ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР ЭНГ КЎП ҚАЕРГА САФАР ҚИЛМОҚДА?
2026 йил бошида 2,2 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик чет элга туристик мақсадда чиққан. Сафарлар асосан Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон каби қўшни ва нисбатан арзон йўналишларга тўғри келмоқда, бу эса аҳоли молиявий имкониятини ҳам акс эттиради.
Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, 2026 йилнинг январь–апрель ойларида 2 миллион 200 минг 530 нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда чет элга чиққан. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 83,7 минг нафарга кўп.
Энг кўп ташриф буюрилган давлатлар рўйхати қуйидагича: Қирғиз Республикаси — 899 004 нафар,Тожикистон — 388 452 нафар, Қозоғистон — 354 859 нафар, Саудия Арабистони — 138 113 нафар, Россия — 115 094 нафар, Туркия — 70 340 нафар, БАА — 31 073 нафар, Хитой — 23 557 нафар, Таиланд — 16 291 нафар, Миср — 15 823 нафар ташкил этмоқда.
Бу рақамлар ўзбекистонликларнинг саёҳат географиясида асосан қўшни, арзон ёки иқтисодий жиҳатдан манфаатли йўналишлар устун эканини кўрсатмоқда.
Рўйхатнинг биринчи уч поғонасини Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон эгаллагани бежиз эмас. Бу давлатларга сафар қилиш нисбатан арзон, виза талаб этилмайди, транспорт харажатлари кам ва қариндошлик алоқалари билан боғлиқ.
Кўплаб фуқаролар бу давлатларга дам олишдан кўра, савдо, меҳнат, оилавий ташриф ёки кунлик иқтисодий эҳтиёжлар учун бормоқда. Айниқса чегара ҳудудларида яшовчи аҳоли учун қўшни давлатларга қатнов ҳаёт тарзининг бир қисмига айланган.
Эътибор берилса, рақамлар аҳолининг молиявий имкониятини ҳам кўрсатмоқда. Таҳлилчилар фикрича, статистикада асосан яқин ва нисбатан арзон давлатларнинг юқори ўринда тургани аҳолининг катта қисми ҳали ҳам узоқ ва қиммат туристик йўналишларга оммавий равишда чиқиш имкониятига эга эмаслигини англатади.
Европа, АҚШ ёки Шарқий Осиё давлатлари рўйхатда деярли кўринмайди. Бу эса аҳолининг асосий қисми саёҳат танловида нарх, транспорт харажати ва кундалик иқтисодий ҳисоб-китобни биринчи ўринга қўяётганини кўрсатади.
138 мингдан ортиқ фуқаронинг Саудия Арабистонига боргани эса диний туризм юқори даражада сақланаётганини англатади. Умра сафари сўнгги йилларда ўзбекистонликлар учун энг оммалашган халқаро йўналишлардан бирига айланди.
Туркия, БАА ва Хитойга сафар қилувчиларнинг катта қисми туризм билан бир қаторда савдо ва бизнес мақсадларида ҳам бормоқда. Айниқса, кичик тадбиркорлар ва онлайн савдо билан шуғулланувчилар учун бу давлатлар муҳим бозор ҳисобланади.
Албатта, чет элга чиқувчилар сони ортиши аҳоли ҳаракатчанлиги ва ташқи дунё билан алоқалар кучайиб бораётганини кўрсатади. Бироқ рақамлар таҳлили шуни англатадики, ўзбекистонликларнинг асосий қисми ҳали ҳам иқтисодий жиҳатдан тежамкор сафарларни танламоқда.
Аммо ишонч билан айтиш мумкин, аҳоли даромадлари ошиши, миллий валютанинг барқарорлиги ва авиақатновлар арзонлашиши келгусида ўзбекистонликларнинг саёҳат географиясини янада кенгайтириши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг