ПЕТЕРБУРГ ИЗИ: МИГРАНТГА “ЁРДАМ” НОМИДАН КИМЛАР ПУЛ ИШЛАГАН? (2-ҚИСМ)
Манбаларга кўра, Миграция агентлиги раҳбариятидаги Элёр Тоштемировнинг Санкт-Петербургдаги фаолияти мигрантларга пулли “ёрдам”, шубҳали справкалар ва ҳужжат воситачилиги муҳити билан боғланган. Бу маълумотлар очиқ текширувни талаб қилмоқда.
Элёр Тоштемировнинг расмий таржимаи ҳолида миграция соҳасидаги 17 йиллик тажриба тилга олинади. Аммо манбаларимизга кўра, бу тажрибанинг муҳим бир қисми Санкт-Петербургдаги ўзбек мигрантлари атрофида шаклланган воситачилик муҳити билан боғлиқ бўлган.
2010-йилларнинг ўрталарида Петербургда диаспора ташкилотлари, ҳужжат тайёрловчи офислар, турли “справка” ва йўлланмалар, мигрантларга пулли маслаҳат ва воситачилик хизматлари кенг муҳитга айланган эди.
Айнан шу муҳитда ночор аҳволга тушган мигрант кўпинча ҳимояга эмас, янги харажатга дуч келган: справка учун, ҳужжат учун, рўйхатдан ўтиш учун, “масалани ҳал қилиш” учун пул сўралган.
Манбаларимиз Элёр Тоштемировни ҳам ана шу Петербург муҳити билан боғламоқда. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, бугун Миграция агентлиги раҳбариятида турган шахснинг ўтмиши алоҳида очиқ текширувни талаб қилади.
Петербург изи: “Турон” ва “Умид” диаспоралари, Ҳайдаров ва мигрантларга берилган справкалар
2010-йилларнинг ўрталарида Санкт-Петербургда ўзбек диаспораси атрофида турли шов-шувли воқеалар бўлган. 2016 йилда “Комсомольская правда” нашри Алижон Ҳайдаров билан боғлиқ “Туран” ташкилоти ҳақида мақола эълон қилган. Унда мигрантларга турли справка ва йўлланмалар берилиши ҳақида сўз борган. Бундай ҳужжатлар одамларда гўёки ҳуқуқий ҳимоя бордек тасаввур уйғотган, аммо уларнинг ҳақиқий юридик кучи жиддий савол остида бўлган.
Ўша воқеа жуда кўп нарсани кўрсатади. Мигрант оғир аҳволга тушади, ҳужжатларини йўқотади ва ёрдам сўрайди. Лекин тўлақонли ҳуқуқий ёрдам ўрнига унга қандайдир қоғоз таклиф қилинади. У қоғоз гўёки унинг Москвага етиб бориши ёки ватанга қайтишида ёрдам бериши керак бўлган.
Муаммо фақат шу қоғозда эмас. Муаммо ёндашувда. Оғир аҳволда қолган мигрант “ёрдам” объектига айланади. Ана шу “ёрдам” атрофида эса пул, таъсир ва қарамлик пайдо бўлади.
Манбаларимизга кўра, Элёр Тоштемиров ўша Петербург муҳитида бегона одам бўлмаган. У 2013-2016 йиллар оралиғида диаспора етакчиси Алижан Ҳайдаровга яқин юрган ва у билан елкама елка ишлаган шахслардан биридир. Шунингдек у мигрантлар билан ишлашда бундай справка ва йўлланмалардан фойдаланиш ғояси билан боғлиқ шахслардан бири бўлгани айтилмоқда.
Суҳбатдошларимизга кўра, бу справкаларни бериш амалиёти оддий ижрочиларнинг тасодифий ташаббуси бўлмаган. Мигрантларга таъсир ўтказиш ва уларнинг заиф ҳолатидан даромад олиш имконини берган бу амалиёт ғояси, жумладан, Элёр Тоштемиров билан боғлиқ бўлган.
Шунинг учун унинг Петербургдаги фаолияти алоҳида текширилиши керак. Агар одам бундай муҳитда шунчаки юрмаган, балки шубҳали справкалар, консультациялар ва воситачилик хизматлари амалиётида иштирок этган бўлса, унинг бугун Агентлик раҳбариятида бўлиши жиддий савол туғдиради.
Феруза билан бир кабинет
Санкт-Петербургда мигрантлар оқими атрофида ишлаган офислар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Гап, жумладан, Ягона ҳужжатлар маркази жойлашган Красный Текстильщиков ҳудуди атрофидаги муҳит ҳақида кетмоқда.
Манбаларимизга кўра, Элёр Тоштемиров мигрантлар учун ҳужжат масалалари билан шуғулланган Феруза исмли аёл билан бир кабинетда хужжат тайёрловчи ўртакаш, меҳнат мигрантлари тили билан айтганда “документчи посредник” сифатида фаолият юритган. Манбалар Феруза Алижан Ҳайдаровнинг Мўмин исмли ёрдамчиларидан бирининг қизи бўлганини айтишмоқда.
Айнан шу муҳитда мигрантларга ҳужжат тайёрлаш, маслаҳат бериш, рўйхатдан ўтказиш, Россияда қолиш ва ишлаш билан боғлиқ масалалар бўйича хизматлар таклиф қилинган. Манбаларимизга кўра, бу оддий ватандошлик ёрдами эмас, балки пулли хизматлар тизими бўлган.
Айниқса сохта рўйхатдан ўтказиш ва ҳужжатларни воситачилар орқали расмийлаштириш масаласи жуда сезгир. Чунки мигрант кўпинча ночор ҳолатда бўлади. У ҳужжатсиз қолишдан, ишини йўқотишдан, полиция текширувига тушишдан ёки Россиядан чиқариб юборилишдан қўрқади. Шу қўрқув уни пул тўлашга мажбур қилади.
Агар бугун давлат миграция органи раҳбари ўринбосари лавозимида турган шахс аввал ана шундай муҳит ичида бўлган, ҳужжатчилар билан бир кабинетда ўтирган ва ишлаган ва мигрантларга пулли хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ жараёнларда иштирок этган бўлса, бу энди шахсий биография масаласи эмас.
Бу — давлат тизимига бўлган ишонч масаласи.
Таҳририят таъкидлайди: бу маълумотлар расмий текширувни талаб қилади. Аммо Тоштемировнинг бугунги лавозими ва Агентлик атрофидаги умумий ишонч инқирози инобатга олинса, бундай текширув очиқ бўлиши керак.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг