МИГРАЦИЯ – УРУШНИНГ ЯНГИ ШАКЛИМИ ЁКИ ҚАДИМИЙ ГЕОСИЁСАТ ВОСИТАСИ?
Мақолада миграциянинг қадимдан то бугунгача геосиёсий қурол сифатида қўлланиши, Хитой, Беларусь, Марокаш ва Россия мисолида аҳоли оқимлари орқали босим ўтказиш, демографик ўзгартиш ва гибрид уруш стратегиялари таҳлил қилинади.
Ушбу битик XXI асрда сиёсий таъсир манбаларининг диверсификациялашувига бағишланган. Давлат ва нодавлат субъектлар муайян ташқи сиёсий, сиёсий, геосиёсий, хавфсизлик ва иқтисодий мақсадларни илгари суриш ҳамда амалга оширишда қай даражада ижодкор бўлиши мумкинлигини кўрсатиш учун миграция мавзуси танланди.
Давлатлар қадимдан миграциядан уруш, дипломатия ва геосиёсатнинг кучли воситаси сифатида фойдаланиб келган. Масалан, Хитой императори У Ди ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларида жойлашган Даван давлатига бостириб кириш учун 100 минг кишилик қўшини билан бирга 150 минг нафар хитойликни ҳам юборган.
У ички Хитойдан минглаб одамларни олиб келиб, Даван ҳудудига жойлаштириш орқали бир қатор стратегик мақсадларга эришишни кўзлаган. Жумладан, Хитой маданияти ва тилини янада кенг ёйиш, Фарғона водийсининг маҳаллий аҳолисини ассимиляция қилиш, водийдаги пўлат ишлаб чиқариш ҳунармандчилиги ҳамда уруш учун муҳим стратегик восита бўлган отларга эга чиқиш, шунингдек, прототуркий гуйшуанлар – кушон кўчманчиларининг Фарғона водийсидаги протоэроний аҳоли билан иттифоқ тузишига йўл қўймаслик мақсад қилинган.
Бир пайтлар У Ди томонидан ишлаб чиқилган ва кенг қўлланилган ушбу стратегия ҳозир ҳам Хитой ҳукуматининг ташқи ва ички сиёсий, геосиёсий, иқтисодий ҳамда хавфсизликка оид мақсадларини илгари суриш ва амалга оширишда муҳим восита бўлиб қолмоқда.
Масалан, 1990-2024 йиллар оралиғида Хитой ҳукуматининг бевосита кўмаги билан 10 миллион нафар хан хитойи Шарқий Туркистонга – Шинжонга кўчиб келган. Бундан ташқари, Хитой 2046 йилга қадар ички ҳудудлардан тахминан 30 миллион нафар хан хитойини Шарқий Туркистонга кўчиришни режалаштирмоқда. Уйғурлар ва бошқа этник озчиликлар этник ассимиляцияга дучор қилинмоқда. Худди шундай ҳолат Тибетда ҳам кузатилмоқда.
Клингедал ҳисоботи хулосаларига кўра, миграция «давлатлар томонидан ташқи сиёсий мақсадларга эришиш ёки рақибларни беқарорлаштириш учун чегаралараро аҳоли оқимларини атайлаб бошқариш ёхуд мажбурий равишда йўналтириш» воситасига айланган.
Кўпинча «қуроллаштирилган миграция» деб аталадиган ушбу усулда инсонларнинг кўчиши молиявий ёрдам олиш, сиёсий ён беришларга мажбурлаш ёки жамиятдаги бўлинишлардан фойдаланиш мақсадида геосиёсий босим воситаси сифатида ишлатилади.
АСОСИЙ МЕХАНИЗМ ВА СТРАТЕГИЯЛАР
Давлатлар стратегик мақсадларга эришиш учун одамларнинг ҳаракатланишидан бир нечта алоҳида усулда фойдаланади.
Мажбурий муҳандислик
Ҳукуматлар нишонга олинган мамлакатни ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга мажбурлаш учун қочқинлар ва мигрантлар оқимини атайлаб юзага келтиради, енгиллаштиради ёки муайян йўналишга буриб юборади.
Бу кўпинча асимметрик гибрид уруш шаклида амал қилиб, нишонга олинган давлатнинг чегара хавфсизлиги тизими ва гуманитар ресурсларига ортиқча босим юклайди.
Миграция дипломатияси
Айрим мамлакатлар транзакцион ёндашувни қўллаб, манзил давлатларидан ташқи ёрдам, савдо келишувлари ёки дипломатик эътироф эвазига ноқонуний миграция оқимларини чеклаш ёки тартибга солишни таклиф қилади.
Демографик ўзгартириш
Тарихда ҳам, ҳозирги даврда ҳам айрим субъектлар ҳудудий ёки геосиёсий устунликни таъминлаш мақсадида муайян минтақанинг этник, маданий ёки сиёсий таркибини атайлаб ўзгартириш учун аҳолини кўчириши ёки мажбуран сиқиб чиқариши мумкин.
ЗАМОНАВИЙ ДАВРДАГИ МАШҲУР МИСОЛЛАР
Беларус ва Европа Иттифоқи
Беларус ҳукумати Европа Иттифоқи санкцияларига жавоб тариқасида Яқин Шарқдан мигрантларни самолётларда олиб келиб, уларни қўшни Польша, Литва ва Латвия чегаралари орқали ўтишга йўналтирган. Бу миграциянинг сиёсий восита сифатида ишлатилиши деб баҳоланган.
Марокаш ва Испания
2021 йил май ойида Марокаш чегара назоратини юмшатиб, минглаб мигрантларнинг Испаниянинг Сеута эксклавига киришига йўл қўйган.
Бу ҳолат Испаниянинг Ғарбий Саҳродаги айирмачи ҳаракат – Полисарио фронти раҳбарларидан бирига бошпана берганига жавобан қўлланилган дипломатик мажбурлаш воситаси сифатида кенг талқин қилинган.
Россия ва Европа
Украинага қарши кенг кўламли босқин бошланганидан кейин Россия миллионлаб украиналик қочқинларнинг кўчишини Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаси, иқтисодий имкониятлари ва сиёсий ҳамжиҳатлигига атайлаб босим ўтказиш воситасига айлантиргани таъкидланади.
2022 йил февралда Россиянинг Украинага қарши ноқонуний босқинидан кейин тахминан 400 минг нафар «релокант» Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга келди.
Эътиборли жиҳати шундаки, Россия ҳукумати ўз фуқароларининг мамлакатдан чиқиб кетишини тўхтатмади. Айрим ҳарбий ва хавфсизлик мутахассисларининг фикрича, Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари ушбу миграция жараёнига нисбатан ўта эҳтиёткор бўлиши керак.
Бунинг сабаби шундаки, мазкур россияликлар Марказий Осиё минтақасини беқарорлаштириш ва яқин келажакда урушларни қўзғатиш орқали Путиннинг собиқ СССРни қайта тиклаш мақсадини амалга ошириш учун Россия ҳукуматининг ўзи томонидан атайлаб юборилган бўлиши мумкин.
Айни пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ўз ҳудудларига хитойликларнинг катта оқимда кириб келишини кузатмоқда. Хитой Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудларига нисбатан сиёсий даъволарга эга экани сабабли мазкур миграция жараёнига жиддий эътибор билан ёндашиш зарур.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг