Рақобат қўмитаси оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда биологик фаол қўшимчалар – БАДлар, турли малҳам, суртма, бальзам, дамлама ва минерал сувларни касалликларни даволовчи восита сифатида реклама қилиш ҳолатлари кенгайиб бораётганидан огоҳлантирди.

Қўмита маълумотига кўра, айрим рекламаларда бундай маҳсулотлар диабет, инсульт, гастрит, юрак-қон томир, жигар ва буйрак касалликлари, артрит, гипертония ҳамда бошқа хасталикларни даволашда самарали восита сифатида тарғиб қилинмоқда. Бу эса истеъмолчиларда ушбу маҳсулотлар дори воситаси экани ҳақида нотўғри тасаввур шаклланишига олиб келиши мумкин.

Ваколатли органлар хулосасига кўра, биологик фаол қўшимчаларнинг асосий вазифаси организмнинг фойдали моддаларга бўлган кундалик эҳтиёжини қондиришдан иборат. Улар дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган.

Рақобат қўмитаси БАДларни даволовчи восита сифатида талқин қилиш, уларнинг шифобахш хусусиятларини бўрттириб кўрсатиш амалдаги қонунчилик талабларига зид эканини таъкидлади.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси маҳсулот дори воситаси ёки даволаш хусусиятига эга деган таассурот уйғотмаслиги керак. Шунингдек, рекламада одамларнинг даволангани ёки соғлиғи яхшилангани ҳақидаги ҳолатларга ҳавола қилиш, фуқароларнинг миннатдорлиги ёки тавсияларини келтириш, соғлом овқатланишдан воз кечишга ундаш тақиқланади.

Бундан ташқари, тадқиқотлар ёки маҳсулотнинг давлат рўйхатидан ўтгани ҳақидаги маълумотлар орқали уни дори воситаларидан устун қилиб кўрсатиш мумкин эмас. Ҳар бир БАД рекламасида «Ушбу маҳсулот дори воситаси эмас» мазмунидаги огоҳлантириш бўлиши шарт.

Қўмита реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун молиявий санкциялар қўлланилиши мумкинлигини ҳам эслатди.

Рақобат қўмитаси реклама берувчилар ва реклама тарқатувчиларни қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга, истеъмолчиларни чалғитувчи ёки асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақирди.