Гул олиб келмасанг, ётоқхонадан чиқиб кетасан! Қарши давлат техника университетининг 1-сонли талабалар турар жойида талабалар зиммасига мана шундай мажбурият юкланди.

Ётоқхона хоналарига гул олиб келиш ҳамда эшик ёнига хона рақамлари ёзилган белгиларни ўрнатиш ҳам талабаларга шарт қилинди.

Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, айрим масъуллар томонидан «Гул олиб келишингиз шарт, акс ҳолда ётоқхонадан чиқиб кетасиз!» деган мазмунда талаб қўйилган.

Талабалар ушбу ҳолат юзасидан факультет деканига мурожаат қилмаслик ҳақида огоҳлантирилган, акс ҳолда «Яхшилик кутманглар!» дея таҳдид қилинганини билдиришмоқда.

Элтузар эса тўғридан-тўғри университет ректоратига мурожаат қилади:

Университет ётоқхонаси талабалар яшаши ва таълим олиши учун қулай шароит яратадиган масканми ёки талабалар ҳисобидан жиҳозланадиган муассасами?

Қарши давлат техника университети раҳбариятидан ҳолат борасида расмий муносабат кутамиз.

Талабалар турар жойида тартиб-интизом бўлиши керак. Аммо тартиб ўрнатиш талабаларни қўрқитиш ёки уларнинг зиммасига асоссиз моддий мажбурият юклаш ҳисобига амалга оширилмаслиги лозим.