Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда минглаб фуқароларга солиқ органларидан огоҳлантириш хатлари юборилди. Уларда шахсий банк карталарига келиб тушган пул айланмалари таҳлил қилинаётгани ва айрим ҳолатларда бу йирик тушумлар тижорий фаолият сифатида баҳоланиши мумкинлиги таъкидланади.

Хўш, энди Ўзбекистонда шахсий карта даҳлсиз эмасми? Аслида, давлатнинг бу қадами тасодифий бўлмади. Сўнгги йилларда мамлакатда онлайн савдо мислсиз даражада ўсди. Instagram-дўконлар, Telegram орқали буюртмалар, уй шароитида хизмат кўрсатувчилар — катта қисми расмий бизнес сифатида расмийлаштирилмаган, шахсий Uzcard ва Humo карталари орқали ишлашади.

Схема оддий: харидор картага пул ташлайди, сотувчи эса бу тушумни солиқ ҳисоботида кўрсатмайди. Шундай қилиб, иқтисодиётда реал айланма пайдо бўлди, лекин давлат бу пулдан солиқ олмади.

Ҳозир давлат шу “кўринмас иқтисодиёт”ни шаффоф қилишга уринмоқда. Солиқ қўмитаси агар картага мунтазам равишда турли инсонлардан пул тушса ва изоҳларда “товар”, “заказ”, “оплата” каби сўзлар учраса, бу тижорий фаолият аломати сифатида баҳоланиши мумкинлигини очиқ баён қилди.

Лекин асосий баҳс бошқа жойда. Муаммо назоратнинг ўзида эмас. Муаммо – назорат қоидаларнинг ноаниқлигида.
Қанча айланма хавфли ҳисобланади? Нечта транзакциядан кейин маблағ “бизнес даромад” сифатида баҳоланади? Оила аъзолари ўртасидаги ўтказма билан онлайн савдо қандай ажратилади?

Ҳозирча бу саволларнинг очиқ ва тушунарли жавоби йўқ. Шунинг учун ҳам жамиятда хавотир пайдо бўлмоқда. Одамлар картадан фақат бизнес учун эмас, кундалик ҳаёт учун ҳам фойдаланади: қарз бериш, йиғим қилиш, ота-онага ёрдам юбориш, дўстлар билан ҳисоб-китоб қилиш — буларнинг барчаси P2P ўтказмалар орқали амалга ошади.

Агар давлат бизнес биланю шахсий операция ўртасидаги чегарани аниқ белгилаб бермаса, ҳар қандай фаол карта потенциал шубҳали ҳисоб рақамга айланиши мумкин.

Электрон иқтисодиёт ишонч устида қурилади. Агар одамлар “карта орқали ишласам, эртага муаммо бўлиши мумкин” деган фикрга келса, улар яна нақд пулга қайтишни бошлайди.

Давлат эса айнан шунинг олдини олишни истайди. Демак, ҳозирги жараённинг энг муҳим қисми текширув эмас, мулоқот бўлади. Давлат жамиятга аниқ тушунтириши керак: қайси ҳолат бизнес, қайси ҳолат шахсий операция. Қайси мезонлар асосида таҳлил қилинади. Фуқаронинг ҳуқуқи қандай ҳимоя қилинади.

Акс ҳолда P2P назорати яширин иқтисодиётни қисқартириш ўрнига, рақамли иқтисодиётнинг ўзига ишончни пасайтириши тайин. Зотан, рақамли иқтисодиётда энг муҳим нарса технология эмас, ишонч.