ҚИЗИРИҚДА АҲОЛИ 10 КУНДАН БУЁН СУВСИЗ ҚОЛДИ
Қизириқ тумани Бунёдкор маҳалласидаги Чуқурсой кўчаси аҳолиси 10 кундан бери ичимлик сувисиз қолган. Янги уйларга сув тортиш жараёнида кўча қазилиб, асфальт тикланмагани ва муаммо ҳануз ҳал этилмаётгани айтилмоқда.
Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани Бунёдкор маҳалласи, Чуқурсой кўчаси аҳолиси 10 кундан буён ичимлик сувисиз яшаяпти.
Қўшни Равот кўчасидаги янги қурилган уйларга сув тортиш мақсадида Чуқурсой кўчаси қазилган. Сув янги хонадонларга етказилган, аммо бузилган асфальт йўллар тикланмади. Кўчалар чанг ва нотекис ҳолатда қолди.
Аҳоли янги уйлардан бирига туман кадастр агентлиги раҳбари Илёс Тоштемиров кўчиб келганини, ушбу хонадонларга сув тезда тортилиб, атрофи ободонлаштирилганини таъкидламоқда.
Чуқурсой кўчаси аҳолиси сойдан, ҳатто ҳайвон жасадлари оқиб ўтаётган лойқа сувни ташиб келиб, тиндириб ичишга мажбур бўляпти. Фуқаролар туман ва вилоят сув таъминоти раҳбарлари ҳамда ҳокимият вакилларига мурожаат қилган, бироқ муаммо ҳануз ҳал этилмади.
Масъуллардан аҳолини зудлик билан тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва бузилган йўлларни тиклаш талаб қилинади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг