Янги Ўзбекистонда давлат хизматларини рақамлаштириш энг йирик ислоҳотлардан бирига айланди. Энди туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш, солиқ тўлаш, бизнесни рўйхатдан ўтказиш, кадастр маълумотларини олиш ёки айрим лицензияларни расмийлаштириш учун давлат идоралари эшигида ҳафталаб юриш шарт эмас. Бир неча йил аввал одамлар тасаввур ҳам қилмаган ишлар бугун смартфонда ҳал бўлади.

Коррупциянинг энг катта манбаи – мансабдор билан фуқаронинг бевосита мулоқоти ҳисобланади. Ҳужжат қабул қилувчи ходим қанча кўп ваколатга эга бўлса, қарор қабул қилишда субъективлик ҳам шунча ортади. Рақамлаштириш айнан шу занжирни қисқартиришни кўзда тутади. Электрон навбат, онлайн тўлов, автоматик маълумот алмашинуви каби жараёнлар орқали инсон аралашуви камайгач, маиший коррупция ҳам сезиларли даражада қисқарди.

Лекин рақамлаштириш коррупцияни бутунлай йўқ қилгани йўқ. Ҳозир коррупциянинг шакли ўзгарди.
Аввал пора ҳужжатни тезлаштириш учун берилган бўлса, энди айрим ҳолларда тендерларнинг техник шартларини маълум бир иштирокчига мослаштириш, электрон тизим алгоритмларига таъсир ўтказиш ёки рақамли маълумотлардан ноқонуний фойдаланиш каби мураккаб схемалар пайдо бўлмоқда.

Ҳар қандай электрон платформани инсон яратади ва бошқаради. Алгоритмлар шаффоф бўлмаса, маълумотларга кириш чекланган бўлса ёки тизимни назорат қилиш механизми етарли бўлмаса, рақамли технология ҳам коррупция воситасига айланиши тайин. Хусусан, айни дамда давлат хизматлари онлайн шаклга ўтганига қарамай, кўплаб фуқаролар ҳали ҳам «воситачи»ларга мурожаат қилмоқда. Кимдир электрон тизимдан фойдаланишни билмайди, кимдир вақт тежашни истайди. Шу боис айрим хизматлар атрофида янги хизмат бозори шаклланди. Рақамлаштиришнинг самараси фақат компьютерлар сони билан эмас, қатор муҳим омиллар билан ўлчанади.

Маълумотларнинг очиқлиги,
қарор қабул қилиш жараёнининг шаффофлиги, мустақил назорат, рақамли саводхонлик, давлат органларининг ҳисобдорлиги каби омиллар таъминланмаса, энг замонавий платформа ҳам коррупция хавфини бартараф эта олмайди.