ЎЗБЕКИСТОНДА ОДАМЛАР ҲАМОН ҚАРЗГА УЙ ОЛМОҚДА
Ўзбекистон аҳолисининг банкларга умумий қарзи 230,8 трлн сўмга етди, шундан 83,9 трлн сўм ипотека ҳиссасига тўғри келади. Мақолада ипотеканинг афзал ва салбий томонлари, уй-жой нархлари ва аҳоли молиявий юки таҳлил қилинади.
Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг банклардан умумий қарздорлиги 230,8 трлн сўмга етди. Қарзларнинг энг катта қисми — 83,9 трлн сўм — ипотека кредитлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса юртимизда уй-жой масаласи ҳануз энг долзарб эҳтиёжлардан бири бўлиб қолаётганини кўрсатади.
Мутахассислар фикрича, аҳолининг ипотекага қизиқиши мамлакатда аҳоли сонининг ўсиши, янги оилалар ташкил топиши ва шаҳарларда уй-жойга бўлган талабнинг юқорилиги билан изоҳланади. Кўпчилик учун уйни тўлиқ нақд маблағ ҳисобидан харид қилиш имконияти чеклангани сабабли ипотека ягона ечим бўлиб қолмоқда.
Ипотека орқали фуқаролар йиллаб маблағ йиғмасдан, бугуннинг ўзида ўз хонадонларига эга бўлишлари мумкин. Масалан, ёш оила квартира учун бир неча йил ижарада яшаб маблағ тўплаш ўрнига ипотека расмийлаштириб, ўз уйида яшашни бошлайди.
Ипотека кредитларига бўлган талаб қурилиш бозорини фаоллаштиради. Янги турар-жой мажмуалари барпо этилади, янги иш ўринлари яратилади ва иқтисодиётнинг бир қатор тармоқлари ривожланади.
Айрим ҳолларда ипотека учун ойлик тўлов ижара ҳақига яқин бўлиши мумкин. Бунда фуқаро бошқанинг уйи учун эмас, ўз мулки учун тўлов амалга оширади.
Ипотека одатда 15–20 йилга ёки ундан ҳам кўпроқ муддатга берилади. Бу вақт давомида қарз олувчининг даромади ўзгариши, иш жойини йўқотиши ёки бошқа молиявий қийинчиликларга дуч келиши мумкин.
Фоизлар сабабли қарз олувчи уйнинг асл қийматидан анча кўпроқ маблағ тўлаши мумкин. Масалан, 400 миллион сўмлик квартира учун узоқ йиллар давомида жами тўлов 700–800 миллион сўмга етиши эҳтимолдан холи эмас.
Кредитнинг катта қисми ойлик даромадга сарфланса, таълим, соғлиқни сақлаш ёки бошқа эҳтиёжлар учун маблағ камайиб қолиши мумкин.
Ипотека қарзларининг юқори улуши икки хил маънони англатади. Бир томондан, бу аҳолининг ўз уйига эга бўлиш истаги кучли эканини кўрсатади. Иккинчи томондан эса, уй-жой нархларининг кўтарилиши ва аҳолининг катта қисми учун уйни нақд пулга сотиб олиш қийинлашаётганидан дарак беради. Шу боис ипотека бозорини ривожлантириш билан бир қаторда, арзон уй-жойлар қуриш, аҳоли даромадларини ошириш ва кредит шартларини янада қулайлаштириш муҳим.
Натижада, ипотека кўплаб оилалар учун орзу қилинган хонадонга эришиш имконини берса-да, уни расмийлаштиришдан олдин ҳар бир фуқаро ўз молиявий имкониятларини пухта баҳолаб чиқиши зарур. Йўқса бу унинг келажакдаги ҳаловатига Тақсир қилиб, оилавий ҳотиржамлигига путур етказиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг