(5-ҚИСМ)  

Педагогик маҳорат марказлари ҳақидаги туркум мақолаларимизнингаввалги қисмларида собиқ Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова даврида тасдиқланган 238-, 297-, 334- ва 37-сонли буйруқларнинг педагогик маҳорат марказларида кадрлар танлаш, лавозимларга қўйиладиган малака талаблари ҳамда илмий салоҳиятни баҳолаш тизимига қандай таъсир кўрсатишини таҳлил қилдик.

Энди асосий саволга жавоб бериш вақти келди: бу ҳужжатлардаги зиддиятлар оддий техник хатоларми ёки улар бутун тизимни издан чиқариши мумкин бўлган бошқарув муаммосими?

Ҳужжатлар таҳлили иккинчи эҳтимолни жиддий кўриб чиқишга мажбур қилади.

БУЙРУҚ БИРИНЧИ ЖУМЛАСИДАНОҚ ХАТО БОШЛАНГАН

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2024 йил 16 октябрдаги 334-сонли буйруғи вазирликнинг марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари, институтлари ва тасарруфидаги ташкилотлар ходимларининг лавозим йўриқномаларини тасдиқлашга қаратилган.

Демак, бу оддий хизмат хати эмас. Минглаб ходимларнинг ваколати, малака талаби ва хизмат фаолиятига таъсир қиладиган расмий ҳужжат.

Бироқ буйруқнинг ҳуқуқий асоси кўрсатилган қисмидаёқ жиддий хато бор.

Унда Президентнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжати 2023 йил 21 декабрдаги 269-сон ҳужжат сифатида келтирилган. Қарорми ёки фармон экани ҳам аниқ кўрсатилмаган.

Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, аслида гап Президентнинг 2022 йил 21 декабрдаги ПФ–269-сон фармони ҳақида кетмоқда.

Бу фақат йил ёки рақамдаги адашиш эмас.

Норматив тусдаги ҳужжат қайси фармон, қарор ёки қонунга асослангани аниқ кўрсатилиши шарт. Ҳуқуқий асоснинг ўзи нотўғри ёзилса, буйруқни ким тайёрлагани, ким ҳуқуқий экспертизадан ўтказгани ва ким имзога киритгани ҳақида табиий саволлар пайдо бўлади.

Президент фармонининг санаси, рақами ва ҳуқуқий турини тўғри кўрсата олмаган идора минглаб педагоглар тақдирини ҳал қиладиган мезонларни қанчалик пухта ишлаб чиққан?

БУНИ “ТЕХНИК ХАТО” ДЕБ ЁПИБ БЎЛМАЙДИ

Албатта, ҳар қандай катта ҳужжатда имло ёки техник хато учраши мумкин. Буни истисно этиб бўлмайди. Аммо бу ерда муаммо биргина нотўғри сана билан чекланмаган. Шу буйруқлар асосида:

педагогик маҳорат марказларига ким раҳбар бўлиши;

кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи ёки методист лавозимига ким қабул қилиниши;

илмий даража ва иш тажрибаси қай даражада ҳисобга олиниши;

танлов комиссияси кимлардан тузилиши;

номзодларга қанча балл қўйилиши;

ходим қанча муддат лавозимда ишлаши белгиланади.

Шундай экан, ҳужжатдаги ҳар бир бўшлиқ муайян шахснинг ишга қабул қилиниши ёки четда қолишига хизмат қилиши мумкин.

Қоғозда кичик кўринган хато амалда катта занжирли оқибатларни келтириб чиқаради. Шу маънода мазкур ҳужжатларни шартли равишда “уран” буйруқлар деб аташ мумкин. Яъни ташқи кўриниши оддий, аммо таъсири бутун тизимга тарқалиши эҳтимоли катта.

238 ВА 334-СОНЛИ БУЙРУҚЛАР ҚАНДАЙ ХАВФ ТУҒДИРАДИ?

Тақдим этилган ҳужжатларда 238-сонли буйруқнинг педагогик маҳорат марказлари ходимлари малака тавсифларини белгилаган 7-иловаси ҳамда 334-сонли буйруқнинг тегишли қисмлари жиддий танқид қилинган.

Асосий муаммо – бир тизим ичидаги ўзаро тенг ёки яқин вазифалар учун мутлақо турлича талаблар белгиланганида.

Масалан, педагогик йўналишдаги олий таълим муассасаларида раҳбар ва профессор-ўқитувчилардан илмий даража, илмий унвон ҳамда муайян тажриба талаб қилиниши мумкин. Бироқ педагогларнинг малакасини ошириши керак бўлган марказларда айрим раҳбарлик ва педагогик лавозимлар учун талаблар анча юмшатилган.

Натижада ўзи илмий даража ёки етарли соҳавий тажрибага эга бўлмаган раҳбар илмий даражали профессор, доцент ва кафедра мудирларининг фаолиятига баҳо бериши мумкин бўлган вазият пайдо бўлади.

Бу мантиқан тескари пирамида.

Педагогларни қайта тайёрлайдиган муассасанинг илмий салоҳияти оддий таълим ташкилотиникидан паст бўлиши мумкин эмас. Аксинча, у ерда ишлайдиган кадрларга нисбатан талаб юқорироқ бўлиши керак.

Малака тавсифларидаги номутаносиблик маҳаллийчилик, таниш-билишчилик ва манфаатлар тўқнашуви учун тайёр бўшлиқ қолдиради. Раҳбарга керакли номзод талабга мослаштирилади, талабга тўлиқ жавоб берадиган, аммо мустақил фикрлайдиган мутахассис эса четда қолиши мумкин.

5 ТА САВОЛ 25 БАЛЛ БЎЛСА, 75 БАЛЛ ҚАЕРДАН ЧИҚДИ?

Туркумнинг аввалги қисмида 297-сонли буйруқ билан тасдиқланган танлов мезонидаги энг тушунарсиз зиддият кўрсатилган эди.

Низомга кўра, номзод бешта саволга жавоб беради. Ҳар бир жавоб учун энг кўпи билан 5 балл қўйилиши мумкин.

Оддий ҳисоб:

5 та савол × 5 балл = 25 балл.

Комиссия аъзолари қанча бўлишидан қатъи назар, улар қўйган балларнинг ўртача арифметик қиймати ҳисобланса ҳам, максимал натижа 25 баллдан ошмайди.

Бироқ жадвалда суҳбатнинг умумий баҳоси 0 дан 75 баллгача деб кўрсатилган.

Қолган 50 балл қаердан пайдо бўлади?

Уни ким, қайси мезон асосида ва нима учун қўяди?

Бу саволларга ҳужжатнинг ўзида тушунарли жавоб йўқ. Ана шу ноаниқлик субъектив қарор, келишув ва суиистеъмол учун катта майдон очиб беради.

Бундай мезон асосида ўтказилган танловни тўлиқ холис ва шаффоф деб аташ қийин.

КОМИССИЯ НОМЗОДДАН КАМРОҚ МАЛАКАЛИ БЎЛСА

Яна бир зиддият танлов комиссиясининг таркибида кўринади.

Ҳужжатларда келтирилган тартибга кўра, комиссияга ташкилот директори, унинг ўринбосари, инсон ресурслари бўлими ва бошқа таълим ташкилотлари раҳбарлари киритилиши мумкин.

Аммо профессор, доцент ёки кафедра мудири лавозимига номзодни баҳолаётган комиссия аъзоларининг ўзи илмий даража ва илмий унвонга эга бўлиши шартлиги аниқ кафолатланмаган.

Шунда парадоксал ҳолат пайдо бўлади: илмий даражаси бўлмаган комиссия аъзоси фан доктори ёки доцентнинг илмий салоҳиятига баҳо беради.

Бундай танловда илмий натижалар, методик тажриба ва касбий обрў эмас, комиссия билан муносабат ҳал қилувчи омилга айланиб қолиши хавфи бор.

ХОДИМ ТАНЛОВДАН ЎТДИ — КЕЙИНЧИ?

297- ва 37-сонли буйруқларда танловдан ўтган педагог ходимнинг қанча муддат ишлаши аниқ чегараланмагани ҳам танқид қилинмоқда.

Бу эса ишга кирган ходим кейинчалик жамоа, кафедра ёки илмий-методик кенгаш олдида қайта ҳисобот бермасдан йиллаб лавозимда қолиши мумкинлигини англатади.

Танлов бир марта ўтказилади, аммо ходимнинг кейинги илмий, педагогик ва методик натижаларини қайта баҳолаш механизми заиф.

Натижада танлов ривожланиш воситаси эмас, лавозимни эгаллаб олиш воситасига айланиши мумкин.

УРАН” БУЙРУҚЛАРНИНГ ЗАНЖИРЛИ ОҚИБАТИ

Малака талаби сунъий равишда пасайтирилса, соҳани яхши билмайдиган раҳбар тайинланиши мумкин.

Бундай раҳбар илмий салоҳиятли, тажрибали ва мустақил фикрлайдиган ходимларни эмас, ўзига қулай одамларни танлашга мойил бўлиши эҳтимоли ортади.

Марказнинг илмий салоҳияти пасаяди.

Малака ошириш курсларининг сифати тушади.

Курсдан ўтган ўқитувчи янги билим ва амалий кўникма ололмайди.

Бу камчилик кейинчалик мактаб ва боғчаларга кўчади.

Охир-оқибат ҳужжатдаги биргина “енгиллик” ёки ноаниқ мезон минглаб педагоглар ва юз минглаб болалар таълимига таъсир кўрсатиши мумкин.

Масаланинг энг хавфли томони ҳам шу: оқибат бир кунда кўринмайди. Илмий салоҳият секин пасаяди, тажрибали кадрлар тизимдан четлашади, ўрнига ўртача ва итоаткор муҳит шаклланади.

Кейин эса бу инқирозни тузатиш учун йиллар керак бўлади.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Аввало, 238- ва 334-сонли буйруқларда педагогик маҳорат марказларига тегишли малака тавсифлари мустақил ишчи гуруҳ томонидан қайта кўриб чиқилиши зарур.

Ишчи гуруҳ таркибига вазирлик амалдорларигина эмас, соҳада кўп йил ишлаган профессорлар, фан докторлари, ҳуқуқшунослар, меҳнат муносабатлари ва коррупцияга қарши экспертиза мутахассислари киритилиши керак.

Педагогик маҳорат марказлари раҳбарлари ва педагог ходимларига қўйиладиган талаблар педагогик олий таълим муассасаларидаги талаблар билан мантиқан уйғунлаштирилиши лозим.

Иккинчидан, 297- ва 37-сонли буйруқлар асосидаги танлов тартиби қайта ишлаб чиқилиши шарт.

Янги тартибда:

танлов комиссияси аъзоларининг малакаси номзод лавозимига муносиб бўлиши;

ҳар бир баллнинг манбаси ва ҳисоблаш формуласи аниқ кўрсатилиши;

суҳбат ва очиқ дарс жараёнлари видеога олиниши;

номзод олган баллар комиссия аъзолари кесимида эълон қилиниши;

манфаатлар тўқнашуви мавжуд аъзо овоз беришдан четлаштирилиши;

танлов натижасидан мустақил тартибда шикоят қилиш имконияти яратилиши;

ходимнинг лавозимда ишлаш муддати ва қайта танлов механизми белгиланиши керак.

Тақдим этилган материал муаллифлари педагогик маҳорат марказларида ҳам олий таълим муассасалари педагогларини танлов асосида қабул қилишда қўлланиб келган ҳисобдорлик ва муддатли танлов тамойилларидан фойдаланишни таклиф қилмоқда.

ВАЗИРЛИКДАН УМУМИЙ РАДДИЯ ЭМАС, АНИҚ ЖАВОБ КЕРАК

Бу масалага «барча буйруқлар қонунчилик асосида қабул қилинган» деган умумий жумла билан жавоб бериш етарли эмас.

Вазирлик қуйидаги саволларга очиқ жавоб бериши керак:

334-сонли буйруқда Президент фармонининг санаси ва рақами нима учун нотўғри кўрсатилган?

Ҳужжатни ким тайёрлаган ва ким ҳуқуқий экспертизадан ўтказган?

Бешта саволнинг максимал баҳоси 25 балл бўлса, 75 баллик суҳбат мезони қандай ҳисобланган?

Ушбу тартиб асосида қанча танлов ўтказилган?

Танловларда илмий даражали номзодлар билан бакалавр ёки магистр дипломли номзодларнинг натижалари қандай бўлган?

Манфаатлар тўқнашуви бўйича қанча комиссия аъзоси танловдан четлаштирилган?

Танлов натижалари устидан қанча шикоят тушган ва уларнинг нечтаси қаноатлантирилган?

Шу саволларга жавоб берилмагунча, тизимда шаффофлик ва адолат таъминлангани ҳақида ишонч билан гапириш қийин.

ХУЛОСА

Таълим тизимидаги катта инқирозлар баъзан катта қарорлардан эмас, ҳеч ким эътибор бермаган кичик иловалар, ноаниқ жумлалар ва ҳисоб-китоби чиқмайдиган жадваллардан бошланади.

Буйруқни имзолаш осон.

Аммо ўша буйруқ сабаб ишсиз қолган олим, четга сурилган тажрибали педагог, сифатсиз малака оширган ўқитувчи ва етарли билим ололмаган боланинг тақдири учун ким жавоб беради?

Таълимдаги адолат энг юқори минбардан эмас, ишга қабул қилиш ҳақидаги битта буйруқнинг иловасидан бошланади.

Илова бузуқ бўлса, бутун тизимнинг тарозиси оғади.