ПАХТАЧИ ТУМАНИ ИИБ ХОДИМЛАРИ ФУҚАРОНИ ҚИЙНОҚҚА СОЛГАНИ ДАЪВО ҚИЛИНМОҚДА
Фуқаронинг даъво қилишича, укаси Пахтачи тумани ИИБ жиноят қидирув бўлимида калтакланиб, электрошокер билан қийноққа солинган. Ҳолат мустақил тасдиқланмаган, Элтузар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни холис текширувга чақирмоқда.
Элтузарга мурожаат қилган фуқаро укаси Хуршид Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ички ишлар бўлимида калтаклангани ва электрошокер билан қийноққа солинганини даъво қилмоқда.
Мурожаат муаллифининг билдиришича, 2026 йил 24 октябрь куни соат 08:00 атрофида Пахтачи тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимлари Хуршидни Навоий шаҳридаги яшаш уйидан олиб кетган.
Муаллифнинг айтишича, ўша куни соат 09:00 дан 23:00 гача ИИБ биносида унинг танасининг турли жойларига қўл ва оёқ билан зарбалар берилган, электрошокер қўлланиб, танасида куйиш излари қолдирилган.
Мурожаатда бу ҳаракатлар Хуршидга ўзи содир этмаган жиноятларни тан олдириш мақсадида қилингани иддао этилган. Муаллиф воқеага жиноят қидирув бўлими бошлиғи ва яна уч нафар ходим алоқадорлигини айтмоқда. Бироқ уларнинг тўлиқ шахсига оид маълумотлар келтирилмаган.
Мурожаатга кўра, Хуршид 26 октябрь куни соат 14:00 атрофида қўйиб юборилган. Яқини унинг ҳозир ҳам соғлиғи яхши эмаслигини билдириб, юқори турувчи идоралардан ҳолатни текшириш ва айбдор деб топилганларга чора кўришни сўраган.
Муаллиф мурожаатига укасининг танасидаги жароҳатларни кўрсатишини айтган бир нечта суратни ҳам илова қилган. Бироқ суратларнинг ўзи жароҳатлар қачон, қандай шароитда ва ким томонидан етказилганини тасдиқламайди.
Мурожаатдаги даъволар ҳозирча мустақил тасдиқланган эмас. Тақдим этилган материаллар орасида тиббий хулоса, Хуршидни олиб кетиш ва ушлаб туришга оид ҳужжатлар ҳамда масъул идораларнинг муносабати мавжуд эмас.
Элтузар Самарқанд вилояти ИИБ ва прокуратура органларини мурожаатда баён этилган ҳолатларга аниқлик киритишга, холис текширув ўтказишга ва натижаларини жамоатчиликка маълум қилишга чақиради.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг