқтисодий хавфларини ҳисоблаганми?
Бугун лицензияларни бекор қилиш билан чекланиш етарли эмас. Уларни бериш жараёнининг ўзи ҳам мустақил текширувдан ўтиши керак.
ХУСУСИЙЛАШТИРИШМИ ЁКИ ИМТИЁЗЛИ ТАҚСИМОТ?
Saneg билан боғлиқ энг катта саволлардан бири Фарғона нефтьни қайта ишлаш заводи тақдирига тааллуқли.
2022 йилда заводни 100 миллион долларга сотиш, шунингдек, уни модернизация қилиш учун 380 миллион доллар инвестиция киритиш режаси эълон қилинган эди.
Аммо тўрт йил ўтиб, битим бекор қилинди ва завод давлатга қайтди. Расмий изоҳга кўра, инвестор бошқа лойиҳаларидаги молиявий қийинчиликлар сабаб харид тўловларини ўз вақтида амалга ошира олмаган.
Saneg билан боғлиқ воқеаларни Eriell ва Enter Engineering компанияларининг молиявий инқирозидан ажратиб бўлмайди.
ОАВ бу уч компанияни тадбиркор Бахтиёр Фозилов билан боғлаб келади.
2026 йил январдаги ҳукумат қарорига оид маълумотларга кўра, ушбу компанияларнинг 38 700 нафар ходим олдидаги жами иш ҳақи қарздорлиги тахминан 131 миллион долларга етган.
Қарзларни қоплаш учун компанияларнинг асосий фаолиятига кирмайдиган активларини, жумладан Самарқанддаги Silk Road Samarkand мажмуасининг саккизта меҳмонхонасини сотиш чоралари белгиланган.
Бу ерда ўта жиддий иқтисодий ва ахлоқий зиддият мавжуд. Бир томонда – нефть конлари, йирик қурилиш шартномалари, қимматбаҳо меҳмонхоналар ва стратегик корхоналар. Иккинчи томонда – ойлаб маошини ололмаган ўн минглаб ишчилар.
Қандай қилиб улкан активларни бошқарган компаниялар ўз ходимлари олдидаги энг оддий мажбуриятларини бажара олмай қолди? Бу инқироз кутилмаганда юзага келдими ёки унинг белгилари анча олдин маълум бўлганми? Яна бир муҳим савол: хусусий компаниялар молиявий инқирозга учраганда, нима учун давлат махсус ишчи гуруҳлар тузиб, уларнинг қарзларини тартибга солиш билан шуғулланишига тўғри келмоқда? Албатта, ўн минглаб ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатнинг вазифаси. Бироқ хусусий бизнеснинг таваккалчилиги охир-оқибат жамият зиммасига юкланишига йўл қўйиб бўлмайди. Фойда хусусийлаштирилиб, зарар давлатлаштириладиган иқтисодий модель барқарор бозор иқтисодиёти эмас.
КОНЛАР ҚАЙТАРИЛДИ. АММО КИМГА?
Иқтисодий шарҳловчи Отабек Бакиров ўзининг Bakiroo Telegram каналида айнан шу масалага эътибор қаратган. Унинг таъкидлашича, Saneg лицензиялари бекор қилингани маълум қилинган бўлса-да, конларни ҳозир ким эксплуатация қилаётгани, уларнинг фойдаланиш ҳуқуқи кимга ўтказилгани ва аввалги инвесторга нисбатан қандай молиявий санкциялар қўллангани очиқ қолмоқда. Бакиров ҳисоботлар, битимлар ва бошқарув тизимида ошкоралик бўлиши зарурлигини таъкидлайди.
Бу эътирознинг асоси бор.
Конлар давлат мулки бўлиб қолгани ҳақидаги расмий изоҳ жамоатчиликни қаноатлантириши учун етарли эмас. Чунки ер ости бойликларига эгалик ҳуқуқи билан улардан фойдаланиш ва даромад олиш ҳуқуқи бошқа-бошқа масалалардир.
Ҳозирча бекор қилинган лицензияларнинг аниқ сони ҳам очиқланмаган. Шунинг учун барча 103 та кон давлат назоратига қайтарилди, деб хулоса қилишга асос йўқ.
Энг катта хавф – стратегик активлар бир имтиёзли гуруҳдан олиниб, худди шундай шаффоф бўлмаган механизм орқали бошқа гуруҳга топширилиши.
Агар шундай бўлса, бу ислоҳот эмас, иқтисодий таъсир доираларининг қайта тақсимланиши бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг