РИШТОНЛИК ТАДБИРКОРЛАРНИ ҲОКИМ ХОНАВАЙРОН ҚИЛДИМИ?
Риштонда тадбиркорлик муҳити ёмонлашгани, кулолчилик цехлари қисқариб, ўрик боғлари кесилаётгани ва инвесторлар ишончи сусаяётгани айтилмоқда. Ҳолатга расмий муносабат ва шаффоф текширув талаб этилмоқда.
Риштонлик тадбиркор ва деҳқонлар тушкунликда. Улар ҳоким Баҳодир Холиқов фаолияти натижасида тадбиркорлик муҳити ёмонлашгани, кулолчилик соҳаси инқирозга юз тутгани, ўрик боғлари қисқариб бораётгани ҳамда инвесторлар ишончини йўқотаётганини таъкидлашмоқда.
2023 йилда кичик саноат зонасида қарийб 300 та кулолчилик цехи фаолият юритган бўлса, ҳозир уларнинг сони 100 тага ҳам етмайди. Аввал кулолчилик орқали тирикчилик қилганлар сони 80 минг нафар атрофида бўлган, ҳозир эса бу кўрсаткич 20 минг нафарга ҳам етмайди. Агар бу рақамлар ҳақиқатга тўғри келса, минглаб инсонлар иш ўрни ва даромад манбаидан маҳрум бўлган демак.
Риштоннинг бренди ҳисобланган ўрик боғлари қисқариб бораётгани эса алоҳида оғриқли масала. Янгилаш ишлари баҳонасида қарийб 1000 гектар боғлар кесилди. Юзлаб оилаларнинг даромад манбаи йўқ бўлди. Дарахтларни кесиш бўйича амалга оширилаётган ишлар мавжуд чекловлар ва қонунчилик талабларига мосми ўзи?
Танқидларда хорижий инвесторлар билан ишлаш масаласи ҳам тилга олинган. Иддаоларга кўра, ҳоким хорижлик тадбиркорлар билан кўплаб учрашувлар ўтказган, хорижий сафарлар амалга оширган, бироқ амалий натижалар кўринмаяпти. Делегация бирор меморандум имзолаб, расм тушиб қайтган бўлишлари мумкин.
Масалага холис баҳо бериш учун Риштон тумани ҳокимлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда масъул давлат идораларининг расмий муносабати ва шаффоф текширув зарур.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг