РОССИЯ НАТОГА ҲАММАДАН КЎПРОҚ МУҲТОЖ…
Мақола Россиянинг НАТОга муносабати, Ғарбга қарши ахборот-психологик стратегияси ва Украинадаги уруш орқали шаклланаётган янги хавфсизлик манзарасини таҳлил қилади. Муаллиф Марказий Осиё учун қандай хулосалар муҳим эканини ҳам кўрсатади.
Ушбу қисқа таҳлилий мақола кенг кўламли тадқиқот лойиҳаси асосида тайёрланган бўлиб, унда маълумотларни таҳлил қилиш ва танқидий хулосаларга келиш учун Тузилмалаштирилган таҳлилий усуллар (Structured Analytic Techniques) доирасидаги «Тахайюлга асосланган фикрлаш усули» (Imaginative Thinking Method) қўлланилган.
Иккинчи жаҳон уруши даврида Совет Иттифоқи разведка ва хавфсизлик хизматларига Британия ва АҚШ томонидан Адольф Гитлерга қарши амалга оширилиши мумкин бўлган ҳар қандай суиқасд режасини барбод қилиш вазифаси юклатилганини билармидингиз?
Бир қарашда ғалати туюладиган бу вазифанинг сабаби шунда эдики, ўша даврдаги Совет сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти қуйидаги хулосага келган эди:
Биринчидан, агар британияликлар ва америкаликлар Гитлерни ўлдириш режасини муваффақиятли амалга оширса, улар Берлинда ўзларига қарам ҳукумат ўрнатиши ва уни СССРга қарши биргаликда қўллаб-қувватлаши мумкин эди;
Иккинчидан, Советлар ўз агентларини сингдириш орқали Гитлер ва унинг фикрлаш тарзи ҳақида деярли барча нарсани билишарди. Улар шахсияти ва фикрлаш услуби мутлақо номаълум бўлган янги раҳбарнинг пайдо бўлишини истамасди. Чунки бундай янги шахсни ўрганиш Советлардан қўшимча ресурсларни талаб қилар, ўша шароитда эса СССР бундай ресурсларни ажрата олмас эди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Россия, ҳеч бўлмаганда ҳозирги даврда, Европада НАТОнинг ҳарбий ва хавфсизлик соҳасидаги устунлиги сақланиб қолишига муҳтож.
Россия НАТОга ўхшаш, аммо мутлақо Европа давлатларининг ўзига тегишли бўлган янги ҳарбий-сиёсий тузилманинг пайдо бўлишини истамайди.
Россия разведка ва хавфсизлик хизматлари ўзлари сингдирган ва ёллаган агентлар туфайли НАТОни жуда яхши билади. Шу сабабли улар, ҳеч бўлмаганда маълум даражада, НАТО қандай ҳаракат қилишини олдиндан тахмин қилиш ва у билан қандай муносабатда бўлишни – албатта, АҚШ орқали – ҳисоблаб чиқиш имкониятига эга.
Аммо Европа НАТОга ўхшаш, фақат европаликларнинг ўзига тегишли мустақил сиёсий ва ҳарбий тузилма ярата олса, бу Россия учун ҳақиқий даҳшатга айланиши мумкин.
Сабаби, Украинадаги уруш туфайли Россиянинг ресурслари – инсон капитали, моддий-технологик имкониятлар, иттифоқчилар, маънавий-руҳий салоҳият ва бошқа воситалари – аллақачон жиддий даражада зўриққан.
Агар Путин Украинадаги урушдан ҳозир чиқиб кетса, у на юзини йўқотади, на Россиянинг ҳарбий қудрат сифатидаги обрўсига ҳалокатли путур етади…
Россия Украинага қарши қонунга хилоф урушини бошлаган дастлабки кунларданоқ Путин бошчилигидаги Россия раҳбарияти онг ости даражасида шиддатли ахборот-психологик уруш олиб бориб келмоқда.
Аниқроқ айтганда, Россия жамоатчилик онгига қуйидаги ғояни сингдиришга ҳаракат қилди:
«Биз Украинада Россияни йўқ қилишни истаган Ғарб томонидан ҳам очиқ, ҳам яширин равишда қўллаб-қувватланаётган душманга қарши урушяпмиз».
Энди агар Россия Украинадаги урушда ғалаба қозонса, бу Ғарб қўллаб-қувватлаган «нацистик режим» устидан қозонилган яна бир буюк ғалаба сифатида тақдим этилади.
Агар Россия урушда мағлуб бўлса, бу ҳам бошқача талқин қилиниши мумкин: Россия ўта оғир урушда Ғарбга муносиб сабоқ бера олди, деган қараш илгари сурилади.
Бундай стратегияни Чингизхоннинг энг истеъдодли саркардаларидан бири – Субутой Нўён ишлаб чиққан ва амалда қўллаган.
Россия Ғарб ҳануз тўлиқ англаб етмаган туркий-мўғул ҳарбий стратегияларидан қандай фойдаланаётганини кузатиш жуда қизиқ.
Кекса бир КГБ офицерининг сўзлари билан айтганда:
«…КГБ табиатдан ўрганарди. Оператив усулларимизни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнида биз ҳатто айрим вирусларни ҳам синчиклаб ўрганардик. Масалан, ОИВ деб аталадиган вирусни. Биласизми, нега олимлар унга қарши тўғри антидот ишлаб чиқишда қийналган? Чунки у ўз шаклини ўзгартиради. Таҳлилчиларимиз биз ҳам худди шундай – ушлаб бўлмайдиган, доим ўзгариб турадиган усулларни ишлаб чиқишимиз ва қўллашимиз керак, деган хулосага келишган».
Ушбу таҳлилий мақолага юқоридаги икки қисқа эмпирик мисолни киритишдан мақсад – урушнинг табиати ва хусусияти ҳам моддий, ҳам ғоявий омиллар таъсирида жуда тез ўзгариб бораётганини кўрсатишдир.
Моддий омилларга, масалан, технологик тараққиёт, халқаро тизим ва унинг босими киради.
Ғоявий омилларга эса эътиқодлар, шахсият, маданият, ғоялар ва қадриятларни киритиш мумкин.
Технологик тараққиёт уруш тарафдори бўлган гуруҳларга инсонларни ўлдириш учун тобора ҳалокатли ва мураккаб воситалар яратиш имконини бермоқда.
Марказий Осиё халқлари ва давлатлари ана шу шафқатсиз воқеликка тайёр бўлиши керак.
Минтақа давлатларининг бирлашиши ва Марказий Осиёнинг коллектив хавфсизлигини таъминлаш йўлида ҳамкорлик қилиши – бизнинг Марказий Осиёга хос ўзлигимиз ва қадриятларимизни сақлаб қолишнинг ягона йўлидир.
Акс ҳолда, юқорида тилга олинган урушнинг мураккаб ва янги кўринишлари қаршисида Марказий Осиё заиф ва ҳимоясиз бўлиб қолаверади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг