Самарқанд шаҳрида 3-6 май кунлари Осиё тараққиёт банки (ОТБ) бошқарувчилари кенгашининг йиллик йиғини бўлиб ўтди. Унда Германиядан ҳуқуқбон Умида Ниёзова ҳам иштирок этиб, фуқаролик жамиятига қарши репрессиялар ОТБ лойиҳалари доирасидаги “конструктив маслаҳатлашувлар, ҳисобдорлик ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнлари”га қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида маъруза қилди.

Берлиндаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми раҳбари Умида Ниёзованинг билдиришича, у тадбирда қатнашиши учун зарур бўлган рўйхатдан ўтиш жараёнида Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан турли тўсиқларга дуч келган. У бу ҳақда кейинроқ халқаро нашрлардан бири учун алоҳида мақола ёзишини маълум қилди.

Ҳуқуқбоннинг таъкидлашича, бир томондан Ўзбекистонда фуқаролик фаоллари учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги айтилса, иккинчи томондан айнан шу мавзудаги чиқишларга тўсқинлик қилиниши зиддиятли ҳолатдир.

Ниёзова Осиё тараққиёт банки яқинда ўз лойиҳалари доирасида “репрессияларга нисбатан нол тоқат” тамойилини қабул қилганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, банк авторитар давлатларда ҳам фуқаролик жамияти ва оддий фуқароларни лойиҳалар муҳокамасига жалб этишга интилаётган бўлиб, уларнинг фикри учун таъқиб қилинмаслигини таъминлашни мақсад қилган.

Ҳуқуқбон “Янги Ўзбекистон” очиқ ва тез ривожланаётган иқтисодиёт сифатида тақдим этилаётган бир пайтда, мамлакатда фуқаролик жамияти ҳали ҳам ҳимоясиз ва заиф аҳволда қолаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, кредитлар ажратишда айнан шу омиллар ҳам инобатга олиниши лозим.

Шунингдек, у барқарор иқтисодий ривожланиш фақат ялпи ички маҳсулот ўсиши билан эмас, балки мустақил институтлар, жумладан касаба уюшмалари ва кучли фуқаролик жамияти мавжудлиги билан ҳам боғлиқ эканини қайд этди.

Умида Ниёзова демократик ташаббуслар ва мустақил ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари хавф эмас, балки жамият учун устунлик сифатида қаралиши кераклигини билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳуқуқбонлар бўлмаган жойда инсон ҳуқуқлари бузилиши йўқолиб кетмайди, балки тўпланиб боради.

Ҳуқуқбон ОТБнинг фуқаролик жамиятига қарши репрессияларга “нол тоқат” сиёсати қўллаб-қувватлашга арзишини айтди. Бироқ бу сиёсат амалда ҳам аниқ ва қатъий тарзда ишлаши, репрессия ҳолатларида банк қанчалик тезкор муносабат билдириши, терговни ким ўтказиши ва қандай санкциялар қўлланиши очиқ бўлиши кераклигини таъкидлади.