Ўзбекистонда «Қуёшли хонадон» дастури доирасида қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар давлат томонидан белгиланган субсидия тўловларининг кечикаётганидан норози.

Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, у 2025 йил август ойида хонадонига 10 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатган. Амалдаги тартибга мувофиқ, ўз эҳтиёжидан ортиқча ишлаб чиқарилган ва ягона электр тармоғига узатилган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун 1000 сўм миқдорида субсидия тўланиши белгиланган.

Ушбу маблағлар «Soliq» мобил иловасининг «Қуёшли хонадон» бўлими орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасигача фуқароларнинг банк карталарига ўтказилиши керак. Бироқ 2026 йил апрель ва май ойларида тармоққа узатилган электр энергияси учун ҳисобланган субсидиялар ҳалигача тўлаб берилмади.

Бу ҳолат якка мисол эмас. Республика бўйлаб кўплаб қуёш панели эгалари ҳам шундай муаммога дуч келмоқда. Оммавий ахборот воситаларида ҳам мазкур тўловлар бир неча ойдан бери кечикаётгани ҳақида хабарлар тарқаляпти.

Энергетика вазирлиги ушбу субсидиялар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши, маблағларни ажратиш эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ваколатига киришини маълум қилган эди. Нега қонуний ҳисобланган субсидия маблағлари ўз вақтида тўланмаяпти?
2026 йил апрель ва май ойлари учун маблағлар қачон тўлаб берилади ўзи? Кечикиш учун қайси давлат органи ёки мансабдор шахс масъул? Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиладими?

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга ишонч билдириб, қуёш панеллари ўрнатган фуқароларнинг ҳуқуқларини қайси давлат органи ҳимоя қилади?

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Бош прокуратура, шунингдек, Олий Мажлиснинг тегишли қўмиталари ҳамда Ҳисоб палатаси расмий муносабат билдириши керак.

Давлат қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантирар экан, ушбу дастур доирасида зиммасига олган молиявий мажбуриятларни ҳам ўз вақтида бажариши муҳим. Акс ҳолда, «Қуёшли хонадон» дастури ва қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги давлат сиёсатига бўлган ишончга путур етиши тайин.