ҚАШҚАДАРЁДА ЭКИН ЕРЛАР ДОМ ҚУРУВЧИЛАРГА СОТИБ ЮБОРИЛДИ – МАҲАЛЛИЙ СУД КАР ВА КЎР
Қашқадарёнинг Қарши туманида суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари уй-жой қуриш учун ноқонуний сотилгани, маҳаллий суд ва мутасаддилар эса фуқароларнинг шикоятларига етарлича эътибор бермаётгани иддао қилинмоқда.
Қашқадарё вилояти Қарши тумани Чорғумбаз маҳалласига туташ суғориладиган экин ер уй қурувчи фирмага сотиб юборилди.
Аввалроқ ҳам фуқаролар Найим исмли шахс номидаги фермер хўжалиги ерлари ноқонуний сотилаётгани ҳақида Элтузарга шикоят қилган эди. Энди эса улар бу ишлар ортида Бунёд Номозов исмли шахс турганини иддао қилмоқда.
Мурожаатда айтилишича, Бунёд Номозов вилоят кадастр идорасида ишловчи қариндоши Озодбек Номозовнинг кўмагида фермер ерларини сохта ҳужжатлар билан сотиб келмоқда.
Янгибоғ маҳалласи ҳудудида 23 та ер участкаси ноқонуний сотилгани бўйича жиноят иши очилди. Бироқ фуқаролар таъкидлашича, бу иш юзасидан ҳозиргача аниқ натижа кўринмаяпти.
Шунингдек, мурожаатчилар «Gardenvilla» ва «Registon Development» компанияларининг ушбу ер олди-сотдисига алоқадорлигини ҳам текширишни сўрамоқда.
«Нега кўчага битта тандир қуриб, сомса сотган оддий одамга катта жарима солинади-ю, гектарлаб ерлар сотилаётгани ҳақидаги шикоятлар эътиборсиз қолмоқда?» — дея савол қўймоқда мурожаатчилар.
Бош прокуратура, Кадастрлар палатаси ва бошқа масъул идоралардан бу ҳолатни текшириб, жамоатчиликка очиқ жавоб бериши зарур. Суғориладиган экинзор қандай қилиб ҳовли-жой сифатида сотиб юбориляпти?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг