Таниқли журналист Паҳлавон Содиқ ҳокимият ва эркин матбуот ўртасидаги зиддият табиий ҳолат эканини айтди.

“Ҳеч қайси ҳукумат матбуотни яхши кўрмайди”, – деди у яқинда ўзбек медиасига берган интервьюсида.

Би-би-си ва Озодлик радиосида узоқ йиллар ишлаган Паҳлавон Содиқ Vatandosh TV ҳамда Uzdiplomat.uz нашрлари билан суҳбат давомида Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги, журналистларга босим ва таҳдидлар, хорижда фаолият юритувчи ўзбек журналистларига муносабат, Озодликнинг таҳрир сиёсати ҳақида гапиради.

Унинг айтишича, ҳукуматни танқид қилишни Ватанга қарши фаолият билан тенглаштириш тўғри эмас. У журналист учун Ватан тушунчаси ҳукумат ёки муайян сиёсий раҳбар билан чекланмаслигини таъкидлади.

“Журналист Ватанни сотиши мумкин эмас. Чунки унинг Ватандан бошқа ҳеч вақоси йўқ”, – дейди у.

Паҳлавон Содиққа кўра, журналистнинг ҳукумат фаолиятидаги камчиликларни очиб бериши унинг мамлакатга қарши эканини англатмайди.

Интервьюда Озодлик радиосининг Ўзбекистон ҳақида кўпроқ салбий хабарлар тарқатиши ҳақидаги танқидлар ҳам муҳокама қилинди.

Паҳлавон Содиқ журналистиканинг вазифаси мамлакат ёки ҳукумат ҳақида ижобий ахборот манзарасини яратиб бериш эмаслигини айтади. Унинг фикрича, журналист жамоатчилик учун аҳамиятли бўлган, аммо расмий идоралар ёритилишини истамайдиган воқеа ва муаммоларни ҳам кўтариши керак.

Шу нуқтаи назардан у «негатив хабар» тушунчасига ҳам эътироз билдирди. Коррупция, мансабдорларнинг суиистеъмоли, инсон ҳуқуқлари бузилиши ёки бошқа ижтимоий муаммолар ҳақида хабар бериш ҳукумат нуқтаи назаридан салбий кўриниши мумкин, аммо журналист учун асосий мезон хабарнинг “ижобий” ёки “салбий” экани эмас, унинг жамоатчилик учун аҳамиятидир.

Суҳбатда Паҳлавон Содиқнинг Би-би-сидаги фаолияти ва ўша даврда Ўзбекистонда хорижий медиаларга бўлган муносабат ҳақида ҳам сўз боради. У журналист сифатида мансабдорлар билан мулоқот қилиш, ёпиқ ахборот муҳитида маълумот олиш ва танқидий мавзуларни ёритиш тажрибасини эсга олган.

Жумладан, 1998 йилда Жиззахда ўша пайтда вилоят ҳокими бўлган Шавкат Мирзиёев билан учрашувини эсларкан, Паҳлавон Содиқ Каримов диктатураси даврида Мирзиёевнинг ББС мухбири билан учрашгани ва ҳамма саволларга очиқ жавоб берганидан ҳайратланганини яширмаган.

Журналистнинг ўзи буни Мирзиёев Горбачев бошлаган қайта қуриш тўлқинида сиёсатга кириб келгани ва миллий мустақиллик курашининг олдинги сафларида бўлган ижодий интеллигенция – ёзувчи ва шоирларга яқин бўлгани билан изоҳлаган.

“Мирзиёев ҳокимиятга келганида унинг “матбуот эркин бўлиши керак, ҳокимият танқидга очилиши керак” деган мазмундаги баёнотларидан ҳайратга тушмадим”, дейди журналист ва Озодлик радиосининг собиқ бош муҳаррири.

Паҳлавон Содиқ президент Шавкат Мирзиёевни ҳозир ҳам шундай сиёсий ирода кўрсатиш ва журналистлар билан бевосита мулоқот қилишга чақирган.

Аввалроқ журналист Илёс Сафаровга берган интервъюсида Паҳлавон Содиқ Мирзиёев ўзининг икки президентлик муддати давомида матбуотга бирон марта ҳам интервъю бермаган президент сифатида тарихга кириш хавфи борлигидан огоҳлантирганди.

Сўнгги интервъюларида у 2017-2018 йилларда матбуот эркинлиги даражаси ҳозиргидан анча юқори бўлганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматини сиёсий ислоҳотларни давом эттиришга чақирган.

“2018 йилда сиёсий маҳкумларнинг озодликка чиқарилиши, “қора рўйхат”ларнинг тугатилиши ортидан каттароқ сиёсий эркинлашув жараёнлари бошланади, деган кутишлар бор эди. Афсус, бу кутишлар ўзини оқламади”, дейди Паҳлавон Содиқ.

Унинг сўзларига кўра, сиёсий соҳадаги ислоҳотлар ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлардан ортда қолмоқда. Сиёсий ислоҳотларсиз эса ҳар қандай ислоҳотнинг имконияти кескин чекланади.

Паҳлавон Содиқнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда давлат матбуоти пропагандаси учун сарфланаётган маблағлар самарасиз.

“Давлат иқтисодиётдан бўлгани сингари матбуотдан ҳам кетиши, ундаги монополист мавқеидан воз кечиши керак. Бунинг ўрнига ҳамма учун тенг ва аниқ ўйин қоидалари ишлаб чиқилиши, ахборот эркинлиги соҳасида давлатнинг ўзи ишлаб чиққан қонунлар ишлаши керак”, дейди журналист.
Паҳлавон Содиқ журналист ва ҳокимият ўртасида маълум масофа бўлиши профессионал журналистика учун зарурлигини ҳам таъкидлайди

Паҳлавон Содиққа кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг матбуотга муносабати бошқа ҳукуматларнинг матбуотга муносабатидан унча кўп фарқ қилмайди.

“Ҳеч қайси ҳукумат матбуотни яхши кўрмайди. Аммо демократик давлатларда матбуот билан ҳисоблашишга мужбур”, дейди журналист.

У президент Трампни бунинг ўрнаги сифатида келтирган.

“Президент Трампнинг эркин матбуотга душманона муносабати маълум. Аммо шунга қарамай, 24 соат камералар қаршисида. Чунки бу унинг президент сифатидаги вазифасининг бир қисми”.

Паҳлавон Содиқнинг таъкидлашича, журналистнинг вазифаси ҳукуматга ёқиш ёки унга қарши чиқиш эмас. Ҳокимият устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш учун журналист баъзан мансабдорларга ноқулай саволларни беришга ва улар очиқланишини истамайдиган масалаларни кўтаришга мажбур бўлади.

Суҳбатда журналистларга босим ва таҳдидлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Содиқ ўз тажрибаси орқали танқидий журналистика билан шуғулланган журналист турли кўринишдаги босимларга дуч келиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

Бунда босим фақат журналистни очиқдан-очиқ таъқиб қилиш ёки ишлашини тақиқлаш билан чекланмайди. Ахборот манбаларини ёпиш, журналист билан мулоқотдан қочиш, уни обрўсизлантириш ёки унинг профессионал фаолиятини сиёсий мақсадлар билан изоҳлаш ҳам эркин журналистикага таъсир кўрсатиши мумкинлиги суҳбатдаги муҳокамалардан англашилади.

Паҳлавон Содиқнинг фикрича, «Озодлик» каби хорижда жойлашган медиаларга эҳтиёж, аввало, мамлакат ичида очиқ муҳокама қилиш қийин бўлган мавзулар мавжудлиги билан боғлиқ. Маҳаллий матбуот бундай мавзуларни эркин ёрита бошлаган сари хорижий медиаларнинг ахборот монополияси ҳам камаяди.

Айни пайтда ҳукуматни танқид қилган журналистни “душман”, ҳукумат фаолиятидаги ижобий ўзгаришларни ёритган журналистни эса “тарғиботчи” деб автоматик баҳолаш профессионал журналистика табиатига мос эмас.

Паҳлавон Содиқнинг урғулашича, Ватан, давлат ва ҳукумат бир хил тушунчалар эмас, журналист эса ҳукуматдан мустақил туриб жамият манфаатини кўзлаши керак.

Унинг фикрича, ҳокимият билан матбуот ўртасидаги танқидий муносабатнинг ўзи носоғлом ҳолат эмас. Аксинча, мустақил журналистиканинг вазифаси ҳокимиятга қулай ахборотни етказишдан кўра, жамоатчилик ва халқ номидан ноқулай саволларни бера олиш ва мансабдорларни ҳисобдорликка чақиришдан иборат.

“Каримов даврида хорижий медиага ишлаган журналистлар, ҳеч қурса, ҳокимиятга ана шу саволларни бера олган”, дейди журналист. Унинг хулоса қилишича, Озодлик ва ББС каби медиаларнинг тарихдаги хизмати ҳам шунда.

“Албатта, уларнинг жавоби йўқ эди”, дея қайд этади журналист.

Паҳлавон Содиққа кўра, ҳозир бу саволларга жавоб топиш имкони бор ва президент Мирзиёев ҳукумати эркин матбуот, жумладан, хориж матбуоти билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишдан қўрқмаслиги керак.

“Бу алал-оқибат ҳукуматнинг манфаатида. У ўз овозининг кўпроқ эшитилишини хоҳласа, матбуотга очиқ бўлиши керак”, дейди журналист.

Паҳлавон Содиқнинг таъкидлашича, Ўзбекистон учун бундай мулоқот ва хусусан, Ғарб медиасига очиқлик шимолдан – Россиядан келаётган тажовузкор пропагандани мувозанат қилиш, унга қарши туриш учун ҳам зарур.

Журналистнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати расмийлари Озодлик билан мулоқотда рус пропагандаси таҳдидини тан олишган ва Ғарб медиаси билан бу борада ҳамкорликка тайёр эканликларини изҳор қилганлар. Аммо амалда ҳеч қандай қадам қўйилмаган.

Паҳлавон Содиқнинг ўзи буни Россиянинг ўзбек ахборот маконида доминантлиги билан тушунтирган.

Журналистнинг сўзларига кўра, бу маънода эркин матбуотга очиқлик Ўзбекистоннинг геосиёсий манфаатларига ҳам тўғри келади.