Болаликнинг кўзлари катта, қалби қайноқ, оппоқ ва жуда кенг бўлади. Саҳарда ҳайит намозига бораман дея кун санаган ҳам болалар, фалон марта ухлаб турсам туғилган куним бўлади дея тун санаган ҳам болалар.

Улғайдик, байрамлар тақвимдаги қизил кунга айланиб қолди. Байрам тадорикини ота-онамиз кўрадиган ёшдан ўтдик. Болаликда вазифамиз фақат интиқиб кутиш, сўнг ҳайратланиш эди.

Ҳаёт тажрибамиз ортди, деярли ҳамма нарса олдиндан маълум бўлиб қолди. Қайси куни ким қандай табрик ёзишини ҳам тахмин қилиш мумкин. Байрамнинг шукуҳи ноаниқлик ва интизорликда эди. Ҳавотирларимиз, ҳадик ва ташвишларимиз биринчи планга чиқиб кетгандир балки. Яшашдан мақсад – завқланиш ва бахтли бўлиш эканини бир он эслаб, сўнг хўрсинганча энтикиб қўямиз.

Балки шунинг учун одамлар фарзандли бўлгач байрамни қайта ҳис қила бошлайди. Унинг шукуҳи ёш ўтгани сайин эмас, ҳайратлана олиш қобилияти билан сўниб қолади гўё.

Бугун – қурбон ҳайити, байрам. Самимий байрамлар диний ёки дунёвийга ажратилмайди. Саҳарлаб қанд-ҳолва, ҳайитлик кўтган болаларнинг байрами бугун, узун йўлларимизга кўз тиккан соғинганларимизнинг байрами бугун. Ҳар келганнинг орасида онасини қидирган келинчаклару, ота-онамга фалон совға оламан деб илиниб юрган фарзандларнинг байрами бугун. Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин.

Элтузар таҳририяти