“ҚУМҚЎРҒОН ВОҚЕАСИ” АТРОФИДАГИ САВОЛЛАР
Қумқўрғонда вояга етмаган қизнинг отаси томонидан қийноққа солиниши жиноят ишига сабаб бўлди. Мақолада фақат бир ота эмас, жамиятда болага зўравонликни “тарбия” деб қабул қилдирган қарашлар ва ҳимоя тизимидаги муаммолар танқидий ёритилади.
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида вояга етмаган қизга нисбатан содир этилгани айтилган шафқатсиз муносабат жамоатчиликни том маънода ларзага солди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, 25 июль куни боланинг онаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи қизини қийнаганини билдирган.
Зўравонлик аломатлари акс этган видеотасвир эса 2025 йил 30 декабрда олингани айтилмоқда. Демак, воқеа билан расмий мурожаат ўртасида қарийб етти ой вақт ўтган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси иккинчи қисми “а” банди – вояга етмаган шахсни қийнаш аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи ушланган.
Аммо бу хабарни фақат “бир ота қизини қийнабди” деган навбатдаги жиноят хроникаси сифатида қабул қилиш етарли эмас асло.
Қандай жамиятда катта одам ўзидан жисмонан ва руҳан бутунлай қарам бўлган болани таҳқирлашни тарбия усули деб билиши мумкин? Нега атрофдагилар бундай ҳолатни вақтида тўхтатмайди? Нега болани ҳимоя қилиш тизими кўпинча воқеа ижтимоий тармоққа чиққандан кейингина ҳаракатга келади?
Зўравонлик бир кунда пайдо бўлмайди
Оғир зўравонлик одатда ўз ўзидан юз бермайди. Бундай зўравонлик кўп йиллар давомида шаклланган қарашлар, муносабатлар ва жамият бефарқлигининг энг хунук кўриниши бўлади.
Бизнинг жамиятда ҳали ҳам “болани урмаса, одам бўлмайди”, “ота урса – тарбия учун уради” деган хавфли қарашлар чуқур илдиз отган.
Аслида эса бола ота-онанинг мулки эмас. Ота-оналик инсонга бола устидан чексиз ҳокимият эмас, уни ҳимоя қилиш мажбуриятини беради.
Жисмоний жазо “енгил тарсаки”дан бошланиши мумкин. Кейин ҳақорат, қўрқитиш, оч қолдириш, одамлар олдида шарманда қилиш ва янада оғир ҳаракатларга айланади. Чунки зўравонликка йўл қўйилган муҳитда чегара доим кенгайиб бораверади.
Ўзбекистонда 2021–2022 йилларда ўтказилган MICS тадқиқотига кўра, 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг 62 фоизи сўровдан олдинги бир ой ичида жисмоний жазо ёки психологик тажовуздан иборат зўравон тарбия усулларига дуч келган. Жумладан, 29 фоиз бола жисмоний жазоланган, 60 фоизи эса бақириш, ҳақоратлаш ёки қўрқитиш каби психологик тажовузни бошдан кечирган. Бу рақамларнинг барчаси оғир жиноий қийноқни англатмайди, аммо зўравонликнинг “тарбия” сифатида қанчалик кенг қабул қилинганини кўрсатади.
“Оилавий масала” деган хавфли девор бор.
Болага нисбатан зўравонликни яширадиган энг мустаҳкам девор – “бу оиланинг ички иши” деган тушунчадир.
Қўшни боланинг йиғисини эшитиши мумкин. Қариндошлар оиладаги вазиятни билиши мумкин. Мактаб ўқитувчиси боланинг хулқи ва танасидаги изларда ўзгаришни кўриши мумкин. Маҳалла масъуллари оила нотинч эканидан хабардор бўлиши мумкин.
Аммо кўпчилик аралашишдан қочади. “Эр-хотиннинг ишига аралашмайлик”.
“Отаси-ку, ўзи билади”. “Оилани бузиб қўймайлик”. “Элга шарманда бўламиз”.
Шу тариқа жамият кўпинча оиланинг ташқи обрўсини боланинг хавфсизлигидан устун қўяди.
UNICEFнинг Ўзбекистонда болаларни ҳимоя қилиш тизими бўйича баҳолашида ҳам оиладаги зўравонлик, шу жумладан болани жисмоний жазолаш кўп ҳолларда “шахсий оилавий масала” сифатида қабул қилиниши мурожаат қилиш ва ташқи аралашувга тўсқинлик қилаётгани қайд этилган. Зўравонлик кўламини аниқлаш ҳам маълумот етишмаслиги ва ҳолатлар ҳақида хабар берилмаслиги сабаб қийинлашмоқда.
UNICEF иштирокида ўтказилган сўровда респондент болаларнинг 60 фоиздан ортиғи ҳуқуқлари бузилган тақдирда ўзини ҳимоя қила олмаслигини билдирган. Айрим болалар жазодан қўрқиши ёки ҳуқуқини қандай ҳимоя қилишни билмаслиги айтилган.
Шунинг учун болани ҳимоя қилиш тизими унинг ўзи ариза ёзишини кутиб ўтирмаслиги керак. Мактаб, поликлиника, маҳалла, ички ишлар ва ижтимоий хизматлар хавф белгиларини боладан олдинроқ кўра олиши лозим.
Нега тизим видеонинг чиқишини кутади? Агар ўша видео чиқмаса нима бўларди?
Ўзбекистонда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 2025 йил 15 майдан кучга кирган. Қонун зўравонлик ҳақида маълумот олингач, боланинг ҳаётий вазиятини зудлик билан баҳолаш, бевосита хавфни бартараф этиш, зарур бўлса ҳимоя ордери бериш ёки болани зўравон шахсдан ажратиш, кейин эса уни ҳимоя қилиш бўйича алоҳида режа ишлаб чиқишни назарда тутади.
Жамиятнинг инсонийлиги кучсизларни қандай ҳимоя қилиши билан ўлчанади. Бола ўз уйида ҳам хавфсиз бўлмаса, биз фақат бир отадан эмас, бутун ҳимоя тизимидан ҳисоб сўрашимиз керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг