ҚОЗОҒИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ НИМА ДЕМОҚЧИ БЎЛДИ?
Қозоғистон президентининг Россия–Украина уруши ҳақидаги сўнгги баёноти нимани англатади? Муаллиф Остона ташқи сиёсатининг манфаатлар мувозанати, ёқилғи савдоси ва Кремль билан муносабатлар фонидаги ҳақиқий мақсадни таҳлил қилади.
Сиёсатчининг дўсти бўлмайди. Ватник тоифа Каримов Путиннинг устози эди, Россия дўстимиз дейиши – аҳмоқлик чегарасидаги соддаликдир. Мана, ҳозир яна шу қабиллаги дўст-душман ёрлиқларининг паради бошланди ижтимоий тармоқларда.
Қозоғистон президентининг Россия–Украина уруши ҳақидаги сўнгги баёноти сиёсий доираларда катта муҳокамага сабаб бўлди. Баёнот мазмунида урушнинг тезроқ тугаши кераклиги, унинг сабаблари тушунарсиз экани ҳақидаги фикрлар янгради. Бундай аксиомани қоғозга ўраб Путинга айтишдан муддао не эди?
Эътибор беринг, ушбу баёнот Россия томонидан Қозоғистондан ёқилғи таъминоти масаласида мурожаат қилиниши ҳақидаги хабарлар фонида айтилмоқда. Агар бу савдо маълумотлари тасдиқланса, баёнотлар шунчаки чалғитувчи сафсата бўлиб чиқади.
Халқаро муносабатларда бундай баёнотларга қараб «бале, бовурим» дейишга шошмайлик. Кўпинча кескинлик муҳим музокаралар олдидан сиёсий позицияни мустаҳкамлаш воситаси бўлади. Давлат раҳбарлари муҳим иқтисодий ёки энергетик масалалар муҳокамаси арафасида ўз ташқи сиёсий позицияларини очиқроқ намойиш қилиши амалиётда учраб туради. Бу орқали ҳам ички аудиторияга, ҳам ташқи ҳамкорларга муайян сиёсий сигнал юборилади.
Шу нуқтаи назардан қаралганда, Қозоғистон раҳбарининг чиқиши ҳам Остона ўзининг мустақил ташқи сиёсатини яна бир бор намойиш қилишга қаратилган қадам сифатида талқин қилиниши мумкин. Яъни иқтисодий ҳамкорлик алоҳида, сиёсий позиция эса алоҳида эканини кўрсатишга уриниш эҳтимоли мавжуд. Барибир, аввал иқтисод, иннанкейин сиёсат. Путинни бутун дунё олдида мулзам қилгандек бўлиб, орқаворотдан ёқилғи сотиш эмасмикан асл режа?
Марказий Осиё давлатлари сўнгги йилларда ташқи сиёсатда манфаатлар мувозанатини сақлашга ҳаракат қилмоқда. Россия билан иқтисодий алоқаларни сақлаган ҳолда, халқаро майдонда мустақил сиёсий позиция билдиришга интилиш минтақа дипломатиясининг муҳим хусусиятига айланиб бўлди. Қозоғистоннинг сўнгги баёноти ҳам ана шу мувозанат сиёсатининг навбатдаги кўриниши бўлиши мумкин – бир томондан, Россиянинг палапартиш қонхўр урушини кескин танқид қилиб, иккинчи томондан, Россиядаги мушкулотни енгил қилиш учун ёқилғи савдоси кенгаядими?
Қозоғистоннинг конформист позициясини ҳам тушуниш мумкин: яраланган айиқнинг панжаси остида кескин ҳаракат қилиш суиқасдга тенг. Шунингдек, ўрис нақлига кўра, «деньги не пахнут».
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг