ОЛТИ КИШИЛИК ПОСТДА ТЎРТ ХОДИМ: САМАРҚАНД ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИДА ҚОЛГАН ИККИ МАОШ ҚАЕРГА КЕТЯПТИ?
Самарқандда шартнома асосида қўриқланадиган постларда 6 ходим ўрнига 4 киши ишлаётгани, дам олиш соатлари қисқартирилаётгани ва қолган икки ходим маошининг тақдири ноаниқлиги ҳақида мурожаат келди. Маълумотлар ҳозирча мустақил тасдиқланган эмас.
Самарқанд шаҳридаги шартнома асосида қўриқланадиган постларда ишловчи ходимлар номидан Элтузарга келган мурожаатда хизмат юкламаси, дам олиш вақти ва маош ҳисоб-китоби юзасидан эътирозлар билдирилган.
Мурожаат муаллифига кўра, битта постда олти киши ишлаши, ходимлар бир сутка хизмат қилиб, кейин икки сутка дам олиши белгиланган. Қўриқлаш хизматидан фойдаланувчи ташкилот ҳам олти ходим учун ойлик тўловни бухгалтерияга ўтказиб беради, дейилади мурожаатда.
Бироқ муаллиф амалда айрим постларда мунтазам равишда тўрт киши ишлаётганини, натижада ходимлар бир сутка хизмат қилиб, бир суткагина дам олаётганини иддао қилмоқда.
«Вақтинча таътил ёки касаллик варақаси бўлса, тушунамиз. Лекин йиллаб шундай ишлаган пайтларимиз бўляпти. Қолган икки киши ва уларнинг ойлик маоши қаерга кетганини ҳеч ким билмайди», — дейилади мурожаатда.
Яна бир эътироз – 24 соатлик хизматдан кейин ҳам етарлича дам олиш имкони берилмаётгани. Муаллифнинг айтишича, ходимларни навбатчиликдан чиққанидан уч-тўрт соат ўтиб, яна тадбирларга жалб қилиш ҳолатлари кўп учрайди.
Мурожаатда суткалик хизматдан кейин камида саккиз соат бошқа вазифаларга жалб қилмаслик кераклиги ҳақида фикр билдирилган. Бироқ ушбу талабнинг қайси меъёрий ҳужжатга асосланиши кўрсатилмаган.
Муаллиф қўриқлаш хизматидаги ушбу муаммоларни жамоатчиликка олиб чиқишда ёрдам сўраган.
Мурожаатдаги маълумотлар мустақил тасдиқланган эмас. Элтузарга постларнинг штат жадвали, навбатчилик табеллари, шартномалар ва иш ҳақи ҳисоб-китоблари тақдим этилмаган. Шу боис икки ходим учун ажратилган маблағнинг тақдири ёки молиявий қоидабузарлик мавжудлиги ҳақида ҳозирча хулоса чиқариб бўлмайди.
Масъуллар ушбу постларда нечта ходим ишлаши белгилангани, амалда нечтаси хизмат қилаётгани, тўловлар қандай ҳисобланаётгани ва суткалик навбатчиликдан кейинги дам олиш тартибига изоҳ бериши зарур. Элтузар тегишли идораларнинг муносабатини эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг