Ўзбекистонда Президент Администрацияси раҳбарининг ҳуқуқий ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилди. Энди унинг фармойишлари норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида тан олинади ва мамлакат ҳудудидаги давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар учун мажбурий ҳисобланади.

Бу норма 2026 йил 14 августда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида»ги Конституциявий қонунда мустаҳкамланди. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 6 августда қабул қилинган, Сенат эса 7 августда маъқуллаган. У расмий эълон қилинган кундан кучга кирди.

Қонун билан «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартиш киритилиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари қаторига «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари» қўшилди. Шунингдек, махсус 12¹-модда киритилиб, ПА раҳбари Конституция, қонунлар ҳамда Президент ҳужжатлари асосида бутун мамлакат бўйлаб ижроси мажбурий бўлган фармойишлар қабул қилиши белгиланди.

Бир қарашда гап давлат аппаратидаги техник ҳуқуқий ўзгариш ҳақида кетаётгандек. Аслида эса бу қарор Ўзбекистонда давлат бошқарувининг ички архитектурасига жиддий таъсир қилиши мумкин.

Чунки масала фақат Президент Администрацияси раҳбарига «фармойиш чиқариш ҳуқуқи» берилганида эмас.

Масала — унинг имзоси билан чиқадиган норматив ҳужжатнинг давлат бошқаруви иерархиясида қаерга қўйилганида.

АМАЛДАГИ КУЧ ЭНДИ ҚОНУН БИЛАН РАСМИЙЛАШТИРИЛДИ

Президент Администрацияси Ўзбекистон сиёсий-бошқарув тизимида аввал ҳам жуда катта таъсирга эга эди. У Президент қарорларини тайёрлаш, вазирликлар ва ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириш, ижрони назорат қилиш ва кадрлар сиёсатига таъсир кўрсатишда марказий ўрин тутарди.

Янги Конституциявий қонун ана шу амалдаги сиёсий ва маъмурий таъсирни анча аниқ ҳуқуқий ваколатга айлантирди.

Қонунга кўра, Администрация давлат органлари раҳбарларига бажарилиши мажбурий кўрсатма ва топшириқлар бериш, уларнинг ижросини текшириш, мансабдор шахслар ишини баҳолаш ва ҳатто лавозимдан озод этишгача бўлган интизомий таъсир чораларини қўллаш масаласини кўтариш ҳуқуқига эга.

Энди бунга яна бир кучли инструмент – норматив фармойиш қўшилди.

Яъни аввал Президент Администрациясининг таъсири кўп жиҳатдан Президентнинг сиёсий ва конституциявий ваколатларини таъминловчи аппарат сифатида намоён бўлган бўлса, энди Президент администрацияси раҳбарининг ўзи ҳам қонуности норматив ҳужжат қабул қилувчи мансабдор шахсга айланмоқда.

Хўш, Вазирлар Маҳкамасининг ўрни нима бўлади?

Ўзбекистон Конституциясининг 114-моддасида очиқ ёзилган: Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади.

Бош вазир Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади. Ҳукумат эса бутун мамлакатда бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар қабул қилади.

Аммо янги тизимда Президент Администрацияси раҳбари ҳам бутун мамлакат бўйлаб мажбурий фармойиш қабул қила олади ва унинг норматив фармойиши ҳуқуқий иерархияда Ҳукумат қарори олдидан жой олади.

Мана шу ерда жуда муҳим институционал савол пайдо бўлади: ижро ҳокимиятининг асосий бошқарув маркази амалда Вазирлар Маҳкамасими ёки Президент Администрациясими?

Ҳуқуқий жиҳатдан Вазирлар Маҳкамаси Конституциядаги ижро ҳокимияти органи бўлиб қолаверади.

Лекин бошқарув амалиёти нуқтаи назаридан Президент Администрациясининг позицияси янада кучаяди. Чунки у Ҳукумат фаолиятини мониторинг қилиши, Президент топшириқлари ижросини мувофиқлаштириши, вазирликлар фаолиятига таъсир ўтказиши ва энди улар учун устувор бўлган норматив фармойиш ҳам қабул қилиши мумкин.

Бу Вазирлар Маҳкамасини стратегик қарорларни мустақил шакллантирадиган марказдан кўра, Президент ва Президент Администрацияси белгилаган сиёсатни амалга оширувчи ижро механизмига янада яқинлаштириши мумкин.

Икки бошқарув маркази пайдо бўладими?

Бу ислоҳотнинг энг катта хавфларидан бири — ваколатларнинг такрорланиши.

Бир томонда Бош вазир ва Вазирлар Маҳкамаси бор.

Иккинчи томонда Президент Администрацияси раҳбари ва унинг катта мувофиқлаштирувчи, назорат қилувчи ҳамда норматив ваколатлари бор.

Агар бу икки институтнинг вазифалари жуда аниқ ажратилмаса, вазир ёки ҳоким учун «Мен биринчи навбатда кимнинг позициясига қараб ишлайман?» деган савол пайдо бўлади.

Қонун юридик жиҳатдан жавобни анча равшанлаштириб берган. Президент Администрацияси раҳбарининг норматив фармойиши Ҳукумат ва қуйи органлар қабул қиладиган ҳужжатлар учун юқори ҳуқуқий ориентирга айланади.

Бу эса давлат бошқарувидаги реал вертикални янада марказлаштириши мумкин.

Бунинг ижобий томони бор

Масалага фақат танқидий қараш ҳам тўлиқ манзарани бермайди. Ўзбекистон бошқарувида йиллар давомида бир муаммо мавжуд эди: Президент Администрацияси катта амалий ваколатга эга, аммо унинг давлат тизимидаги ҳуқуқий мақоми ва чегаралари ҳар доим ҳам қонун даражасида батафсил белгилаб қўйилмаган эди.

Янги Конституциявий қонун бу ноаниқликнинг бир қисмини бартараф этмоқда. Ким фармойиш бера олади, ким назорат қилади, қайси ҳужжат мажбурий, уни ким бекор қилиши мумкин — буларнинг қонун даражасида белгиланиши ҳуқуқий аниқликни ошириши мумкин.

Хусусан, Президент Президент Администрацияси раҳбарининг фармойишлари ва топшириқларини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш ҳуқуқига эга. Демак, Президент Администрацияси раҳбарининг норматив ваколати чексиз эмас.

Унинг фармойишлари Конституция ва қонунларга, шунингдек Президентнинг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларига зид бўлиши мумкин эмас.

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг аъзоларига нисбатан Конституцияда парламент назоратининг муайян механизмлари белгиланган. Масалан, Қонунчилик палатаси вазирнинг ҳисоботини эшитиши, парламент аъзолари сўровлар юбориши мумкин.

Президент Администрацияси тўғрисидаги янги қонунда эса Администрациянинг Олий Мажлис билан ҳамкорлиги кенг белгиланган бўлса-да, ПА раҳбарининг норматив фармойишлари устидан парламент назоратининг худди Ҳукуматга нисбатан мавжуд бўлган даражадаги алоҳида механизми кўзга ташланмайди. Қонунда Администрация биринчи навбатда Президентга бевосита бўйсуниши ва унга ҳисобдорлиги белгиланган.

Шу сабабли келгусида асосий масалалардан бири «ваколатга мос ҳисобдорлик» бўлади.