Ўзбекистонда жарималар тизими жиддий қайта кўриб чиқилади. Президент Шавкат Мирзиёев бугун 18 август куни тадбиркорлар билан мулоқотда бир гапни очиқ айтди: “Жарима маблағ йиғиш учун эмас, соҳада тартиб-интизом ва профилактика учун хизмат қилиши керак”.

Шундан сўнг барча турдаги жарималар миқдорини ўртача икки баравар камайтириш эълон қилинди.

Хўш, Ўзбекистонда ўзи нечта жарима бор ва одамлар аслида қайси жарималардан энг кўп норози? Элтузар жарима турлари ва кўламини очиқ манбаларга таяниб санаб чиқишга уринди.

Расмий рақамларга қарасак, ҳозирда 51 та вазирлик ва идора тадбиркорларга 322 та йўналиш бўйича молиявий жарима қўллаш ваколатига эга. Фақат 2024–2026 йилларда бизнесга қарийб 3 триллион сўмлик жарима қўлланган.

Лекин бу “Ўзбекистонда 322 хил жарима бор” дегани эмас. 322 – тадбиркорларга молиявий санкция қўллаш мумкин бўлган йўналишлар сони. Аслида жарималар сони бундан анча кўп.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жарима маъмурий жазонинг саккиз туридан фақат биттаси ҳисобланади. Лекин юзлаб турли қоидабузарликлар учун айнан жарима қўлланади. Йўл ҳаракати қоидаларини бузишдан тортиб санитария, экология, савдо, ер, қурилиш, солиқ, божхона, жамоат тартиби ва бошқа кўплаб соҳалар шулар жумласидан.

Жиноят кодексида ҳам жарима алоҳида жазо сифатида бор. Солиқ қонунчилигида эса тадбиркорларга нисбатан махсус молиявий санкциялар мавжуд.

Шунинг учун Президентнинг “барча турдаги жарималар ўртача икки баравар камайтирилади” деган гапини ҳозирдан “радар жаримаси ҳам, жиноий жарима ҳам, барча маъмурий жарималар ҳам эртадан 50 фоизга тушди” деб тушуниш нотўғри.

Чунки бу баёнот тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда, айнан 51 та назорат органи ва бизнесга солинаётган молиявий санкциялар муҳокамаси пайтида айтилди. Қайси жарима қанчага камайиши эса тегишли қонун ва қарорлар чиққандан кейин аниқ билиб оламиз.

Бу ерда “ўртача икки баравар” деган ибора ҳам жуда муҳим. Демак, ҳар бир жарима айнан 50 фоизга тушади, деган кафолат йўқ. Айрим санкциялар икки баравар, айримлари бошқача миқдорда қисқариши мумкин.

Аммо асосий муаммо, эҳтимол, жариманинг катталигида ҳам эмас.

Президент айрим назорат идораларида жаримадан тушган пулнинг бир қисми ўша идоранинг ўзида қолишини танқид қилди. Бу эса жуда нозик масала.

Энди Тасаввур қилиб кўринг: бир идоранинг даромади қанча кўп жарима ёзилишига боғлиқ бўлса, у идоранинг асосий манфаати қоидабузарликни камайтириш бўладими ёки кўпроқ қоидабузарлик топишми?

Президент бу ҳолатни “текширса – қўрқади, қўрқса – тўлайди” деган ёндашув билан таърифлади.

Айнан шу нуқта бугунги жарима тизимининг энг катта муаммосини очиб беради. Жарима профилактика воситасидан даромад воситасига айланиб қолса, давлат билан фуқаро ёки тадбиркор ўртасидаги муносабат ҳам ўзгаради. Назорат қилишнинг мақсади хатони тузатиш эмас, пул ундиришга айланиб қолган.

Оддий фуқаролар орасида энг кўп баҳс туғдирадиган жарималардан бири – радар ва камералар орқали ёзиладиган йўл ҳаракати жарималари. Бу соҳада фото ва видео далиллар, радарнинг қонуний ўрнатилгани, қарорнинг ўз вақтида етказилиши ва нотўғри жаримани бекор қилдириш масалалари доим муҳокама қилинади.

Бундан ҳам қизиғи, хусусий тадбиркор ўрнатган айрим камералар орқали ундирилган жариманинг бир қисми ўша тадбиркорга берилади. Дастлабки икки йилда бу улуш 50 фоизгача етиши мумкин.

Тадбиркорлар учун эса энг оғриқли йўналишлардан бири солиқ ва турли назорат органларининг молиявий санкцияларидир. Бир корхона бир вақтнинг ўзида солиқ, санитария, қурилиш, божхона, карантин, ветеринария ва бошқа идораларнинг талабларига риоя қилиши керак. Баъзан техник ёки биринчи марта содир этилган хато ҳам катта молиявий санкцияга айланиши мумкин.

Шунинг учун эълон қилинган энг муҳим янгилик, эҳтимол, жарималарни икки баравар камайтириш ҳам эмас.

Келаси йилдан “Биринчи хато учун огоҳлантириш” тамойили жорий қилиниши айтилди. Агар тадбиркор биринчи марта қоида бузса ва бу одамларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига зарар етказмаган бўлса, унга камчиликни бартараф қилиш учун 10 кун берилади.

Яъни “хато қилдинг – тўла” деган принцип ўрнига “хато қилдинг – аввал тузат” деган ёндашув пайдо бўлиши мумкин.

Яна бир катта ўзгариш – 2027 йилдан “тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси” жорий қилиниши режалаштирилгани. Тадбиркорнинг айби исботланмагунча унга жарима ёки бошқа таъсир чораси қўлланмаслиги айтилмоқда.

Кутамиз ва кўрамиз.