ҚИЗИЛТЕПА ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИДА ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ УЧУН ПОРА СТАВКАСИ ҚАНЧА?
Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти ва кадрлар бўлимида ишга қабул қилиш, ставка тақсимоти ва ходимларга муносабатда жиддий камчиликлар, эҳтимолий пора ва суистеъмол ҳолатлари кузатилayotgani айтилмоқда.
Навоий вилояти Қизилтепа тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти ва кадрлар бўлими ходимлари фаолиятида нуқсонлар талай. Бу ҳақида Элтузарга жамоа вакиллари хабар берди.
Тиббиёт бирлашмаси раҳбари Хуршид Шукуров ходимларга қўпол муомала қилади, меҳнат шароитлари ва иш ставкалари билан боғлиқ муаммоларнинг адоғи йўқ.
Хусусан, айрим кичик тиббиёт ходимларининг 0,75 ставкаси турли муассасалар ўртасида тақсимланган, иш жойлари орасидаги масофа ва ходимларнинг имкониятлари инобатга олинмайди. Раҳбарият туманда яндекс такси йўлга қўйилган деб ўйлайдими? 0,75 ставка учун ойликнинг ярми йўлкирага кетади-ку. Ҳар хил локацияда иш белгилашдан аввал раҳбарият шу ҳақида ўйладими?
Йўқ. Раҳбар ходимларга «Ажратган ставкам бўйича ишлайсан, хоҳламасанг, катта кўча», деган мазмунда дағдаға қилган.
Ишга қабул қилиш жараёнида эҳтимолий коррупция ҳолатлари эса алоҳида масала. Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, кадрлар бўлими бошлиғи Бобур исмли ходим ишга қабул қилиш буйруғини расмийлаштириш учун «салом-аликни жойига қўйиш», яъни пул бериш кераклигига ишора қилади.
Бундан ташқари, раҳбар томонидан тегишли ҳужжатлар имзоланганига қарамай, айрим ходимларни ишга қабул қилиш буйруқлари чиқарилмаяпти.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, меҳнат инспекцияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бу ҳолатларни холис текшириш, ишга қабул қилиш жараёни, ставкалар тақсимоти ва ходимларга муносабат юзасидан қонуний чоралар кўришни эслатиб ўтиш – бурчимиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг