Россия президенти Владимир Путин хорижда ҳибсга олинган ёки таъқиб қилинаётган россияликларни “ҳимоя қилиш” учун Россия Қуролли кучларини жалб этишга рухсат берувчи қонунни имзолади. Ҳужжат расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган ва у эълон қилинганидан 10 кун ўтиб кучга киради.

Қонунга кўра, Россия президенти хориждаги Россия фуқароларини ҳимоя қилиш учун армиядан фойдаланиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Бу, аввало, Россия иштирокисиз иш юритган хорижий судлар ёки Россия билан халқаро шартнома, ёхуд БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси асосида ваколат олмаган халқаро органлар қарорлари билан ҳибсга олинган, ушлаб турилган ёки жиноий таъқибга учраган россияликларга тааллуқли.

Бошқача айтганда, агар Москва бирор хорижий суд қарорини Россия манфаатларига ёки Россиянинг “жамоат ҳуқуқий тартиби асослари”га зид деб баҳоласа, Кремл буни фуқароларни ҳимоя қилиш масаласи сифатида кўриб, давлат органлари ва зарур ҳолатда Қуролли кучларни жалб этиши мумкин. Госдума бу ташаббусни 2026 йил 13 майда қабул қилган, Путин эса уни 25 май куни имзолаган.

Қонун матнида бу чоралар асосан хорижий судлар, халқаро суд органлари ва учинчи давлат топшириғи билан юритилаётган ишларга нисбатан қўлланиши мумкинлиги кўрсатилган. Айрим шарҳларда бу норма, хусусан, Россия тан олмайдиган халқаро юрисдикциялар, жумладан Путинга нисбатан 2023 йилда ордер берган Халқаро жиноят суди каби институтлар билан боғлиқ вазиятларга ишора қилиши мумкинлиги қайд этилмоқда.

Бу нимани англатади?

Бу қонун, биринчи навбатда, Россиянинг хориждаги фуқароларини ҳимоя қилиш ҳақидаги оддий дипломатик баёнот эмас. У ҳуқуқий тилда ёзилган бўлса-да, сиёсий маъноси анча кенг: Кремл хорижий судлар ва халқаро органлар қарорларини Россия суверенитетига таҳдид сифатида талқин қилиш имкониятини қонун даражасида мустаҳкамлаяпти.

Аввал бундай ҳолатларда давлатлар одатда консуллик ёрдами, дипломатик нота, адвокат ёллаш, маҳбуслар алмашинуви ёки сиёсий музокаралар орқали ҳаракат қиларди. Янги қонун эса назарий жиҳатдан бундан ҳам кескин воситани, яъни армияни жалб қилиш имконини очади. Бу “ҳар сафар қўшин юборилади” дегани эмас, лекин Россия ҳуқуқий майдонда бундай вариантни ўзи учун очиқ қолдирмоқда.

Қонуннинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда қарор қабул қилиш маркази президентга боғланган. Яъни қайси ҳолат Россия манфаатларига зид, қайси суд қарори ноқонуний, қайси вазиятда фуқарони ҳимоя қилиш учун “зарур чоралар” кўрилади, деган сиёсий баҳони Кремлнинг ўзи беради.

Бу икки йўналишда ишлаши мумкин.

Биринчиси, ташқи сигнал. Россия Ғарб давлатлари ва халқаро судларга: “Агар сиз россияликларга нисбатан Россия иштирокисиз иш юритсангиз, биз буни фақат ҳуқуқий масала эмас, давлат хавфсизлиги масаласи деб кўрамиз”, деган хабар бермоқда.

Иккинчиси, ички аудиторияга қаратилган сигнал. Кремл ўз фуқароларига ва элитасига “давлат сизларни хорижда ҳам ташлаб қўймайди”, деган мессежни бермоқчи. Айниқса санкциялар, халқаро ордерлар, активлар музлатилиши ва сиёсий таъқиблар кучайган шароитда бу пропагандистик аҳамиятга эга.

Лекин хавфли нуқта ҳам шу ерда. “Фуқароларни ҳимоя қилиш” деган ибора халқаро сиёсатда кўпинча ҳарбий босимни оқлаш учун ишлатилган. Россиянинг ўзи ҳам Украинага нисбатан ҳаракатларини йиллар давомида “рус тилида сўзлашувчиларни” ёки “ўз фуқароларини” ҳимоя қилиш риторикаси билан изоҳлаб келган. Шунинг учун бу қонун фақат юридик ўзгариш эмас, балки ташқи сиёсий босим воситаси сифатида ҳам ўқилиши мумкин.