НЕГА РУСЛАНБЕК ДАВЛЕТОВДАН “ДАҲО” ЯСАШЯПТИ?
Русланбек Давлетов атрофидаги “ислоҳотчи” образи қай даражада асосли? Матнда унинг Адлия вазири сифатидаги қонунчиликка таъсири, сўз ва дин эркинлиги, ННТлар ва сиёсий рақобатга оид қарорлари таҳлил қилинади.
Русланбек Давлетовнинг Президент маслаҳатчиси вазифасидан олиниб, Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори этиб тайинлангани ҳақида хабар тарқалиши билан ижтимоий тармоқларда яна таниш манзара кузатилди.
Кимдир уни буюк ислоҳотчи, кимдир замонавий давлатчиликнинг асосий меъморларидан бири, яна кимдир дунёвий Ўзбекистоннинг деярли бош ҳимоячиси сифатида кўрсатмоқда.
Лекин давлат амалдорини баҳолашда унинг дипломи, инглиз тили ёки чиройли интервьюлари эмас, у ҳокимиятда турган пайтда қандай институтлар ишлагани ва қандай қонунлар қабул қилингани муҳим.
Шу нуқтадан қаралганда, Давлетовнинг сиёсий портрети ижтимоий тармоқларда чизилаётгандай силлиқ эмас.
Русланбек Давлетов 2017–2022 йилларда Адлия вазирлигини бошқарди. Бу даврда у очиқлик, қонун устуворлиги ва сўз эркинлиги ҳақида кўплаб замонавий фикрларни айтди. Масалан, 2020 йилда у Ўзбекистон чеклов қўйиш борасида “уста” бўлиб келганини тан олиб, энди ҳуқуқларни таъминлаш ҳақида кўпроқ ўйлаш кераклигини айтган. ОАВ билан муаммо чиқса, уни суд орқали ҳал қилишни таклиф қилган.
Жуда яхши гаплар.
Аммо амалдорнинг мероси унинг гаплари билан эмас, у раҳбарлик қилган муассаса эришган натижа билан ўлчанади.
2021 йилда Ўзбекистон интернет орқали Президентни “ҳақорат қилиш ёки туҳмат қилиш” учун беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш имконини берувчи нормаларни кучга киритди. Ўша пайтда айнан Давлетов раҳбарлик қилган Адлия вазирлиги янги нормалар кучга кирганини жамоатчиликка эълон қилди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси – CPJ бу ўзгартишларни сўз ва матбуот эркинлигини жиддий чеклайдиган қонунлар деб баҳолади.
Давлетовнинг диний сиёсатдаги мероси ҳам шунга ўхшаш зиддиятларга бой.
2020–2021 йилларда янги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун тайёрланди. Русланбек Давлетов Адлия вазири сифатида қонун муҳокамаларида қатнашган ва унинг биринчи ўқилиши пайтида парламентда сўзга чиққанди. Forum 18 ўша пайтда лойиҳада диний ташкилотларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш, диний адабиёт устидан назорат ва миссионерлик фаолиятини тақиқлаш каби чекловлар сақланиб қолганини танқид қилганди.
Кейин Human Rights Watch ҳам 2021 йилги қонунда халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига зид қатор чекловлар сақланганини таъкидлади. Хусусан, тинч даъват, давлат тасдиғидан ўтмаган диний таълим ва айрим диний материалларни тарқатиш бўйича чекловларни танқид қилди.
2022 йилда эса Давлетовнинг имомлар ҳақидаги чиқиши катта баҳсга сабаб бўлди. У диний арбоблар ўз қарашларидан келиб чиқиб бутун жамиятга “ўлчов” белгиламаслиги кераклигини айтди ва инсоннинг ишониш ёки ишонмаслигини унинг конституциявий ҳуқуқи деб атади. Бу фикрни, дунёвий давлат нуқтаи назардан олиб қараганда, мантиқий деб айтиш мумкин.
Аммо муаммо бошқа ерда. Дунёвийлик – диндорни давлат назорати остига олиш дегани эмас. Дунёвийлик – давлатнинг ҳам диндорга, ҳам динсизга тенг масофада туриши демакдир.
Давлетов вазир бўлган даврда эса диний соҳада давлатнинг рухсат бериш, рўйхатга олиш, текшириш ва назорат қилиш ваколатлари кучлилигича қолди. Буни халқаро ҳуқуқ ташкилотлари қайта-қайта танқид қилди.
Фуқаролик жамияти масаласида ҳам саволлар кам эмас. Human Rights Watch 2021 йилда мустақил ННТларнинг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиш йўлидаги тўсиқларини ҳужжатлаштирган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Азам Турғунов ташкилоти бир неча марта рад жавобини олган. HRW маълумотига кўра, бир учрашувда Русланбек Давлетов Турғуновга янги ташкилотни рўйхатдан ўтказишнинг ҳожати йўқлиги ва бошқа ташкилотга қўшилиши мумкинлигини айтган.
Бу жуда муҳим эпизод. Чунки вазирнинг вазифаси “сенга янги ташкилот керак эмас”
дейиш эмас. Вазирнинг вазифаси – қонун талаблари бажарилган бўлса, фуқаронинг уюшиш ҳуқуқини таъминлаш.
Сиёсий рақобат масаласида ҳам худди шундай савол пайдо бўлади. 2021 йилда Давлетов рўйхатдан ўтмаган “Эрк” демократик партияси вакиллари билан учрашган. Кейин уларга партия рўйхатдан ўтказилмаслиги маълум қилинган. Ўша пайтда Ўзбекистонда бирорта ҳақиқий мухолиф партия давлат рўйхатидан ўтмаган эди.
Шунинг учун Русланбек Давлетов ҳақидаги баҳсни “у яхши одамми ёки ёмон одамми?” деган примитив саволга тушириб қўйиш керак эмас.
Хўш, у ислоҳотчими ёки эски назорат давлатини замонавий юридик тил билан безаган ҳуқуқшунос?
Балким, иккаласи ҳам маълум даражада тўғридир.
Унинг даврида давлат бошқарувида муайян очилишлар бўлди. Ўзи ҳам баъзан бюрократияни, ҳуқуқий нигилизмни ва давлат органларининг ёпиқлигини очиқ танқид қилди. Human Rights Watch ҳатто 2021 йилда Давлетовнинг баҳсли қонун лойиҳаларини очиқ муҳокама қилиш ва ҳуқуқий экспертизага юбориш тарафдори бўлган чиқишини ижобий қайд этган.
Аммо уни “эркинлик қаҳрамони”га айлантириш учун тарихнинг ярмини ўчиришга тўғри келади.
Чунки айнан Давлетов вазирлиги даврида Президентни интернетда ҳақорат қилиш учун жиноий жазо кучайтирилди; мустақил ташкилотлар рўйхатдан ўтишда тўсиқларга дуч келди; ҳақиқий мухолифат партиялари сиёсий майдонга киролмади; диний соҳада давлат назоратининг асосий механизмлари сақланиб қолди. Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари бу муаммоларнинг кўпини ўша пайтнинг ўзида ҳужжатлаштирган.
Энди эса шу сиёсатчи Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтига, яъни қонунчиликни таҳлил қилиш, ҳуқуқий сиёсат бўйича таклиф тайёрлаш ва Президент қарорларини илмий-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш билан шуғулланадиган тузилмага раҳбар бўлмоқда.
Демак, Давлетов сиёсатдан кетмади. У фақат камроқ кўзга ташланадиган, аммо ҳуқуқий сиёсат нуқтаи назаридан жуда муҳим хонага кўчди.
Шу сабаб уни бугунданоқ “замонамиз даҳоси” деб кўкка кўтаришга шошилмаслик керак. Давлетовнинг ҳақиқий таржимаи ҳоли уни мақтаган постларда эмас – у тайёрлаган қонунларда, у бошқарган институтларда ва ўша институтлар олдида ҳуқуқини талаб қилиб турган фуқаролар тақдирида ёзилади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг